• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Серияли материаллар ва суриштирувлар орқали танқид нишонига айланган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги уларда кўтарилган муаммолар ва коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш қолиб, таҳририят билан тортишишни лозим кўрди.

Фото: Пак Гил Сок / Google Maps

Ўтган ойларда, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар борасида Kun.uz'да бир нечта суриштирув эълон қилинган эди.

Суриштирувларда Кореяга ишга кетишдаги “ўйинлар”, тил имтиҳонлари жараёнида юз бераётган шубҳали ҳаракатлар, “ўринга кириш” ҳолатлари, кенг оммага эълон қилинмасдан ўтказилган имтиҳонлар, давлатлараро шартномаларда кўзда тутилмаган тўловлар ҳақида гапирилди, саволлар кўтарилди, Миграция агентлиги фаолиятидан норози бўлганларга микрофон тутилди.

Ҳаттоки, Кореяга миграцияга юбориш масаласини ҳал қилувчи ўртакаш билан телефон орқали мулоқот ташкил этилди: у “100 фоизлик натижа” усуллари ва унинг баҳоси ҳақида очиқ айтиб берди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса тизимдаги яққол кўриниб турган бу муаммоларни ҳал қилишга интилиш ўрнига, Kun.uz сайти устидан Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига шикоят киритди.

Агентлик ўз шикоятида сайтни “аниқ далилларга эга бўлмаган” материалларни эълон қилишда айблаган.

“Нашрда эълон қилинган ҳар бир материал бўйича агентлик ахборот хизмати томонидан асослантирилган баёнотлар берилгани, материаллар муаллифи ва агентлик раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилгани, Корея Республикасига ишга кетиш учун бўлиб ўтаётган тест жараёнлари билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилганига қарамасдан, агентлик ва агентлик ходимларини обрўсизлантириш мақсадида фақат тахмин ва миш-мишларга асосланган материалларнинг эълон қилиниши давом эттирилмоқда”, – дейилади бир нусхаси агентлик томонидан таҳририятга тақдим этилган арзномада.

Таъкидлаш керак, Kun.uz'да эълон қилинган, Жанубий Кореяга ишга кетишдаги муаммолар ва “ўйинлар” борасидаги серияли материалларнинг бирортаси миш-миш ёки тахминга асосланмаган.

Масалан, 2023 йил 24 март куни эълон қилинган материалда Жанубий Кореяда меҳнат қилиш имкониятини берувчи имтиҳон кунлари кеч эълон қилаётгани, 2022 йилда 4 та имтиҳон ўтказилган бўлиб, уларнинг иккитаси оммага эълон қилинмай ўтказиб юборилгани ҳақида гап боради. Мақолаларда айтилган фикрларга тегишли тартибда асослар келтирилган. Агентлик ҳолатни изоҳлай олмади.

2023 йил 10 май куни эълон қилинган материалда эса Сурхондарё вилоятидан пойтахтга келган, Миграция агентлиги фаолиятидан норози бўлган мурожаатчиларнинг фикрлари интервью шаклида келтирилган.

2023 йил 15 май куни эълон қилинган материалда эса “мижоз” сифатида Кореяга миграцияга юбориш масаласини ҳал қилувчи “учар” билан телефон орқали мулоқот ташкил этилган. Бу ерда ҳам ҳеч қандай миш-миш ёки тахмин йўқ: агар истаса, агентлик ва тегишли идоралар бу ўртакашларни топиши ва ишни ўрганиб кўриши мумкин эди. Аммо на ҳуқуқтартибот идоралари, на агентлик ҳолатга қизиқди.

“Журналист тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлигини инобатга олиб, агар Kun.uz томонидан эълон қилинган материаллар кенг қонунчилик доирасида ўрганиладиган бўлса, бошқа қонунбузарлик ҳолатлари ҳам аниқланиши мумкин”, дея таъкидланади шикоят хатида. Бироқ агентлик масъуллари ўз соҳалари доирасида журналист томонидан кўз олдиларига тайёр қилиб қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларини, ҳаттоки яққол жиноятга ишора қилувчи ҳолатларни негадир “кўришни исташмаяпти”.

Шунингдек, шикоят хатида агентликнинг бу жараёнларда ҳақиқатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқ бўлса, далилларни агентликка ёки бошқа ваколатли ташкилотларга тақдим этиш таклифини Kun.uz журналисти ҳозирча жавобсиз қолдираётгани айтилади. Аммо таҳририятга ҳам, Kun.uz журналистига ҳам агентлик томонидан бундай таклиф келиб тушмаган.

Аслида, коррупциялашган бу тизим тўлиқ ислоҳотга муҳтож эканини куни кеча бевосита давлат раҳбари ҳам айтди. Агентлик фаолиятига бундан ортиқ баҳо йўқ, аслида.

Қолаверса, шу вақтгача агентликда жуда ҳам кўп раҳбар алмашди, раҳбарлик қилганларнинг бир нечтаси жавобгарликка ҳам тортилди.

Жумладан, 2017 йил март ва апрел ойларида Жанубий Кореяда ишлашни истовчиларни рўйхатга олиш бўйича ўтказилган тест синовларида кузатилган можаро ортидан агентликнинг ўша пайтдаги раҳбари Улуғбек Назаров ўз лавозимини тарк этганди. 2018 йилнинг баҳорида унинг ўрнига Ҳожибахлил Асамов тайинланганди. Кейинчалик Асомов лавозимини Равшан Ибрагимовга бўшатиб берди. Бироқ у қамалгач, 2019 йил охирида агентликка Бахтиёр Турсунов келганди. У 2020 йил ёзида лавозимини тарк этди ва унинг ўрнини Муҳаммадзокир Маматхонов эгаллади. Муҳаммадзокир Маматхонов 2021 йил февралида Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳокими сифатида иш бошлагач, агентлик раҳбарлигига Хайрулла Умаров тайинланганди.

2010 йилдан 2013 йилгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган, 2022 йилнинг мартидан яна ушбу лавозимга қайтган Афзал Эрматов ҳам олдинроқ қамоққа олингани маълум бўлганди. У Жиноят кодексининг 205-моддасида (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланган.

Бу каби ҳолатлардан сўнг агентлик фаолиятини яхшилашдан умид қилиб қўйилган янги раҳбар Жаҳонгир Худойхўжаев ҳам ҳар қанча коррупциялашган бўлмасин, тизимни оқлашга ҳаракат бошлаган кўринади. Йўқса, бу шикоят хатини имзоламаган бўларди.

Ўхшаш янгиликлар