• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Эслатма: Ушбу материал биринчи марта 2020 йил 31 декабрь куни чоп этилган ва эътиборга молик материаллардан бири сифатида такроран эълон қилинмоқда

Ҳар бир инсоннинг ўзига хос севимли эртаги мавжуд ва бу эртаклар маълум бир воқеа-ҳодисалар ёки хотиралар билан бевосита боғлиқ. Мисол учун, кимдир Янги йил ҳақида ўйлайдиган бўлса, унинг тасаввурида «Қарсилдоқ» эртаги жонланади, бошқа бир киши «Қор маликаси» эртагини хотирлайди. «Дарё» байрам шукуҳини олиб келувчи, Янги йил байрами ҳақидаги энг қизиқарли ва бутун дунё бўйлаб машҳур бўлган эртаклар ўнталиги ҳақида маълумот беради.

1. «Золушка»

«Золушка» эртаги халқ оғзаки ижоди намуналаридан бири бўлиб, унинг минглаб турдаги кўринишлари мавжуд. «Золушка» эртагининг илк намуналари милоддан аввалги асрларга бориб тақалади. Азалдан Миср ҳукмдорига турмушга чиқадиган юнон қизи ҳақидаги эртак оғиздан-оғизга кўчиб юрган ва айни шу эртак «Золушка»нинг илк кўриниши сифатида эътироф этилади. Эртак бахтиқаро қизнинг кутилмаган бахтга дуч келиши ҳақида бўлиб, у ўқувчига барчага нисбатан мулойим муносабатда бўлишни, кечиримли бўлишни ва турли оғир вазиятларда ўз қалбингни асрай олишинг кераклигини ўргатади.

«Золушка» мультфильмидан лавҳа

2. «Соҳибжамол ва Махлуқ»

«Соҳибжамол ва Махлуқ» эртаги илк бора 1740 йилда нашр этилган бўлиб, француз ёзувчиси Габриэль Сюзанна қаламига мансуб. Эртакнинг Европа бўйлаб тарқалган турли кўринишлари мавжуд. Баъзи олимлар бу эртак тўрт минг йиллар олдин мавжуд бўлган, деган фикрга эгалар. Бу эртак кишига инсонларга ташқи кўринишга қараб эмас, балки ички дунёсига қараб баҳо беришимиз кераклигини, ички гўзаллик барча нарсадан устунлигини ўргатади. Бу хулосани аввалига Махлуқдан ҳадиксираган бўлса-да, кейинчалик у билан энг қалин муносабатлар қурган Белл ҳаёти мисолида англашимиз мумкин.

3. «Элфлар ва этикдўз»

«Элфлар ва этикдўз» машҳур ака-ука Гриммлар қаламига мансуб бўлиб, эртак учта ёш элфдан катта марҳамат кўрадиган фақир этикдўз ҳаёти ҳақида. Эртакдан келиб чиқадиган хулоса қуйидагича: қаттиқ меҳнат – барча орзу ва мақсадлар ушалиши учун ягона калитдир. Ўз меҳнати ва инсонларга келтираётган фойдасини англайдиган, ўз қадрини биладиган инсон учун ҳаётда муваффақият қозониш оғир кечмайди.

4. «Кичкина қизалоқ»

«Кичкина қизалоқ» ёки «Гугурт ушлаган қизалоқ» деб аталадиган эртак Ханс Кристиан Андерсен қаламига мансуб бўлиб, илк маротаба 1845 йилда чоп этилди. Кейинчалик бу эртак турли кино, анимация ва видео ўйинлар яратилиши учун ҳам асос бўлиб хизмат қилди. Ўлимни қаршилаётган болакайнинг орзу ва умидлари ҳақида бўлган бу эртак турли рамзларга тўла.

Фото: Google Photos

Мисол учун, учаётган юлдуз – орзулар, гугурт эса хавфсизлик рамзидир. Эртакдан чиқариладиган хулоса эса сиздан кўра фақир бўлган инсонларга бошқаларга қараганда кўпроқ саховат билан муносабат билдиришимиз лозимлиги бўлиб, эртакни ўқиган китобхон оиласи учун ишлаётган, ночор шароитига қарамай, орзу қилишдан тўхтамайдиган қизалоқни ҳеч қачон ёдидан чиқара олмайди.

5. «Қор бола»

«Қор бола» эртаги Европа мамлакатлари орасида кенг тарқалган халқ оғзаки ижоди намунаси бўлиб, ўрта асрга оид манбаларда жуда кўп маротаба учрайди. Қордан яратилган фарзанд ва унинг ота-онаси ўртасидаги мураккаб муносабатларни ўз ичига олган бу эртак бир қараганда содда ва жўн туюлса-да, инсон руҳиятининг туб-тубида ётган эзгулик ва ёвузликка мурожаат қилади. Эртакда бир инсон қодир бўлган жамики эзгулик ва ёвузлик бу икки куч ўртасидаги доимий кураш воситасида очиб берилган ва бу эртак бошқаларидан ўзининг кескин характери билан ажралиб туради.

