• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугунги кунда чет эллик совчилар ниқоби остида фирибгарлар нафақат маҳаллий танишув сайтларида, балки ижтимоий тармоқларда ҳам ишламоқда. Улар турмуш қурмаган ўзбекистонлик қизларга дўстлик таклиф қилиб, уларнинг бошини айлантира бошлайдилар. Бу америкалик ҳарбий, инглиз денгиз капитани, Швейцариядан келган бой бева эркак, самолёт қўмондони ва бошқалар бўлиши мумкин. Бир ҳафталик ёзишмалардан сўнг, куёвлар ҳаракат қила бошлайдилар – улар бўлажак келинга қимматбаҳо совғалар ва 100 минг доллар юборганликлари ҳақида хабар беришади. 

Тошкентда яшовчи 23 ёшли қизнинг мухбиримизга қилган ҳикоясига кўра, унинг ёзишма бўйича дўсти унга пул ва қимматбаҳо совғалар солинган посилкани жўнатиб, Ўзбекистон пойтахтида биргаликда уй-жой сотиб олишни таклиф қилган. Бунинг учун бўлажак келин фақат 1000 доллар божхона тўловларини тўлаши керак эди. Ушбу воқеа қандай якунлангани материалимизда ёритилган. 

Шу йилнинг август ойида ишдан кейин Лола янгиликлар ва дўстлар билан суҳбатлашиш учун Фейсбукка кирган. 38 ёшли америкалик учувчи Френсис Мартинс унга дўстлик таклиф қилган.

Ёзишмаларда у ҳозирда иш юзасидан Лондонда эканлиги маълум бўлган. Мулоқот инглиз тилида бошланган, аммо тез орада суҳбатдоши рус тилида ёзишни бошлаган. Қиз “гугл таржимон” ишлатилаётганини гумон қилган. Умуман олганда, уларнинг мулоқоти икки ҳафта давом этган.

"Мен бошиданоқ дўстона муносабатда бўлдим. У ҳар доим мени яхшироқ билишни хоҳлаганини, ҳақиқий дунёда учрашишга тайёрлигини ёзган. Менга бошқа жинсий йўналиш ва гиёҳванд бўлган собиқ севгилиси, ўшандан бери бошқа қиз топа олмагани ҳақидаги ҳикояни айтиб, узига раҳм қилдирди", деди Лола.

Эркак қизга фотосуратларини юборган. Экранда у қизиқарли касбга эга ва жиддий муносабатларга қатъий қарор қилган жозибали одамни кўрган. Унинг эркакка нисбатан муносабати ўзгара бошлаган.

"Ҳаётда нималар бўлмайди", - деган фикр қизнинг хаёлидан ўтган.

19-42-32.jpg

Лола оддий ўрта даромадли оилада ўсган, кейин эса америкалик учувчи, бой, гўзал ҳаётни таклиф қилишга қодир эркак пайдо бўлган. Тез орада унинг суҳбатдоши севги изҳор қилган, қиз эса турмуш қуришни тасаввур қила бошлаган.

Френсис Тошкентга келишни хоҳлашини айтган, қиз эса ундан қаерда яшамоқчи экани, шаҳар бўйлаб қандай ҳаракат қилишни хоҳлаши билан қизиққан. У Тошкентда квартира ва машина сотиб олишга тайёрлигини ёзган. У ҳатто уй сотиб олиш учун 100 минг доллар юборишига келишиб олган. Лола квартирани қидиришга киришган.

"Нега мен буларнинг барчасига ишондим? У самолёт кабинасидан, компьютерда ўтирганини суратга олиб юборди. Мен бу ҳақиқий одам эканлигига амин эдим", - деди қиз.

Бир ҳафта ўтгач, эркак яқинда туғилган куни экани ва у ўша куни ўзи учун эмас, балки севгилиси учун совға беришини айтган. Қизнинг ўйлашича, харид қилиш учун бўлажак куёв Лондоннинг савдо марказларидан бирига борган. Шопинг жараёнини “куёв” видео хабарлар шаклида юборган, у ердаги қимматбаҳо совғаларни, уларнинг чекларини кўрсатган. Бироқ, Лола таъкидлаганидек, кадрда эркакнинг фақат қўллар кўринган. Унинг ўзи видеога тушмаган, лекин ўша пайтда қиз бу ҳолатга эътибор қилмаган.

"Мен ҳис-туйғуларга тўла эдим, бундай тафсилотларга умуман эътибор бермадим. У ерда қимматбаҳо Швейцария соати, Louis Vuitton сумкаси ва iPhone 14 Pro Max бор эди. Бундан ташқари, узук ва кулонли олтин занжир бор эди", – дея тушунтирди қиз.

Бир неча соатдан кейин у квартирага пул ва қадоқланган совғанинг фотосуратларини юборган. У буларнинг барчасини курьерлик хизмати орқали юборганини ва 15 соатдан кейин совғалар Тошкентга етиб боришини ёзган. Бироқ, Лола Лондондан пакетни олиш учун 1000 доллар тўлаши керак эди.

"У менежерни ва пакетнинг ўзини суратга олди. Уларни менга Фейcбукдаги мессенжер орқали юборди. Етказиб бериш хизмати ходимлари мен билан боғланишлари керак эди. Улар ҳақиқатан ҳам бошқа аккаунтдан ва ўзбек тилида ушбу банк реквизитларига пул юборишим кераклигини ёзишди. Мен найрангни пайқамадим, фақат 1000 долларни қаердан олишим мумкинлиги ҳақида ўйлардим, чунки куёвни хафа қилишни истамасдим", - дея тушунтирди қиз.

