• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Мирзиёев Венгрия, Эрон, Чехия, Ўмон ва Жазоирнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Президентимиз Чехия Республикаси Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги анъанавий ва муҳим ҳамкори эканини таъкидлади. Ўтган йили ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари икки томонлама алоқаларимизни янги босқичга кўтарди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида ўзаро савдо икки баробарга кўпайгани ҳамкорлик борасида катта имкониятлар мавжудлигини яққол тасдиқлайди. Ўзбекистонда Чехиянинг етакчи компаниялари саноат, инфратузилма, тиббиёт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда. “Тошкент-Прага” авиақатновлари йўлга қўйилмоқда.

Келишилган инвестиция лойиҳаларини тўлиқ амалга ошириш ва саноат кооперацияси бўйича дастурни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Чехия Экспорт банки ҳамда Экспортни кафолатлаш ва суғурталаш корпорациясининг мамлакатимиз банк-молия бозорига кириш режалари юқори баҳоланди.

Президентимиз Ўмон Султонлиги Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Муқаддас ислом дини, ўхшаш урф-одат ва қадриятлар ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

– Тошкентда Султон Ҳайсам Ол Саид иштирокида очилган Шарқшунослик институтининг муҳташам кутубхонаси давлатларимиз ўртасида ўзига хос дўстлик рамзи бўлиб келмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Икки мамлакат ҳамкорлигида ҳали ишга солинмаган жуда катта салоҳият бор. Тез орада Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишини ўтказиш, Ишбилармонлар кенгашини тузиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, телекоммуникация, тўқимачилик саноати, туризм каби соҳалар ҳамкорлик учун истиқболлидир. Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компанияси имкониятларидан унумли фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти Жазоир араб-мусулмон дунёсида жадал суръатда тараққий этаётгани, катта иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, Африка қитъасидаги истиқболли шеригимиз эканини таъкидлади. Жазоир араб давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкентда ўз элчихонасини очган.

Олий даражадаги учрашувларни ташкил этиш, сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини жорий этиш, Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш зарурлиги, бу икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаши таъкидланди.

Нефть-газ, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш зарурлиги қайд этилди.

Маросим якунида Президентимиз элчиларга шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилаб, мамлакатимиз ҳудудларига бориш, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишга чақирди. Бу, ҳеч шубҳасиз, ҳамкорлик мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Дипломатлар самимий қабул, самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор саъй-ҳаракатларини қаратишларини таъкидладилар.

 

Ўхшаш янгиликлар