• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19°C
Detail image

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россиянинг “Совкомбанки” томонидан “Ўзагроэкспортбанкни” сотиб олиш бўйича битим бекор қилиниш жараёнида турибди. Бу ҳақда Санкт-Петербург иқтисодий форуми давомида “Совкомбанк” Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский Batafsil.uz. мухбирига маълум қилган. 

“Афсуски, бизга ҳам, бошқа Россия банкларига ҳам санкциялар қўлланилгани боис, бу шароитда лойиҳани амалга оширишнинг имкони йўқ ва бу ҳақда Ўзбекистон ҳуакумати хабардор қилинди. Бир нарсани тушуниш керак, яъни бизнинг ҳар қандай шўъба банкларимиз автоматик равишда санкция остига тушиб қоларди ва бу Ўзбекистонга муаммо бўларди. Технологиялар ва молия эвазига биз регуляторга ечимини топиш керак бўлган кўплаб саволларни берган бўлардик”, - деди у.

Унинг айтишича, юзага келган вазиятда   лойиҳани илгари режа қилинган ҳолатда амалга ошириб бўлмайди.

“Вазият ўзгариб қолишига умид қиламиз ва санкцияларга оид вазият ўзгариб қолганда, биз фаол кредитор сифатида мамнуният билан Ўзбекистон бозорига қайтамиз. Афсуски, кўплаб кредит лойиҳаларимизни йиғиштиришга мажбурмиз”, - дея таъкидлади Хотимский.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, бу чекловлар абадий эмас, бироқ “Ўзагроэкспортбанк” ҳеч қачон “Совкомбанк”нинг шўъбасига айланмаслиги аниқ.

“Ўзбекистон ҳукумати яқин орада бу банкни хусусийлаштирмоқчи ва шароитга мувофиқ, бу жараёнда иштирок эта олмаймиз. Айни пайтда икки томоннинг қарорига кўра, битим бекор қилиниш жараёнида турибди. У бекор қилинди, деса ҳам бўлади”, - дея якунлади у.

Эслатиб ўтамизки, битим 2022 йилнинг феврал ойи ўрталарида тузилган эди. Унинг доирасида “Совкомбанк” “Ўзагроэкспортбанк”даги давлат улушининг 100 фоизини 4 млн. долларга сотиб олиши керак эди.

“Ўзагроэкспортбанк” 2017 йилда агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш ва экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 2021 йил якунларига кўра банк активлари 69 млрд. сўмдан ошган.

“Совкомбанк” Россия Федерациясининг ўнта йирик банкларидан бири бўлиб, универсал банк ҳисобланади. Банкнинг Россия бўйлаб 23 мингдан ортиқ офисларида 2,3 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Банк 12 миллион мижозга хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг  

Ўхшаш янгиликлар