• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +5°C
Detail image

Бирлашган Араб амирликлари (БАА)нинг Дубай шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (СОР-28) доирасидаги парламент йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 30 га яқин парламент спикерлари ва 500 нафар вакили, шунингдек, 100 нафар бутун дунё бўйлаб парламентлар ва халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирок этди.

Парламентлараро Иттифоқ ҳамда БАА Федерал Миллий Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда атроф-муҳит ва иқлимнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, жумладан, углерод нейтраллиги, барқарор энергияга ўтиш ва мослашиш масалаларидаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишда парламентлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Нуфузли конференцияда нутқ сўзлаган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева иқлим ўзгариши Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Бунга Орол денгизининг қуриши оқибатида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда “Оролқум” чўли пайдо бўлгани, бу минтақада қатор экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқараётгани мисол бўла олади. БМТ Бош Ассамблеяси Орол фожиасини ҳозирги замоннинг глобал экологик муаммоси сифатида тан олганига иштирокчилар эътиборини қаратди.

Сенати раиси экологик муаммоларнинг долзарблиги ҳамжиҳатлик ва парламентлараро ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб қилаётганини таъкидлаб, қатор таклифларни илгари сурди.

Тадбир якунида иқлим билан боғлиқ қонунчиликни ишлаб чиқиш, иқлим бўйича мажбуриятларни амалга оширишда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш бўйича давомли, истиқболли ва далилларга асосланган мониторинг ва ҳисобот бериш механизмларини яратиш, “яшил” иқтисодиётни илгари суриш, иқлим ўзгаришига қарши курашишни молиялаштириш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олган парламентларнинг якуний ҳужжати қабул қилинди.

***

Тадбир доирасида Сенат раиси Танзила Норбоева Парламентлараро иттифоқ (ПАИ) бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашди.

Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

М.Чунгонг Ўзбекистоннинг халқаро майдонда илгари сураётган ташаббуслари нафақат минтақа, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам муҳим эканини таъкидлаб ўтди.

Парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни амалга ошириш жараёнининг иштирокчилари ҳисобланишини, жорий йилнинг 30 ноябрь куни Тошкентда ўтган БРМ мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II Глобал форум бу борада барча давлатлар учун ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тажриба алмашишда муҳим платформа бўлганини алоҳида қайд этди.

Мулоқот якунида томонлар ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни давом эттиришга келишиб олди.

***

Ташриф доирасида Европа Иттифоқи парламентлари делегациялари аъзолари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Австрия парламенти вакиллари қайта тикланадиган энергия манбалари, хусусан, шамол энергиясидан фойдаланиш йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Исландия делегацияси раҳбари билан учрашувда парламентлараро муносабатларни йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди. Исландия томони Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди.

Польша Сенати аъзоси билан бўлиб ўтган мулоқотда экологик муаммоларнинг оқибатларини бартараф этиш йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Польша томони Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлашда ЕИнинг ижтимоий жамғармаси билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди. Шунингдек, чўлланиб бораётган ҳудудларда ўрмон массивларини барпо этишда ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.

Руминия парламенти вакили билан бўлиб ўтган учрашувда икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш масаласи устувор бўлди. Шунингдек, икки томонлама муносабатларда таълим, қишлоқ хўжалиги, илмий тадқиқот йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш каби жиҳатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Словения делегацияси раҳбари билан бўлиб ўтган суҳбат давомида икки давлат парламентлари аъзолари ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш орқали парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Ўхшаш янгиликлар