• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23.9°C
Detail image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан бўлиб турибди.

Ташриф  доирасида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирга Тожикистон бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамраислик қилди. Форумда, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 600 дан ортиқ вакиллари, вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарлари иштирок этди.

Бизнес-форумда Ўзбекистон-Тожикистон сармоявий компаниясининг роли алоҳида таъкидланди, унинг ресурсларидан фойдаланиш учун умумий қиймати 135 миллион доллар бўлган 14 та лойиҳа рўйхати шакллантирилди.

“Компаниямиз бизнеснинг металлургия, қурилиш, қурилиш материаллари, пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, тиббиёт, медиа саноати ва бошқа йўналишларида лойиҳаларни амалга оширмоқда. Корхонамизда 3 мингга яқин ходим ишлайди. 2015 йилдан бошлаб биз ҳам хитойлик инвесторлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, бугунги кунда 10 га яқин қўшма корхона фаол ишламоқда”,– дейди 15 га яқин компанияни ўз ичига олган БА Ҳолдингнинг ижрочи директори Тожимирзаева Гўзалхон Баҳодировна.

Жамшид Хўжаев ўзининг қутлов сўзида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч туфайли сўнгги йилларда сезиларли даражада мустаҳкамланган кўп қиррали ўзаро ҳамкорликнинг стратегик даражасини алоҳида таъкидлади.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошгани қайд этилди. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ошиб, 2023 йилда 750 миллион долларга етди, йил бошидан эса яна 40 фоизга ошди. Шу билан бирга, икки мамлакат иқтисодиёти салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича янги улкан мақсадлар эълон қилинди.

Инвестициявий ҳамкорлик соҳасида салмоқли натижалар кузатилмоқда – бугунги кунда икки давлат ҳудудида 370 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, ваҳоланки, 2017-йилда уларнинг сони атиги 17 тани ташкил этган эди.

Хўжанддаги “Зелал-тех” ип-калава ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Душанбе шаҳридаги “Артел” маиший техника ишлаб чиқариш корхоналари муваффақиятли лойиҳалар қаторидан жой олган. “Ойбек-Фотехобод” чегара пункти ва “Андархон” савдо-логистика марказида савдо зонасини ташкил этиш, Тожикистоннинг Зарафшон дарёсида иккита ГЕС қуриш каби салмоқли қўшма лойиҳаларнинг амалга ошириш ишлари фаол олиб борилмоқда.

Шунингдек, мамлакат ҳукумати янги сармоявий лойиҳаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тўлиқ тайёр эканлиги билдирилди.

Ўз навбатида, Тожикистон Бош вазирининг ўринбосари Усмонали Усмонзода ҳам савдо, сармоявий ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш салоҳиятини юқори баҳолади ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини фаол ҳамкорлик қилишга, шериклик алоқаларини ўрнатишга чақирди.

Бизнес-форум якунлари бўйича ҳужжатлар тўплами имзоланди, улар асосида ҳар бир лойиҳани амалга оширишнинг аниқ ижрочилари ва муддатларини ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Ўхшаш янгиликлар