• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19.1°C
Detail image

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Блогер, журналист ва мусиқачи Никита Макаренко Голландия полицияси билан тўқнашгани ҳақида айтиб берган. Ўзбекистонлик суратга олиш гуруҳи аъзолари Роттердамдаги автотураргоҳда ўғрилар қурбони бўлган. Бироқ, полиция қўнғироққа жавобан етиб келмаган. Қолаверса, аризани фақат бир ҳафта ичида қабул қилиши мумкинлигини ва ўғриларни ҳаттоки қидирмаслигини билдирган.

“Эҳтимол, бундан кейин сиз ҳар қандай чақирувга етиб келадиган ва ўғирликларини тергов қиладиган ҳуқуқ-тартибот идораларимизни кўпроқ қадрларсиз. Бизда туристик полиция борлиги учун алоҳида раҳмат. Инглиз тилида гаплашадиган полиция ходимларисиз чет элликларга жуда қийин, мен буни ўзим ҳис қилдим", - дея таъкидлади Макаренко.

Ўзи нима бўлган

Блогер, журналист ва мусиқачи Никита Макаренко:

Яқинда Европа полицияси билан илк бор тўқнашдим. Америка полицияси қандай ишлашини яхши биламан, бу ҳақда мақола ҳам ёзганман. Менинг назаримда Европа Иттифоқининг ривожланган давлатларида полициячилар жуда маҳоратли бўлиб, биринчи қўнғироқданоқ етиб келади, деб ўйлагандим.

Лекин ҳақиқат мутлақо бошқача экан. Менинг бу борадаги тажрибам билан ўртоқлашмоқчи эдим. Бироқ, таъкидлашим керакки, бу менинг шахсий   тажрибам холос. Сизда бошқача ҳам бўлиши мумкин.

Воқеа Роттердамдаги автотураргоҳда бошланган. Ўғрилар у ерда турган микроавтобуснинг деразасини синдириб, шахсий қимматбаҳо буюмларни ўмариб кетишган. Бу тахминан кеч соат 11да юз берган. Йигитлар дарров   шошилинч хизматга қўнғироқ қилишган, улар полициясини улаб беришган. Аммо полиция ходимлари бу борада алоҳида иштиёқ кўрсатишмаган.

“Автомобилни ўмариб кетишдими? Яхши, ҳамма нарсани суратга олиб, эртага ариза бериш учун бўлинмага келинг”, - дея маълум қилишган полиция ходимлари.

“Сиз ҳозир кела олмайсизми? Бу ерда камералар бор, ҳамма нарсани кўриш мумкинку”, - дедик биз.

“Нега бориш керак? Биз бундай ҳолатларда бормаймиз. Хамма ходимларимиз банд. Ахир жиноятчилар ҳам қолмаган. У ерда нима қилишимиз керак? Эртага келинг”, - деди полициячи ва гўшакни қўйди.

Биринчи кутганим пучга чиқди. Полиция ҳақидаги сериалларда бўлгани каби ҳеч қандай тергов гуруҳи етиб келмади, ҳаттоки оддий участка нозири ҳам ташриф буюрмади. Уларнинг мантиғи қуйидагича: ўз буюмларини назорат қила олмадингми, унда нега сен учун жамоат пуллари сарфланиши керак?

Майли, шундай бўлсада, барибир ариза бериш керак эди. Чунки суғурта компанияси автомобиль таъмирини тўлаб бериши лозим эди. Шу боис, эрталаб Роттердам полиция бошқармасига йўл олдим.

У ерда мени бошқа бир янгилик кутиб олди. Бутун бошқармада ҳеч ким инглизчани тушунмаскан. Бу борада яна ўзимизнинг туристик полиция ёдимга тушди. Навбатчилик қисмида ўтирган қиз билан инглиз-голланд тилининг ғалати аралашмасида сўзлашдик, бир-биримизга хатчалар ёзиб, Google Translateдан фойдаландик.

“Сизни ўмаришдими? Тушунарли. Яхши. Лекин сиз айни пайтда офицерни кўриш ёки ариза ёзиш имкониятига эга эмассиз. Ҳаммаси олдиндан ёзилиш билан амалга оширилади. Сиз офицер билан учрашиш учун ариза ёзишингиз мумкин, сўнгра у билан учрашиб, сиз шикоят қолдира оласиз. Бу ҳафтага бўш жойлар йўқ. Сизни келаси душанба кунига ёзишим мумкин”, - деди рўйхатхонадаги қиз.

Мен бундай тизимга тайёр эмас эдим. Маълум бўлишича, Голландияда шунчаки ариза ёза олмас экансиз. Яъни жиноят содир бўлган куннинг ўзида бунинг иложи йўқ экан. Сиз офицер билан учрашишингиз керак, унинг бўш вақти бўлсагина, келишингиз мумкин.

