• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий қонунчилик ҳамда жорий амалиётни ўрганиш натижалари фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотида айтилган.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар мамлакатда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

“Автомобиль транспорти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.

Айни пайтда, “тунги вақт” бўйича ягона тушунча мавжуд эмас. Ушбу вақт Меҳнат кодекси 122-моддасига мувофиқ – соат 22:00 дан 06:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 192-моддасига мувофиқ – 23:00 дан 06:00 гача, “Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй- жой қурилиши ҳудудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари”га (СанПиН 0267-09-сон) мувофиқ – 23:00 дан 07:00 гача деб белгиланган.

Бир қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Японияда 1968 йилги “Шовқинни тартибга солиш тўғрисида”, АҚШда 1972 йилги “Шовқинни назорат қилиш тўғрисида”, Буюк Британияда 1996 йилги “Шовқин тўғрисида” қонунлар мавжуд.

Ўрганиш натижасида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган шовқинга қарши курашни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Хусусан:

  • шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашишни янада пухта ва аниқ тартибга солиш;
  • рухсат этилган шовқин даражасига аниқлик киритиш;
  • белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш.

Мазкур тавсияларни амалга киритиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилиб, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар ҳам масъул идораларга тақдим этилган.

Ўхшаш янгиликлар