• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24°C
Detail image

Яшнобод тумани «Фазогир» маҳалласи 3-рақамли уй аҳолиси муаммолардан шикоят қилиб, турли идораларга мурожаат қилишдан чарчаган. Ҳозирча натижа йўқ. «Дарё» «Нообод маҳалла» лойиҳасида бу сафар «Фазогир» маҳалласидаги муаммоларни ўрганди.

3-рақамли кўп қаватли уй аҳолисини қийнаётган муаммолардан бири бу — болалар майдончасининг ёмон аҳволи. Бу ер ёғингарчиликлардан сўнг лойга тўлади. Уй бекалари болаларнинг кийимларини ҳадеб ювишдан чарчаб, охири уларга майдончага чиқишни тақиқлаб қўйган.

Фото: «Дарё»

Шунингдек, 3-уй ҳовлисидаги дарахтлар ариқлардан сув келиши тўхтагани сабабли тобора қуриб бормоқда. Қуриган дарахт шохларининг синиши одамлар ҳаётига хавф туғдириши мумкин.

Фото: «Дарё»

Маҳалла аҳолиси биз билан суҳбатда бу ердаги кўп қаватли уйлар анчадан бери таъмир қилинмаганини маълум қилди. Фақат уйларнинг фасади ўтган йили бўялган экан. Аммо шу иш ҳам чала қолиб кетганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Фото: «Дарё»

Шунингдек, 3-уй аҳолисини чиқинди ташлаш билан боғлиқ муаммо ҳам қийнаб келмоқда. Аввал ушбу уй олдида чиқинди ташлаш учун махсус контейнерлар сақланадиган, атрофи ўралган жой бўлган. Кейинчалик бу ҳудудга озиқ-овқат дўкони қурилиб, контейнерлар анча узоққа олиб қўйилган. Ҳозирда ахлат ташлаш учун бу контейнерлар олдига яқинлашиш қийин. Сабаби йўл нотекис, қурилиш чиқиндилари ҳар ерга тўкилган.

Фото: «Дарё»

Маҳалла аҳолисини эшитганимиздан сўнг, биз «Фазогир» маҳалласи раисидан вазият бўйича изоҳ олишга қарор қилдик. Аммо маҳалла раиси ҳозирда бетоб эканини айтиб, интервью беришдан бош тортди.

Фото: «Дарё»

Шундан сўнг Яшнобод тумани ҳокимлигига мурожаат қилиб, маҳалла бўйича масъулларни изладик. Ҳокимият қабулхонаси томонидан бизга берилган рақамларга қўнғироқ қилганимизда гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Шу сабабли «Нообод маҳалла» дастури орқали мутасаддиларга мурожаат қилмоқчимиз. «Фазогир» маҳалласидаги 3-уй аҳолисини қийнаётган муаммолар қачон ижобий ечим топади? Аҳоли жавоб кутмоқда...

Ўхшаш янгиликлар