• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16.1°C
Detail image

БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Украинанинг муҳим инфратузилмасига ҳужумини кескин қоралади. «Шармандали эскалация», «мағлубиятлар фонида террор» - Ғарб давлатлари Россиянинг ракета зарбаларини шундай тавсифладилар.

Фото: Shutterstock

Россия Украинадаги фуқаролик инфратузилмасини ўққа тутишни зудлик билан тўхтатиши керак, деб маълум қилди БМТ Хавфсизлик кенгашининг 23 ноябрь, чоршанба куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишида ташкилот бош котиби ўринбосари Розмари Дикарло.

«Тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқ томонидан тақиқланади, ҳарбий иншоотларга ҳужумлар тинч аҳолига ҳам зарар етказиши мумкин. БМТ бу ҳужумларни кескин қоралайди ва Россиядан бундай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилади. Ҳар қандай қонунбузарлик учун жавобгар бўлиши керак», - дея огоҳлантирди Дикарло. 

Россиянинг ракета зарбалари ойлар давомида «иссиқлик, электр энергияси, сув ва бошқа асосий коммунал хизматларсиз совуқ об-ҳавога» дуч келган миллионлаб украиналиклар учун бу қиш фалокатли бўлишидан хавотирларни янада кучайтирмоқда. 

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас Гринфилднинг айтишича, Украинанинг муҳим инфратузилмасини нишонга олинган ракета зарбалари Россия томонидан қўшни давлатга қарши бошлаган «шафқатсиз ва асоссиз урушнинг шармандали авж олишидир». 

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин Украина халқини янада кўпроқ азоб-уқубатларга дучор қилиш учун «қишки совуқни қуролга айлантиришга ҳаракат қилмоқда». Томас Гринфилд бундай стратегияни ғайриинсоний деб атади ва Россия жанг майдонидаги қатор мағлубиятлардан сўнг унга мурожаат қилганини таъкидлади. АҚШ элчиси БМТни Москва ҳаракатларини кескин ва сўзсиз қоралашга чақирди.

Россия армиясининг жанг майдонида муваффақиятга эриша олмагани фонида Украинага қилинган йирик ракета ҳужумлари - террордир, деди Франциянинг БМТдаги доимий вакили Никола де Ривер.

«Россиянинг мақсади аниқ - ҳарбий мағлубиятлари фонида террор тарқатиш. Бундай зарбаларнинг давом этишини қабул қилиб бўлмайди», деб таъкидлади де Ривер ва Франция Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирди.

Айни пайтда, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя 23 ноябрь куни Киев ва Вишгороддаги турар жой биноларига зарба берган ракеталар «Киевга етказиб берилган Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари» эканини айтди. Небензя сўзларига кўра, Украина ўзининг ҳаво мудофаа тизимларини турар жойларда жойлаштирган ва «натижада адашиб қолган ракета ёки Украина ракеталарининг бўлаклари Россия нишонга олмаган объектларга тушиб қолган». Шу билан бирга, Москва вакили Ғарб давлатларини «Украинани ўйламасдан қурол билан таъминламоқда», деб айблади.

Украина президенти Володимир Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида видеоалоқа орқали сўзлади. У жаҳон ҳамжамиятини энергетик террорни қоралашга ва «БМТ Низомининг 7-бўлимига мувофиқ террорчи давлат ҳаракатларига аниқ баҳо беришга» чақирди.

Бундан ташқари, Зеленский Киевга ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва ракетага қарши мудофаа тизимларининг сўнгги турларини етказиб бериш, шунингдек, Россияни халқаро ташкилотларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этишга чақирди. «Террорчи давлат ўзининг тажовузкорлиги, террори бўйича ҳеч қандай овоз беришда қатнашмаслиги керак. Бу боши берк кўчадир, чунки урушни бошлаган ва террор учун жавобгар бўлган шахс БМТ Хавфсизлик кенгашининг ўз мандатини бажаришга бўлган ҳар қандай уринишини тўсиб қўяди», - дея таъкидлади Украина президенти.

Унинг сўзларига кўра, «дунёни бу боши берк кўчадан олиб чиқиш керак. Бу мумкин. Дунё битта халқаро террорчининг гаровида қолмаслиги керак». 

Кейинроқ Зеленский ўзининг Telegram-каналида «БМТ Хавфсизлик кенгашидаги битта ўрин ҳамон бандлигини» қўшимча қилди. «Улар у ердан нимадир демоқчи бўлишди. Ишончим комилки, дунёда ҳеч ким рус ёлғонларини эшитишни истамайди. Аслида бу жой бўш», деб ёзади у. 

Ўхшаш янгиликлар