Эртаси куни кетишим кераклиги сабабли, бу вариант менга тўғри келмади. Қиз мени тушунишга ҳаракат қилди ва "Назарий жиҳатдан, инглиз тилида гапирадиган иккинчи қиз бор. Назарий жиҳатдан, агар у келса, сиздан аризани қабул қилиши мумкин, кейин сиз уни бугун офицерга топширишингиз мумкин. Лекин уни кутиш керак", -деди.

Яхши. Ўтириб олдим ва кутишни бошладим. Бир соат ўтди. Айтганча, уларнинг бошқармасида меҳмонлар учун ҳожатхона ёки сув йўқ экан. Бироқ, ўйинчоқларга тўла болалар хонаси мавжуд.

Бир соатдан кейин рўйхатхонадаги қиз мени чақириб, шундай деди:

“Биласизми, иккинчи қиз келмас экан. Шунинг учун Нидерланд полицияси сиздан аризани қабул қила олмаслиги билдирамиз. Умуман олганда, фарқи йўқ. Биз жиноятчиларни қидирмаслигимизни тушунсангиз керак. Албатта қидирмаймиз. Лекин сизга суғурта учун ҳужжат керак. Сиз буни олишингиз мумкин. Бизнинг сайтга кириб, онлайн ариза топширинг, биз уни кўриб чиқамиз ва жиноят содир этилганини тасдиқлашимиз мумкин. Беш кундан кейин PDF вариантни олишингиз ва суғурта ташкилотига кўрсатишингиз мумкин. Яхши қолинг”.

Биз кетдик ва кечқурун полициянинг politie.nl сайтини очиб, онлайн ариза бермоқчи бўлдим. Қайси кўз билан кўрайки, аризани фақат шу давлат фуқаролари электрон калит ёрдамида беришлари мумкин экан. Хорижликлар эса фақат полиция бўлинмасига шахсан бориб, олдиндан келишилган қабул давомида ариза беришлари   лозим экан. Ана холос. Берк кўчага кириб қолдим.

Яхшиямки, Нидерланд давлати фуқароси бўлган танишим чиқиб қолди. У билан бирга ариза тайёрлаяпмиз. Умид қиламанки, беш кундан кейин жавобни оламиз. Суғурта компанияси бу жавобдан қониқиб, ойнани таъмирлаб берар. Лекин бунга ишончимиз кам. Шу боис автосервисга бориб, ўз ҳисобимиздан ойнани таъмирлашга қарор қилдик.

102 рақами орқали Ўзбекистон ички ишлар идорасига   мурожаат қилмоқчи бўлсам, Европа полицияси билан бу тўқнашувимизни   албатта эслайман.

Бир пайтлар 15-30 дақиқа ичида чақирувимизга етиб келмаган ички ишлар идораси ходимларидан норози бўлганман. Ёки бўлмаса ёзма ариза бериш менга ёқмаган. Энди эса қиёслаб кўраяпман.

ИИВ нима дейди

ИИВ матбуот-хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов:

– таниқли жамоат арбоби, мусиқачи ва блогер Никита Макаренко Нидерланд полициясига иши тушгани ва уларнинг жиноятга нисбатан муносабати ҳақида айтиб берган.

Шуниси қизикқи, бу хабарга берилган изоҳларда кўпчилик фойдаланувчилар Европа полицияси ва ўзимизнинг ходимлар фаолиятини қиёслаб, Ўзбекистон ички ишлар идораларига нисбатан ижобий баҳо беришган.

Таъкидлаш жоизки, агарда мазкур вазият Ўзбекистонда юз берган тақдирда, хабарни олган навбатчи офицер ва ўша куни масъул бўлган раҳбар Жиноят кодексининг 207 (хизмат эътиборсизлиги), 208 (ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва 241-1 (жиноятни қасддан ҳисобдан яшириш) моддалари бўйича жиноий жавобгарликка тортилган бўларди.

Қолаверса, бизнинг амалиётда “барча ходимлар банд” деган гапнинг   бўлиши мумкин эмас. Агарда ҳудудий ички ишлар идорасида жиноятга тезкор жавоб бериш учун куч етмаса, юқори турувчи идоралар ёки қўшни идоралар   ходимлари жалб этилади.

Жамоатчилик фикри

Блогер ва журналист Александра Иванюженко (insider.uz):

– Бир куни Самарқандда туристнинг фотоаппарати ва бошқа буюмлари ўғирланган.

Мехмонхонага участка инспектори келиб, туристик гуруҳ раҳбари билан гаплашди, жиноят содир этилган ҳудуд инспектори билан боғланди. У ўз маҳалласида яшовчи фуқаролар билан боғланиб, бу ишга уларнинг алоқаси йўқлигини аниқлади. Сўнгра, бошқа маҳалла вакиллари билан боғланилди. Қарабсизки, икки соатдан сўнг буюмлар ўз эгасига қайтарилди.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг  

Ўхшаш янгиликлар