• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

«Дарё» интернет нашрининг YouTube’даги каналида собиқ «Уммон» гуруҳи хонандаси Жасур Рафиқов хотирасига бағишлаб, онаси Ноила Рафиқова билан интервью ташкил этилди. У суҳбат давомида ўғлининг болалиги, санъатга кириб келиши ва бу соҳани эгаллашига оила аъзолари қарши бўлишгани ҳақида сўзлаб берди.

— Фарзандим 1991 йил 30 сентябрда таваллуд топганди. Болалиги ҳамма болалар сингари беғубор ўтган. Маҳалламиздаги 160-боғчага Шоҳруҳ ва Зоҳид билан бирга борган. Болаликдан аҳил ва иноқ бўлиб вояга етишди. Кичкиналигидан санъатнинг одами эканлиги сезиларди. Бир куни Шоҳруҳ боғчадаги байрам видеосининг дискини олиб чиқди. Байрамда Жасур хўроз ролини ижро этган экан. Ўша ёшида ҳам ролни масъулият билан ижро этган экан. Оиламизда санъаткорлар бўлмаса-да, у қўшиқ айтишга қизиқарди. Супургини гитара қилиб қўшиқ айтишни яхши кўрарди.

Боғчада тарбиячи бўлганим учун ўқитувчилик масъулиятини яхши тушунардим. Мактабда ўқиётганида газетадан устозлар ҳақидаги шеърни олиб, Жасурдан устозига ёд олиб беришини сўрардим. Шеърларни жуда чиройли ёд оларди. Шунинг учун ҳам мактаб тадбирларида фаол иштирок этарди. «Она, салла ясаб беринг Алишер Навоий бўламан, тўн топиб беринг Бобур бўламан», — дерди. Баъзан жаҳлим чиқиб «Синфда сендан бошқа бола йўқми?» деб койиб берардим. Аммо у саҳнани яхши кўргани учун қийинчиликка қарамай барибир ролини ижро этарди, — дейди Ноила Рафиқова.

«Уммон» гуруҳи 2007 йили «Сокин тун» қўшиғи билан машҳурликка эришган. Ноила Рафиқова гуруҳнинг ташкил этилган кунларини қуйидагича хотирлайди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

— Қўшиқларнинг барини Зоҳиднинг уйида яратишарди. Булар шунчаки ҳаваскор бўлиб қўшиқ айтиб юришарди. Бир куни келдида: «Она дуо қилинг, биз тўйга кетяпмиз», деди. «Сенларни тўйда ким эшитарди», деб роса кулдим. У пайтлари Жасур кўпроқ қўшиқнинг реп жойларини ижро этарди. Бу йўналиш бизга янгилик бўлгани учунми уларнинг қўшиқ айтишини ҳеч жиддий қабул қилмасдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай «Бекободда концерт берамиз», деб қолишди. Яна ҳайрон бўлдим. Кейин билсам қўшиқлари телефонлар орқали тарқалиб, ёшлар орасида танилишган экан.

Ўғлимнинг санъаткор бўлишига қарши бўлмаганман, аммо ишончсизлик билдириб, устидан кулган пайтим кўп бўлган. Чунки улар айтаётган йўналишдаги қўшиқ биз тенги инсонлар учун янгилик эди. Биз Юлдуз Усмонова, Фарруҳ Зокиров ва Насиба Абдуллаева каби санъаткорларни эшитиб ўрганиб қолгандик-да, — дейди Ноила Рафиқова.

Жасур Рафиқов уяли телефон шохобчасида ишлагани ва нима учун онасининг тижорат билан шуғулланишига қарши бўлгани ҳақида Ноила Рафиқова қуйидагиларни сўзлаб берди.

— «Уммон» гуруҳининг биринчи продюсерининг телефонларга пул тўлаш шохобчаси бор эди. Жасурни ишга олганди. Уйимиз Юнусободда, ишхонаси эса Ўрикзор бозори атрофида эди. Ҳар куни эрта саҳардан ишга кетарди. Унга ачиниб «Шу ишингни қўй ёки шунга ўхшаш шохобчани яқин атрофдан очгин», десам «Она бировнинг нонини яримта қилмайман», деб жавоб берганди. Ўшанда қийналсак ҳам ҳалол едириб-ичирган эканмиз, деб роса қувонгандим.

Ҳамма қатори оиламизда кам-кўстлар бўлган. Дадаси заводда, мен эса оддий боғчада ишлардим. Бешта болани оёққа қўйиш осон эмас. Боғчада ишлаб юрганимда кийим-кечак савдоси билан шуғулланиб, бозорга боролмайдиган аёлларнинг ҳожатини чиқариб юрардим. Савдони кенгайтириш учун Туркияга қатнайман десам биринчилардан бўлиб Жасур қаршилик қилганди.

«Бўлди бу ёғига бизнесни ҳам йиғиштирасиз», деганидан кейин ўғлим «Уммон»чи бўлди деб савдо-сотиққа ҳам нуқта қўйгандим, — дейди Ноила Рафиқова.

Ноила Рафиқова 2012 йили шифокорлар ўғлига бир йил қўшиқ айтмасликни тавсия қилишганди, аммо Жасур Рафиқов бунга рози бўлмагани ҳақида айтиб ўтди.

