• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +13°C
Detail image

Фарғоналик шоир Эркин Йўлдош хонанда Миродил Ҳакимовдан «Уйланамиз» номли қўшиғига муаллифлик ҳуқуқини талаб қилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Фотоколлаж: «Дарё»

Маълум бўлишича, шоир Эркин Йўлдош муаллифлик ҳуқуқини талаб қилиб, Андижон вилояти Адлия бошқармасига мурожаат қилган.

Вилоят Адлия бошқармаси ахборот хизматининг аниқлик киритишича, шоир 2022 йилнинг 25 май куни ариза ёзган.

«Мурожаатчи Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Миродил Ҳакимов ҳеч қандай рухсат ва огоҳлантиришсиз ‘Уйланамиз’ шеърига басталанган қўшиқни 25 йилдан бери ижро этиб келаётганлигини ва шеър матнини ўзгартирганлигини билдирган. Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганиш жараёнида хонанда Эркин Дориповга тегишли бўлган ‘Уйланамиз’ номли шеърни муаллиф билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз омма эътиборига ҳавола қилган», — дейди бошқарма ахборот хизмати масъули.

Шоир мазкур шеъри 1993 йил ёзилганини айтмоқда.

2016 йилда «Ўланлар ярашсин тўйларингизга» номли шеърлар тўпламим китоб ҳолда чоп этилган. Мазкур китобимнинг 72-саҳифасида «Уйланамиз» номли шеърим берилган. Ушбу шеърим яқин дўстим Яҳёбек Мўминов таклифи билан 1993 йилда ёзилган ва ижро этилган. Ижтимоий тармоқларда бундан бир-икки йил аввал «Менинг юртим» телеканали орқали эфирга узатилган «Санъатдаги низолар-3» кўрсатуви орқали хонанда Миродил Ҳакимов ушбу қўшиқни 25 йилдан буён ижро этиб келаётганини, қўшиқ матнида «Шилдир-шилдир сувлар оқар, Ҳаканимнинг ариғидан», деб ўзгартирганлигини айтди. Шу орқали менинг қаламимга мансуб шеърни ҳеч қандай рухсатимсиз ўзгартириб, айтгани аниқланди. Мавжуд ҳуқуқларимдан фойдаланиб, Адлия бошқармасига хонандага нисбатан қонунчиликда мавжуд жазо чораларини кўриб беришларини сўраб, мурожаат қилдим, — дейди шоир Эркин Йўлдош.

Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига кўра адабий асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектларидан бири ҳисобланади ва қонун билан ҳимоя қилинади. Шунингдек, Қонуннинг 19-моддасига асосан муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда, хусусан асарни барчанинг эътиборига етказиш, асарни омма олдида ижро этишда мутлақ ҳуқуқларга эга.

Асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади. Қонуннинг 62-моддасига кўра ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, «Уйланамиз» қўшиғи Достон Эргашев томонидан ҳам куйлаб чиқилган бўлиб, шоир бу борада муаллифлик ҳуқуқини талаб қилаётгани ёки хонанда билан келишгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ўхшаш янгиликлар