6. «Арча дарахти»

Машҳур ёзувчи Ханс Кристиан Андерсен ижодига тегишли яна бир эртак «Арча дарахти» деб номланган бўлиб, бу эртак Андерсен ижодида тушкунлик аломатлари кўринган алоҳида асарлар қаторига киради. Эртак қаҳрамони арча дарахти, у доим янада кўпроқ ривожланишни, ўсишни истайди ва натижада айни дамдаги ҳолатидан завқланиш, хурсандчиликни туйиш туйғусидан маҳрум бўлади. Худди шу ҳолатга монанд тарзда эртак ўқувчига ҳаётда эришганларингдан лаззатланиш, бир умр ўзингда йўқ нарсаларга қайғуриш ўрнига боридан фойдаланиб қолиш ва ҳаётнинг қадрига етишни ўргатади.

Фото: Google Photos

7. «Довр тоғидаги мушук»

«Довр тоғидаги мушук» эртаги Норвегия халқ оғзаки ижоди намуналаридан бири. Кристен Асбёрнсен ҳамда Му Ёрген томонидан тузиб чиқилган «Норвег фолклори» тўпламидан жой олган. Янги йил байрами учун қиролга совға олиб бораётган инсоннинг йўл-йўлакай Ҳалвор исмли шахсга ёвуз махлуқларга қарши курашиш орқали ёрдам бериши ҳақидаги бу эртак ўз ўрнида ишлатилган айёрликнинг фазилат бўлиши мумкинлиги ҳамда ёвузликка қарши фақатгина курашиб ғолиб бўлиш мумкинлиги тўғрисида хулоса қилишга етаклайди.

Мардлик ва жасурлик каби ҳиссиётлар билан бир қаторда, оқилона ишлатилган ақлни улуғлайдиган эртак болалар учун келажак ҳаётдаги дастурамал бўлиб хизмат қила олади.

8. «Қарсилдоқ»

«Қарсилдоқ» 1816 йилда пруссиялик ёзувчи А.Хоффман томонидан ёзилган. Эртак воқеалари кўпчилигимизга таниш: Мерининг севимли байрам қўғирчоғи қарсилдоққа бирданига жон ато этилади ва у сичқонлар ҳукмдорини енгиб, аҳолиси қўғирчоқлардан иборат бўлган мамлакатни бошқара бошлайди. Мўъжиза ва саргузаштлардан бошланиб, шиддатли кураш ва охир-оқибатда эзгулик ғалабаси ҳамда муҳаббат туйғуларига уланган воқеалар ривожи барча учун бирдек қизиқарли кечиши шубҳасиз.

Фото: Google Photos

9. «Ёнғоқ дарахти»

Ака-ука Гриммларнинг яна бир ажойиб эртаги – «Ёнғоқ дарахти» эртаги. Бошқа эртаклардан фарқли равишда ушбу эртак турли рамзлар ва кескин воқеа-ҳодисаларни ўз ичига олган. Оилавий муносабатлардаги нохушликлардан тортиб, инсон ҳаётидаги энг катта фожиаларгача тасвирлаган эртак ака-ука Гриммларнинг ҳаққоний ва аёвсиз услубини яна бир маротаба намоён этади. Эртакдаги рамзлар бўйича турли мутахассислар бир-биридан фарқ қилувчи фикрларга эга. Шундай экан, бу сирли эртакдан ҳар бир ўқувчи ўз ҳақиқатини қидириши ва топишига тўғри келади.

10. «Қор маликаси»

«Қор маликаси» эртаги ҳам Ханс Кристиан Андерсен қаламига мансуб энг машҳур эртаклардан бири. 1844 йил 21 декабрда нашр этилган бу эртак Герда ва Кай каби қаҳрамонларнинг ёвузлик ҳамда эзгулик кучлари ўртасидаги курашга гувоҳ бўлиши ва бевосита бу курашда фаол иштирок этишини ўз ичига олади.

Эртак Андерсоннинг нафақат энг машҳур, балки энг узун ижод намунаси ҳамдир. Кўплаб саргузаштларни ўз ичига олгани, бир неча рамзларни ўзида жам этиши ҳамда инсоний туйғуларнинг энг қадрлилари бўлмиш муҳаббат, садоқат, ишонч, дўстлик, фидойилик кабиларни мадҳ этгани учун ҳам ўқувчиларга қадрдон бўлиб қолган. Герда билан бирга ўтган саргузаштлар ўқувчида жасорат ҳамда сабр-қаноат туйғуларига бўлган иштиёқни шакллантириши шубҳасиз.

Раҳимжон Қудратов тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар