• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +20°C
Detail image

Қозоғистонда полиция ҳамда газ нархининг кескин ошганига қарши чиқаётган намойишчилар ўртасида тўқнашувлар кузатилди. Бу каби нохуш ҳолатлар Олмаота, Тараз, Ақтау ва бошқа шаҳарларда содир бўлган. Атирауда намойишчилар ўз олдиларига чиққан ҳоким Маҳамбет Дўсмуҳамедовни қуршаб олган ва унинг кетишига тўсқинлик қилган. Пойтахт – Нур-Султонда юзлаб одамлар, хусусан «Радио Свобода»нинг қозоқ тилидаги версияси ходими, журналист Дархан Умирбеков ҳам ҳибсга олинган. Олмаотада минглаб одамлар кўчаларга чиқиб норозилик билдирмоқда ва у ерда ҳам ҳибсда ушлаб турилганлар сони кўпчиликни ташкил қилади. Шаҳарда Қозоғистон демократик партияси (расман рўйхатдан ўтмаган партия) раҳбари Жанбўлат Мамай ҳам ҳибсда ушланмоқда.

Фото: Reuters

Мамлакатда интернетнинг ишлашида узилишлар кузатилган. «Медиазона. Қозоғистон» берган ахборотга кўра Қозоғистонда Telegram, WhatsApp ҳамда Сигнал яхши ишламаяпти. Beeline алоқа оператори расмийлари мобил интернетнинг узилишлар билан ишлаётгани ва бунга компанияга алоқаси бўлмаган сабаблар мавжудлигини қайд этган. Kcell оператори эса мазкур муаммолар ҳукуматнинг хавфсизликни таъминлаш юзасидан кўрган чоралари оқибатида юзага келганини тушунтирган. Аввалроқ икки қозоқ нашри — КазТАГ ҳамда «Орда.кз» — интернет блоклангани ҳақида хабар берган ва мазкур тақиқларга норозилик намойишларининг ижтимоий тармоқда кенг ёритилгани сабаб эканини тахмин қилганди.

Қозоғистон ғарбидаги норозилик намойишлари Янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Намойишларнинг бошланишига ҳудуддаги асосий автомобиллар учун ёнилғи ҳисоланувчи нефтдан олинадиган газ нархининг кўтарилгани сабаб бўлди. Нархлар 1 литр учун 50-60 тенгедан бирданига 120 тенгега кўтарилди. Ҳукумат буни 1 январдан бошлаб газ нархини белгилаш эркин бозор шартлари асосида амалга оширилиши ва талаб ҳамда таклиф муносабатларига асосланиши билан изоҳлади. Нархларнинг ошганига қарши намойиш 2 январь куни Жанаўзен шаҳрида яшайдиган аҳоли томонидан ўтказилди. Кейинчалик бошқа ҳудудлар ва шаҳарларда ҳам митинглар бошланиб кетди.

3 январда ҳукумат намойишчиларнинг аввалги нархни қайтариш юзасидан талабларини тўлиқ бажаришнинг имкони йўқлигини, бу ҳаракат бозор қонуниятларига зидлигини билдирди. Аммо 4 январь куни ҳукуматнинг махсус комиссияси норозилик намойишлари бошланган Мангистай вилоятида сиқилган газ нархини литр учун 50 тенгега туширилиши келишиб олинганини маълум қилди. Кейинчалик Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам нархлар пасайиши ҳақида Twitter’да твит қолдирди. Ақтўбе маъмурияти ҳам нарх 50 тенгега тушганини билдирди. Бироқ шунга қарамай мамлакатдаги намойишлар тўхтагани йўқ.

Тўқаев «нохолис шахсларнинг даъватларига учмасликка» чақирди. У ижтимоий-иқтисодий хусусиятларга эга талаблар алоҳида ўрганилиши ҳақида ижтимоий тармоқда ёзди. Аммо шунга қарамай намойишларда дастлабки кунларнинг ўзида сиёсий шиорлар ҳам пайдо бўлиб улгурганди: норозилик билдираётган оломон ҳукумат истеъфоси ва Қозоғистондаги энг катта сиёсатчи, хавфсизлик кенгаши раҳбари сифатида катта ваколатларга эга, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг кетишини талаб қилди. Намойишларнинг биринчи кунларида воқеалар эпимарказига айланган Ақтауда ҳукумат вакиллари намойишчилар кейинчалик таъқибга учрамаслигини ваъда қилган.

Кейинчалик Қосим-Жўмарт Тўқаев намойишчиларга яна бир марта мурожаат қилди. Қозоғистон президенти намойиш ўтказаётганлардан провакацияга учмасликни сўраган, митинг ўтказишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари борлигини, айниқса ҳиссиётга бериладиган ёшлар қалтис ва қонунга зид ҳаракатлар билан ўз келажагига салбий таъсир кўрсатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ақтўбе ва Уралск шаҳри аҳолиси тунда ҳам марказий майдонларда қолди. Намойишчилар маъмурий бинолар олдида гулхан ёқиб, овқатланиш учун ўзига хос нуқталар тайёрлаган. Олмаотада минглаб одамлар шаҳар маркази томон ҳаракатланди. Улар орасида Оян, Қазақстан (Уйғон, Қозоғистон) каби мамлакатда сиёсий ҳаётнинг демократлашувини талаб қилувчи гуруҳларнинг фаоллари ҳам бор. Олмаотадаги Республика майдонида тўпланган намойишчиларга қарши кучишлатар тизим ходимлар ёруғлик чиқариб, шовқин солувчи гранаталар қўллаган, оломон полиция машиналарига ҳужум қилиб, уларни ёқиб юборган. Спутникънинг қайд этишича, шаҳар ҳокимияти биноси қуршаб олинган. Агентлик вакилининг сўзларига кўра намойишчилар бир нафар полициячи калтаклаган. Майдонга мингга яқин одам тўпланган. Қосим-Жўмарт Тўқаев Олмаота шаҳри ва Мангистай вилоятида 19 январга қадар фавқулодда ҳолат тартибини жорий қилди.

Ўхшаш янгиликлар