• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +29°C
Detail image

Шавкат Мирзиёев 2 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашиш учун мамлакатимизга келган Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида вазир Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Бу галги форум доирасида “яшил” энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида 18 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланади.

Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда янги лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, бугунни ўзида Президент БАА иқтисодиёт вазири Абдулла бин Ал Маррий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида вазир давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва Абу-Даби Валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ошиб бормоқда. Икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етди.

Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўхшаш янгиликлар