• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги ИИБ биносида 15 ёшли бола вафот этгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев ЎзАга ўз фикрларини билдириб ўтди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова
Бир норасидани вояга етказиш қанча машаққат талаб этади?! Эсласам, ҳамон юрагим оғрийди. Бу ҳолат ҳақиқий совуққонлик бўлди. Хатога йўл қўйган ходимлар қамоққа олинди. Ўзим бошчилигимда аттестация комиссияси ташкил этилди. Ходимлар тўлиқ шаҳодатлашдан ўтади.

Тан оламан, бу воқеа тизимнинг кечирилмас хатоси бўлди. Бир йил олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисида»ги низомни ишлаб чиқишда бош қош бўлганмиз. Масъулиятни бўйнимизга олганмиз. Президентга мазкур тизимни «ипидан игнасигача» тўғри ташкил этиш учун сўз берганмиз. Президент олдида ҳам уятлимиз.

Ишонинг, агар шу боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун керак бўлса, мен ҳеч иккиланмай, ўз лавозимимдан воз кечардим, — деган Бекмурод Абдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, 2007 йилда туғилган Р.А. 2022 йилнинг 16 октябрида Бувайда туманининг Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган «Ансор» савдо мажмуасига ота-онасининг назоратисиз айлангани борган. Р.А. мазкур мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида ИИБ ходимлари томонидан ушланган ва Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига юборилган. 17 октябрь куни унинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли унга тез тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ шифохонага олиб кетилаётган вақтида бола вафот этган.

Тергов мобайнида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчи марҳум Р.А.ни уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган тан жароҳатлари етказгани маълум бўлган ва улар қамоққа олинган. Воқеа содир бўлган кунда навбатчилик қилган 2 нафар ИИО ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжални олдини олмагани учун ИИО сафидан бўшатилиб, ходимларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.

Айни пайтда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар