• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +13.9°C
Detail image

Аввалроқ ҳолат юзасидан Kun.uz суриштирув ўтказиб, мактаб ва боғча қурилиши учун мўлжалланган ерга турар жой қурилаётгани ҳақида хабар берган эди. Қурилиш қилаётган фирма вазир ўринбосарининг укаларига қарашли.

Фото: Kun.uz

Олий суд кассация ҳайъати Зангиота туман Назарбек ҳудудида ноқонуний барпо этилаётган турар жойлар мавзусига нуқта қўйди. Тошкент вилояти маъмурий судининг ҳоким қарорини ноқонуний деб топгани тўғрисидаги қарорини ўзгаришсиз қолдириб, SkyTech-Line кассацияси шикоятини рад этди.

Cуд мажлисида иштирок этган прокурор ҳокимнинг ноқонуний қарори ортидан давлатга 1 млрд 258 млн сўм зарар етказилганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бу масала республика даражасида ўрганилмоқда ҳамда Зангиота туман ҳокими, ҳоким ўринбосари, кадастр ходими ва бошқа масъулларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат ҳақида Kun.uz ҳам суриштирув ўтказган эди.

Kun.uz мақоласида Зангиота ҳокимлиги ҳужжатлардаги сўз ўйинлари орқали аслида мактаб ва боғча қуриш учун мўлжалланган ерни турар жойлар қуриш мақсадидаги тадбиркорга нол қийматда бериб юборгани, ваҳоланки ҳудудда мактаб етишмовчилиги борлиги, ҳокимликка на аҳоли эътирози, на прокурор протести, на вазирлик ва на кадастр органининг қаршилиги кор қилмаётгани ҳақида маълум қилинган.

Суриштирувдан кейин Назарбек ҳудудидаги 204-контурда қурилиш қилаётган SkyTech-Line фирмаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаровнинг укаларига тегишли экани маълум бўлганди.

Кўп ўтмай ҳолат юзасидан Зангиота тумани ҳокимлиги мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Kun.uz мазкур жиноят иши юзасидан янгиликларни ёритиб боради.

Ўхшаш янгиликлар