Фото: Ноила Рафиқова архивидан

Фото: Ноила Рафиқова архивидан

— 2012 йили «Уммон» гуруҳи танилиб, кетма-кет концерт дастурлари бериб юрган пайтда ўғлим «Она негадир қўшиқ айтсам томоғим қириляпти», деди. Эртасига уни таниш лор шифокорга олиб борсам, уни эндокринологга олиб боришни тавсия қилди. Ташхис натижаларига кўра, операция қилиш ва бир йилга қадар қўшиқ айтмаслик лозимлигини айтишди. Аммо ўша вақтда «Уммон» гуруҳи энди кўтарилиб келаётгани учун операция қилдиришни истамади.

Камол Бобоев деган яқин дўсти тиббиёт олийгоҳида ўқигани учун уни жуда кўп шифокор ва табибларга кўрсатди. «Она сўрилиб кетибди. Хавотир олманг», деганди. Аммо эндокринолог танишим ҳар кўрганида «Текширтирдингизми, яхши эмас-да?», — дерди.

Аҳволи ёмонлашганида шу ҳақида ўйлаб ҳам қолдим. Ким билсин, балки бўқоқ ҳам сабаб бўлгандир. Унга асабийлашиш, сиқилиш мумкин эмас экан. Аммо ҳаётидаги кетма-кет зарбалар дардининг уйғонишига ҳам сабаб бўлдими, деб ўйлаб қоламан, — дейди Ноила Рафиқова.

Жасур Рафиқовни кўпчилик оилали деб биларди. Аммо онаси у тўйдан кейин бир йил ўтиб ажрашгани ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Ноила Рафиқова архивидан

Фото: Ноила Рафиқова архивидан

— 2015 йили ўғлим беш йил давомида гаплашиб юрган қизи билан оила қурди. Афсуски, уларнинг турмуши кўпга чўзилмади. Бир йилдан сўнг келин кетиб қолгач, Жасур стрессга тушиб қолди. Яна эътиборини ижодга қаратиб юрганди, баъзи одамлар йигитлар орасига совуқчилик туширишди. Ёки ҳамма оилали бўлганидан кейин моддий жиҳатдан келишмовчиликлар бўлди. Зоҳид гуруҳни тарк этганидан сўнг Жасур яна тушкунликка тушиб қолди. Булар болаликдан бирга ўсиб, бир-бирига суяниб қолганди. Зоҳиддан кейин ҳам қўшиқ айтишди. Аммо барибир учликдаги ижод бошқача эди. Кейин ибодатга тушганидан кейин санъатдан кўнгли совиди.

«Она бир кун ўлсам нариги дунёга қўшиқларим билан бормайман-ку», деган гапи ҳалигача қулоқларим остида жаранглайди. Кичик бизнесларни йўлга қўйиб тирикчилик қилиб юрди.

2020 йили пешонасида шиш пайдо бўлди. Шифокорга олиб борай десам «Йўғ-эй, онаси билан келибди дейишмайдими?» деб кулиб қўйди. Эратаси куни ишга кетсам ўзи Юнусободдаги 12-оилавий поликлиникага чиқиб, шишни олдириб келибди. Ишдан қайтсам, боши қон, бинт билан боғлаб олибди. «Ойи бу «жиравик» эмас экан, текширувга олиб кетишди», деди. Ишонасизми шу гапни эшитиб адо бўлдим. Наҳотки, 10 йил ўқиган жарроҳ оддий «жиравик» билан ўсимтани фарқлай олмаса, деб жаҳлим чиқди. Бориб уришиб келаман, десам ўғлим йўлимни тўсди, — дейди Ноила Рафиқова.

Ноила Рафиқова суҳбат давомида баъзи шифокорлардан ранжигани ҳақида айтиб ўтди.

— Шаҳар онкологиясига текширтиргани бордик. Баъзи шифокорлар касбига шу қадар нолойиқки, асти қўяверасиз.

«Фойдаси йўқ, яра очилган даволагандан фойда йўқ» деб кўнгилдаги заррача умидни ҳам сўндиришади. Уларнинг тавсиясига кўра, таҳлилларини текширтириш учун Ҳиндистонга юбордик. Катта ҳаражат, унинг устига жавобларни 15 кун кутиш керак экан. Бу кунларни қандай ўтказганимни тасвирлаб беролмайман.

Кундан-кунга ўғлимнинг аҳволи ёмонлашиб борарди. Бир куни укам Республика онкологиясида таниш шифокори борлигини айтди. У ердагилар таҳлилларни Ҳиндистонга жўнатиш шарт эмаслигини, барчаси уларда борлигини айтишганида, касбига нолойиқ инсонлардан яна бир марта ранжидим. Одамни сарсон қилиб, пули ва вақтини кетказмай Республикамизда бор эканлигини айтишса бўлади-ку.

Хуллас, шифокор кўриб, томоғида ҳам шиш пайдо бўлганлигини аниқлади. Шундан кейин томоғидан ҳам операция бўлди, — дейди Ноила Рафиқова.

Видеони тўлиқ ҳолда қуйида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга доир:

Ўхшаш янгиликлар