• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Германиядаги оммабоп "Stimme-der-Hauptstadt" ("Пойтахт овози") электрон нашрида Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштиришга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда ёзилганидек, Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриб қолган тубида ўрмонлар яратиш ва ободонлаштириш бўйича бир қатор йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда ва натижада ҳозирда 1,7 миллион гектар майдонга кўчатлар ўтқазилган.

Немис электрон нашрига кўра, мамлакат шимолий минтақасида экологик вазиятни яхшилаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ҳукумат ва маҳаллий аҳолининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида Орол денгизининг қарийб олти миллион гектар қуриб қолган, шундан 3,2 миллион гектари Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади. Ушбу қуриган майдоннинг 2,5 миллион гектари ўрмон плантациялари, жумладан, саксовул ва бошқа шўрхок ерларга чидамли ўсимликлар ўтқазиш учун ажратилган. Бу ўсимликлар қумли тупроқларни барқарорлаштиришга ва атроф-муҳит шароитларини яхшилашга ёрдам беради.

"2017-2021 йилларда қуриган денгиз тубининг 461 минг гектарида ўрмон плантациялари барпо этилди. Экишнинг асосий қисми уруғ экиш, жумладан, ҳаводан туриб экиш ва механизациялашган усулда амалга оширилган. 61 минг гектар майдонга саксовул қўлда экилган. 2019-2020 йилларда 700 минг гектардан ортиқ, 2020-2021 йилларда эса 350 минг гектар майдонда ўрмон плантациялари барпо қилинган", – дейилади мақолада.

Маълум қилинишича, "Оролдаги боғим" лойиҳаси кенг жамоатчилик эътиборини тортган. Ушбу лойиҳа доирасида 800 миллион сўмдан зиёд маблағ йиғилиб, 6 мингдан ортиқ кўчат сотиб олинган. Унда Германиянинг Ўзбекистондаги Гёте-Институти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), халқаро жамғармалар, маҳаллий корхоналар вакиллари ва Оролбўйи аҳолиси иштирок этмоқда.

"Оролбўйи экологиясини тиклаш ва барқарор келажакни яратишда кўчат экиш кампаниялари муҳим ўрин тутади. "Оролдаги боғим" лойиҳаси давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ўзаро ҳамкорлиги, Орол денгизининг қуриб қолган тубига минглаб турли хил дарахт кўчатларини ўтқазиш намунаси бўлди. Бу саъй-ҳаракатлар экологик муаммоларни ҳал этишда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди", – дея қайд этган "Stimme-der-Hauptstadt".

Ўхшаш янгиликлар