• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +28°C
Detail image

Европа – Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги масалалар муҳокама қилинди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.

Тадбирда шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро таълим дастурларини ўтказиш ва экологик барқарорликни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Европа Иттифоқи мамлакатлари билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланган глобал экологик муаммоларга тўхталиб ўтди. Маълумотларга кўра, минтақамизда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экологик вазиятни тубдан яхшилаш, атроф-муҳит муаммоларини бартараф этиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсири олдини олиш каби мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.

– Ушбу йўналишда “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг МВт ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш мўлжалланган. Шунингдек, саноатда “яшил сертификат”лар бозорини ривожлантириш ва “экологик маркировкалаш” амалиётини жорий қилиш, шаҳарларда жамоат транспортини экологик тоза ёқилғига ўтказиш режалаштирилган, – деди Элдор Туляков.

Инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш, шаҳарлар бош режасини тузишда ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этиши, турар жой биноларини қуришда “яшил майдон”лар аҳолининг сонига мутаносиб бўлишини таъминлаш долзарб масалалардан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.

Мулоқот жараёнида мазкур йўналишда экологик таълим яхшилаш ва аҳолининг хабардорлигини ошириш, яшил инфратузилма ва маҳаллий барқарор ташаббусларга инвестициялар жалб қилиш каби қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Якунда Европа ишбилармон доиралари билан 2024 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган ҳамкорлик, батафсил ҳаракатлар режаси, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш йўлида тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўхшаш янгиликлар