• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15.1°C
Detail image

Ўтган ҳафтада Тошкент вилоятида уч нафар ўқувчининг йўқолгани ижтимоий тармоқларда жуда фаол муҳокама қилинди. Кимдир болалар ўғирланган деса, бошқа бировлар майдалаб ташланган деди. Яна кимдир болалар фоҳишахонага олиб кетилган, деган тахминни илгари сурди. Аслида, бу воқеа тафсилотлари жуда оддий экан. Мухбирларимиз масалага ойдинлик киритишди.

Эслатиб ўтамизки, 28 фувраль куни Юқоричирчиқ туманида уч нафар мактаб ўқувчилари – қиз бола (14 ёшли) ва иккита ўғил бола (13 ва 14 ёшли) йўқолиб қолди. Улар эрталаб мактабга бориб, қайтиб келишмаган. Болаларнинг телефонлари ўчгани боис, ҳуқуқни муҳофаза килиш идоралари уларнинг қаердалигини билишолмаган.

Болалар беш кун ўтгач, 5 март куни Тошкентдаги Қўйлиқ бозори ёнидан топилган. Уларга ҳеч нарса бўлмаган, соппа-соғ. Аниқланишича, иккита ўсмир доимо уйда ўтирадиган таниш қизга Тошкентни кўрсатмоқчи бўлиб, саргузашт уюштиришган.

Ўсмирлар озиқ-овқат ва ҳожатхона қоғозини харид қилиб, беш кун Тошкентда сайр қилишган. Тунни эса қурилиши тугалланмаган бинода ўтказишган. Уларнинг ёнида кўрпа ва иссиқ кийим бўлган.

Пуллари тугагач, ўқувчилар Қуйлиқ бозорига бориб, қулоқчин ва иккита телефонни сотишган. Шу пайт уларни иккита таниш аёл кўриб қолган.

Бу воқеанинг тушунарсиз томонлари кўп. Масалан нима учун болалар режалари ҳақида қариндошларига айтишмаган, нега телефонларни ўчириб, беш кун қаровсиз бинода яшашган? Умид қиламизки, тегишли идоралар бунга аниқлик киритиб, зарур бўлса болалар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатишади.

Ўхшаш янгиликлар