 10-53-19.jpg

Шунингдек, ушбу компания курьерлик эмас, балки логистика билан шуғуллананиши, у посилкаларни эмас, балки оғир юкларни ташишга ихтисослашгани ҳам Лолани ҳайрон қолдирмаган. У зудлик билан пул қидиришга киришган. Куёв эса зудлик   билан пул кераклиги ҳақида ёзаверган.

"Охир-оқибат, мен бир вақтнинг ўзида пулни тўлиқ топа олмадим ва   менга банк маълумотлари юборилган аккаунга ёздим. Мен бутун суммани ҳисоб рақамига эмас, балки пластик картага ўтказишим мумкинлигини ва менга кўпроқ вақт кераклигини сўрадим. Мен дўстларимдан пулни қисмларга бўлиб олиб, кейин уни конвертация қилмоқчи эдим. Менга номаълум одамнинг картаси ташланди. Бу ҳам менга шубҳа уйғотмади, пул излашда давом этдим", - деди қиз.

Лоланинг иш берувчиси унинг кўзларини очган. У қидирув тизимидан "фирибгар совчилар", "Англиядан пакет" деган сўзларни киритган. Лоланинг ҳикояларига ўхшаш ҳодисалар МДҲнинг барча бурчакларида юз берган экан.

"Мен пакет етказиб берилиши керак бўлган логистика компаниясининг филиалларидан бирига қўнғироқ қилдим,. Ходим мени дарҳол огоҳлантириб, фирибгарлар айтган ишни қилмасликка чақирди. Эсимдаки, менга ўхшаш қизлар унга худди шу савол билан қўнғироқ қилишганми, деб сўрашга улгурдим. У "ҳа", ҳатто пул ўтказганлар ҳам бор эди” - деди Лола.

Шундай қилиб, қизнинг бошида фирибгарлик схемаси шакллана бошлаган. Фирибгарлар уни фотосуратлар ва буюмлар нархи билан    чалғитишган, агар у тўсатдан текширмоқчи бўлса, ҳақиқий логистика компаниясининг манзилини беришган. Шу билан бирга, у пулни номаълум шахсларга ўтказиши керак эди.

Қизиғи шундаки, куёв ҳеч нарса ололмаслигини тушуниб, дарҳол ғойиб бўлган. Лоланинг ўзига келишини учун бир неча вақт керак бўлган. Унинг кейинги қадами фотосуратда бўлган одамни топиш эди. Лола фотосуратни Googleга юклаган ва реал одам, учувчининг сурати чиққан, лекин унинг исми бошқа экан. Ҳаволани босгандан сўнг, қиз илгари олган барча фотосуратлари очиқ фойдаланишда эканининг гувоҳи бўлган. Шундагина ҳаммаси аён бўлган.

1213231.jpg

"Мен мулоқотимизни айнан шу билан бошлашим керак эди, мен эса бу ёзишмаларга осонликча ишондим ва қарийбки фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолдим. Яқин атрофимда шубҳа қилувчи ва доно одамлар борлиги яхши экан ", - деди суҳбатдошимиз.

Аёлларга нисбатан "ишончга асосланган" фирибгарликнинг бундай схемалари янги эмас. Афсуски, ҳамма ҳам бу ҳақида билмайди. Интернетда буни амалга оширадиган жиноятчилар "скамерлар" деб номланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари фойдаланувчиларни виртуал танишларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга ва ҳеч қандай совға ёки посилкаларни етказиб бериш хизматлари учун пул тўламасликка, номаълум ҳаволаларни очмасликка ва фотосуратларини юбормасликка чақирмоқда.

Бу ҳолда бир қатор оддий маслаҳатлар бор. Даставвал танишган одамнинг саҳифасига ўтинг. Агар одам ҳақидаги маълумот озгина бўлса, воқеаларнинг лентаси кичик бўлса, унда бу хавотирга сабаб бўлиши керак. Сизга юборилган фотосуратларни Google ёки Яндекс сайтлари ёрдамида текшириш керак. Бунинг учун куёвнинг фотосуратини шунчаки расм бўйича қидиришга юклаш керак. Лола   охир-оқибат шу ишни қилган.

Одатда, қидирув тизими сизга фотосурат юкланган барча манбаларни беради. Видео алоқа орқали мулоқот қилишни талаб қилинг. Қоида тариқасида, фирибгарлар бу борада юзта баҳона топишади, камера бузилган ёки Интернет   тезлиги ёмонлигини рўкач қилишади. Бундан ташқари, маълум муддат мулоқот қилгандан сўнг, сохта куёвлар фотосуратларни, кўпинча интим расмларни юборишни илтимос қилишади. Буни асло қилманг, чунки бундай кадрлар товламачилик учун ишлатилиши мумкин.

Кейинчалик бу жиноятчиларни топиш жуда қийин ва фирибгарликни исботлаш ҳам жуда мураккаб жараёнидир, чунки жабрланувчилар ўз пулларини ихтиёрий равишда номаълум карталарга юборишади, гарчи бу пуллар ёзишмадаги одамга эмас, балки бутунлай бошқа одамга кетганини билишса ҳам. Қолаверса, бу каби бу ҳикояларда " айнан ким билан мулоқот бўлганлиги" хам очиқлигича қолади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Ўхшаш янгиликлар