• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17.1°C
Detail image

Пойтахтнинг Яккасарой, Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларида экология ходимларидан экилмаган дарахтларни “Яшил макон” платформасига киритиш талаб қилингани айтилмоқда. Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, ҳокимликлар, ИИБ ва прокуратура мансабдорлари платформага амалда экилмаган дарахтлар ҳақида маълумот киритишга уриниб, экология ходимларига босим қилган. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура текширув бошлади.

“Яшил макон” доирасидаги кўчат экиш ишлари жойларда кўзбўямачилик ва босим ўтказишга ўтиб кетди, дея муносабат билдирди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев.

Қайд этилишича, режа бўйича Тошкент шаҳрида баҳор мавсумида 600 минг дона кўчат экилиши белгиланган. Тартибга кўра, экилган кўчатлар туман ҳокимликларидаги штаблар томонидан “Яшил макон” платформасига киритилади. Сўнг бу маълумот туман экология бўлими ходимлари томонидан жойига бориб текширилгач, тасдиқланади.

Кушербаевга кўра, ўтган вақтда пойтахтда “Яшил макон” платформасига киритилиб, ҳақиқатда экилмаган 41 мингдан ортиқ кўчатлар экология ходимлари томонидан тасдиқланмаган. Бу эса туман ҳокимликлари, ИИБ ва прокуратура томонидан экология ходимларига босим ўтказилишига олиб келган.

“Хусусан, Яккасарой тумани экология бўлими бошлиғи К.Бектурганов 29 март куни тунги соат 03:00да ички ишлар ходимлари томонидан уйидан олиб кетилиб, экилмаган дарахтларни “Яшил макон” платформасига киритиб, тасдиқлаш талаб қилинган. К.Бектурганов чамаси 10 соатлар ички ишлар ходимлари томонидан ноқонуний ушлаб турилган.

Бундан ташқари 30 март куни кундузги соат 10:00да Шайхонтоҳур тумани экология бўлими бошлиғи Х.Мирахмедов чамаси 3 соатлар туман прокуратурасида ноқонуний ушлаб турилиб, экилмаган дарахтларни “Яшил макон” платформасига киритиш ҳамда тасдиқлаш талаб қилинган.

Шунингдек, Учтепа тумани ҳокимлиги томонидан 03.04.2024 йилда Учтепа тумани экология бўлими ходимлари ўз ишхонасига, яъни туман экология бўлими хонасига киритилмай босим ўтказилган”,– дейилади хабарда.

Вазир маслаҳатчисининг айтишича, бу каби ҳолатлар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда ва барчаси жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда ўрганиб борилмоқда.

Таъкидланишича, келтирилган ҳар бир ҳолат ўрганилиб, унда эътироф этилган давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Ўхшаш янгиликлар