• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чияли туғуруқхонасида оналар электр энергияси йўқлиги сабаб чақалоқлари совуқда қийналаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Rost24.uz» сайтида хабар берилди.

Бизга умуман свет бермай қўйди, шифохоналарда аҳволимиз оғир, чақалоқларимиз ўраниб, совуқда музлаб ётибди, — дейди видеомурожаат муаллифлари.

Уларнинг айтишича, шифохонада 24 соатдан бери электр энергияси бўлмаган.
«Отопление»ларимиз ҳам, газ ҳам светга ишлайди. Ишчиларимиз ҳам ўраниб юрибди, аҳволимиз оғир. Ҳеч бўлмаса шифохонага свет беринглар. Туғуруқ жараёнини бошидан кечирган аёллар икки-учталаб кўрпа ёпиниб ётибди. Сизлардан илтимос светни ёқинглар, — дейди мурожаатчи оналар.
Кўкдала тумани ҳокимлиги мазкур ҳолат ўрганилганини маълум қилди.
Бироз аввал чироқ ўчгани айтилган туғуруқ бўлимига туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ бориб, вазиятни ўрганди.

Маълум бўлишича, 11 декабрь куни тонги 03:30 атрофида электр тармоғидаги кучланиш сабабли электр таъминотида узилиш кузатилган. Аммо туғуруқхонада иситиш тизими (отопления)да узилиш бўлмаган ва айни дамда ишлаб турибди. Қашқадарё Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ходимларининг тезкор ҳаракатлари билан электр таъминотидаги узилишни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда, — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Қўшимча қилинишича, туғуруқхонадаги мавжуд саккиз нафар чақалоқнинг етти нафари туғилганига уч кундан ортиқ муддат бўлгани сабабли уйига жавоб берилган, бир нафари эса марказий шифохонанинг туғуруқ бўлимига кўчирилган.
Шунингдек, тумандаги бошқа ҳудудларда ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун барча тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўз вақтида қўшимча генератор (движок)ни ишга туширмай, муаммога совуққонлик билан қараган туман тиббиёт бирлашмаси ходимларига интизомий чора кўрилди, — дейилади ҳокимлик муносабатида.

Ўхшаш янгиликлар