• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7°C
Detail image

Теҳрондаги Озодий ёдгорлиги олдида ишқий рақсга тушган жуфтлик видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг, иккаласи ҳам ҳибсга олинган эди.

Фото: Arab News

Эрон суди Теҳроннинг энг диққатга сазовор жойларидан бири олдида рақсга тушган ёш эр-хотинни 10 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд уларнинг қилмишини давлатга бўйсунмаслик рамзи сифатида баҳолаган.

20 ёшлардаги Астиёж Ҳақиқий ва унинг эри Амир Муҳаммад Аҳмадий ноябр ойи бошида Теҳрондаги Озодий ёдгорлиги олдида ишқий рақсга тушгани акс этган видео интернетда пайдо бўлгач, ҳибсга олинган эди.

Аёл Эрондаги қатъий қоидаларга зид равишда рўмол ўрамаган. Бундан ташқари, Эронда эркаклар ҳам, аёллар ҳам жамоат жойларида рақсга тушиши мумкин эмас.

Теҳрондаги Инқилобий суд уларнинг ҳар бирини 10 йилу 6 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилди ҳамда интернетдан фойдаланиш ва Эронни тарк этишни тақиқлади, деб хабар берди Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ахборот агентлиги (HRANA).

Эрон давлат ахборот манбаларида бу ҳолат ёритилмади. Шунингдек, қамоқ жазосининг ҳақиқий ёки шартли эканини текшириш ҳам иложсиз.

HRANA агентлигининг маълум қилишича, Instagram блогерлари сифатида ўз мухлисларига эга бўлган эр-хотин «коррупция ва оммавий фоҳишаликни рағбатлантириш» ҳамда «миллий хавфсизликка путур етказиш мақсадида тўпланиш»да айбланган. Суд жараёнида улар адвокатдан маҳрум қилингани, уларни гаров эвазига озод қилиш учун барча уринишлар рад этилгани айтилмоқда.

Астиёж Ҳақиқий ҳозир Теҳрон яқинидаги Карчак аёллар қамоқхонасида бўлиб, ундаги шароитлар ҳуқуқ фаоллари томонидан мунтазам қораланади.

2022 йил сентябр ойида рўмол ўраш қоидаларини бузганликда айбланиб, ҳибсга олинган Маҳса Аминий ўлимидан сўнг Эронда оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетди. Шундан сўнг, Эрон ҳукумати норозиликнинг барча кўринишларини бостиришга киришди. Ёш эр-хотиннинг қаттиқ жазоланишини эҳтимол шу билан изоҳлаш мумкин.

Теҳроннинг асосий тимсолларидан бири, улкан ва футуристик Озодий ёдгорлиги Эронда жуда қадрланади. У охирги шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳукмронлиги даврида, 1970 йилларнинг бошида очилган, ўшанда у Шоҳиёд минораси (шоҳ хотираси учун) номи билан машҳур бўлган.

1979 йилда Ислом Республикаси ташкил этилиши билан шоҳ ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, унинг номи Озодий деб ўзгартирилган эди.

Ўхшаш янгиликлар