• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image

Хитой 2021 йилда космик парвозлар сони бўйича жаҳон рекордини ўрнатди, деб ёзади  Space News.

Фото: Sinhua

Қайд этилишича, 2021 йилда Хитой коинотга 55 та ракета учирган, бу рекорд кўрсаткич ва 2020 йилга нисбатан 40 фоизга кўп.

Хитой аэрокосмик фан ва технология корпорацияси мамлакат ушбу кўрсаткич бўйича АҚШни ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринни эгаллаганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, ушбу 55 та учиришдан 48 таси корпорация томонидан амалга оширилган ва уларнинг барчаси муваффақиятли деб топилган.

Хитой октябрь ойи охирида 40 марта ракета учириш билан бир йил ичидаги космик парвозлар сони бўйича ўзининг рекордини янгилаганди. Аввалги рекорд 39 та бўлиб, 2018 йилда қайд этилган, 2020 йилда ҳам мазкур кўрсаткич такрорланган.

30 декабрь куни Пекин вақти билан соат 00:43 да Хитой жорий йилдаги сўнгги космик парвозини амалга оширди, мамлакат жануби-ғарбидаги Сичуан провинциясидаги Сичан космодромидан «Шиян-9» экспериментал алоқа сунъий йўлдоши «Чанжчен-3В» ракетаси ёрдамида орбитага муваффақиятли олиб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг «Чжужун» марсоходи «Тянвен-1» космик аппарати билан 15 май куни эрталаб Марсга муваффақиятли қўнган эди. Бу Хитойнинг бошқа бир сайёрага қўнган биринчи марсоходи.

Аввалроқ Хитой Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink интернет сунъий йўлдошлари устидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига шикоят қилган эди. Хитой ҳукумати Starlink сунъий йўлдошлари билан тўқнашувнинг олдини олиш учун Хитой космик станциясининг траекториясини ўзгартиришга мажбур бўлганини айтган.

Ўхшаш янгиликлар