• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Энди давлат гранти ўринлари энг юқори балл тўплаган абитуриентлар танлови асосида белгиланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлган тақдимотда айтиб ўтилди.

6 май куни Президент ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шу боис таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди.

Олий ўқув юртларида таълим жараёнларини рақамлаштирган ҳолда деканатлар ва бошқа маъмурий тузилмаларни оптималлаштириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Шу нуқтаи назардан, 1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Кейинги асосий масала бу – олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш. Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин.  

Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди. 

Ўхшаш янгиликлар