• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Жорий йилнинг 30 ноябрь - 2 декабрь кунлари Италиянинг Кремона шаҳрида 78-Халқаро чорвачилик кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси кўмагида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари, Бухоро, Тошкент, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари ишбилармон доира вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси мазкур кўргазмада иштирок этди.

Кўргазмада соҳа вакиллари 200 дан зиёд хорижий компанияларнинг қишлоқ хўжалиги техника ва ускуналари, наслли қорамол, сут соғиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технологиялари, биогаз ишлаб чиқариш, автоматлаштириш, озуқа экинлари уруғлари ва дори препаратлари намойиш қилинди. Тадбирда инновация ва ҳайвон саломатлиги бўйича Италияда эришилган ютуқлар ўрганилди.

Италия савдо агентлиги (ITA) кўмагида ташкил этилган ташриф доирасида мамлакатимиз делегация аъзолари халқаро ташкилот, Италия давлат муассасалари ва қатор компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш ҳамда илғор хорижий тажриба билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Ўтказилган музокараларда Италия томонига сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачилик соҳасидаги жадал ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, мавжуд салоҳият ва инвестиция имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Европа зоотехника фанлари федерацияси, Италия чорвачилик ва аквакультура илмий тадқиқот маркази ва Италия чорвачилик уюшмаси вакиллари Ўзбекистонда чорва молларини идентификация қилиш, хусусан, қонунчиликни такомиллаштириш, мутахассислар малакасини ошириш, хорижий консультантларни жалб қилиш ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.

Хусусан, маҳаллий тадбиркорлар Италияда чорва молларини парвариш қилиш, озуқа емларини тайёрлаш, бузоқларни сақлаш, чиқиндилардан биогаз ва электроэнергия ишлаб чиқариш ҳамда автоматлаштириш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Истиқболли лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Кремона халқаро чорвачилик кўргазмаси 1945 йилдан бери Италияда анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда. Ярмарка Европадаги ушбу соҳага оид энг нуфузли тадбирлардан бири ҳисобланади.

Ўхшаш янгиликлар