• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15°C
Detail image

Литвада 2000 йиллар ўрталарида Марказий разведка бошқармасининг махфий қамоғи бўлган бино сотилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берган. Литванинг Delfi нашри ушбу бинонинг сотилиши ҳақида январь бошида ёзган эди.

Фото: Reuters

Икки қаватли бино Вильнюс яқинидаги Антавиляй қишлоғида жойлашган. У 1992 йилда қурилган ва дастлаб жисмоний шахсга тегишли бўлган: кафе ва отда юриш спорт тури бўйича академия вазифасини бажарган. 2004–2007 йилларда бино АҚШнинг Elite LLC компанияси ихтиёрига ўтган. Кейинчалик бино Литва давлат хавфсизлиги департаментига ўтказилди; 2018 йилгача у ерда идоранинг ўқув маркази фаолият олиб борган. Энди Литва мол-мулк банки бинони сотишга тайёрланмоқда. Унинг нархи қанча бўлиши ҳақида маълумот берилмаган.

Delfi журналистлари январь бошида ушбу бинода бўлган. Уларнинг сўзларига кўра, ичкарида АҚШнинг қурилмалари ва уларнинг қисмлари жуда кўп. Масалан, бинонинг серверлар қўйилган қисмида, асосан, АҚШда ишлатиладиган Фаренгейт шкаласи бўйича ишлайдиган термостатлар ўрнатилган.

МРБ 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир бўлган терактлардан кейин бутун дунё бўйича махфий қамоқхоналар ташкил қилишни бошлаган. Уларда террорчиликка алоқадорлиги гумон қилинган шахслар сўроқ қилинган, сақланган. 2002 йилда уларга маҳбусларни қийноққа соладиган «сўроқ қилишнинг янги такомиллашган техникалари» жорий этилган. Маҳбусларни уришган, уйқу беришмаган, совуқ камерага ташлашган ва сувга бўктириб қийнашган. 2006 йилда АҚШ ҳукумати махфий қамоқхоналар борлигини тан олган, 2009 йилда эса уларнинг ёпилгани ҳақида ҳисобот берган.

Шунингдек, 2009 йилда АҚШнинг ABC News нашри Литва ҳукуматидаги манбаларига ва АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходимларига таяниб махфий қамоқхоналардан бири Вильнюс яқинида бўлганини хабар қилди. Бу Антавиляй қишлоғидаги Elite LLCъдан сотиб олинган икки қаватли бино, ABC News ушбу компания МРБ томонидан ёлланганини қайд этган. Бино ичида иккита бетон капсула қурилган, уларда маҳбуслар ушлаб турилган ва сўроқ қилинган.

ABC News маълумотларига кўра Литва ҳукимати НАТОга киришда АҚШ берган кўмак туфайли 2002 йилда МРБ қамоқхонасини ўз ҳудудида ташкил этилишига рухсат бетган. Қамоқхона 2004 йил сентябрдан 2005 йил ноябргача ишлаган, унда камида саккиз нафар маҳбус ушлаб турилган бўлиши мумкин, дея ABC News’га маълумот берган нашр суҳбатдошларидан бири. Нашрнинг ёзишича, шунга ўхшаш муассасалар Руминия, Польша, Марокаш, Афғонистон ва Таиландда ҳам бўлган.

2014 йилда АҚШ Сенатининг разведка қўмитаси МРБнинг махфий қамоқхоналари ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди, унда террорчиликда гумон қилинган шахслар учун 2005 – 2006 йилларда ишлаган марказ ҳақида сўз борган. Ҳисоботда унинг қайси мамлакат ҳудудида бўлгани айтилмаган, лекин ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар гап айнана Литва ҳақида борган бўлишининг эҳтимоли юқори деган тўхтамга келган. Литванинг ўзида ўтказилган парламент суриштирувида мамлакатга МРБ самолётлари қўнгани ва маҳбуслар учун камераларда ишлатиладиган ускуналар олиб келингани тасдиқланган, аммо ушбу камералардан ҳақиқатдан ҳам МРБ маҳбуслари сақлангани ва сўроқ қилингани тасдиғини топмаган.

2018 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ушбу фактни тасдиқлади. Суд 2002 йилда Покистонда қўлга олинган Абу Зубайдаги 130 минг евро ундириб бериш ҳақида қарор чиқарган. АҚШ ҳукумати уни «Ал-Қоида» ташкилоти тизимидаги «иккинчи ё учинчи раҳбар» деб ҳисоблаган. У «сўроқ қилишининг янги техникаси» қўлланилган энг таниқли маҳбуслардан бири. Абу Зубайрани турли мамлакатлардаги махфий қамоқхоналарда сақлашган; у Гуантанамодаги АҚШ ҳарбий базасида сақланган, бироқ 20 йилдан бери ҳибсда ушлаб турилган ушбу шахснинг «Ал-Қоида»га алоқадорлик ёки 11 сентябрь терактларида иштирок этганлик юзасидан айбловлар эълон қилинмаган.

Зубайда Литва ҳукумати ўз ҳудудида МРБ билан бирга ташкил қилган махфий қамоқхонада унга нисбатан зўравонларча муносабатда бўлганини билдирган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди унинг бу борадаги даъвосини тасдиқлаган, лекин Литвада унинг бошқа мамлакатлардаги каби қийноққа солинмаганини қайд этган. Зубайда 2002 йилда Таиланддаги «Мушук кўзи» қамоғида 83 марта қийноққа солинган ва сувга ҳам бўктирилган; у ерда номаълум сабабларга кўра бир кўзидан айрилган. У вақтда «Мушук кўзи»га 2018 йилда МРБ директори лавозимини эгаллаган Жина Хаспел раҳбарлик қилган.

Литва Зубайдаги суд томонидан белгиланган компенсацияни 2022 йил бошида тўлаб берди, бироқ шунга қарамай ҳанузгача мамлакатда МРБнинг маҳбуслари сақланганини инкор қилишда давом этмоқда.

Ўхшаш янгиликлар