• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +11.1°C
Detail image

Ўзбекистонда сўнгги беш йилда жазони ижро этиш муассасаларидан бирорта ҳам маҳкум қочмаган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига таяниб, ЎзА хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистонда 54 та жазони ижро этиш колонияси мавжуд бўлса, шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналари ҳисобланади. Ўша 18 та ёпиқ турдаги колонияга рухсатсиз кириш ҳам, чиқиш ҳам мумкин эмас ва улар қатъий қўриқланади. «Уларни том маънодаги қамоқ деб аташ мумкин ва бу муассасалардан ҳеч ким қочмаган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, айни пайтда жазони ижро этиш тизимида 29 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 22 мингдан ортиқ маҳкумлар бошқа турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.

Жиноят ижроия кодексига кўра, жазони ижро этиш муассасалари жумласига жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар, тарбия колониялари, турмалар, маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар киради.

Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари вазифасини бажаради. Ўз навбатида жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Тарбия колониялари эса вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январида Тошкент шаҳар ИИББ «Панелний» қамоқхонасидаги шароитлар халқаро стандартларга жавоб беришини маълум қилганди. АҚШнинг Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича комиссияси 2021 йилнинг октябрида Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳбуслар ҳақида ҳисоботини эълон қилганди. Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатда президент ўзгарган 2016 йил охиридан бери минглаб маҳбуслар озод этилганига қарамай, 2000 дан зиёд одам конституциявий тузумга тажовуз қилиш, тақиқланган адабиётларни сақлаш ёки тақиқланган гуруҳларга аъзо бўлиш каби «мужмал ва ҳаддан ташқари кенг талқин қилиш мумкин бўлган айбловлар» билан қамоқда қолмоқда.

Ўхшаш янгиликлар