• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Маиший истеъмол учун аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича “Ҳудудгазтаминот” АЖ томонидан истеъмолчиларга махсус ID карталар етказиб берилган. Шунингдек, “E-Газ” дастури ишлаб чиқилиб, унда барча истеъмолчилар ва маиший газ баллонларнинг рўйхати шакллантирилган.

–Асосий мақсад – истеъмолчиларни белгиланган муддатларда узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш, аҳоли ва газ таъминоти ташкилотлари ўртасидаги англашилмовчиликларнинг олдини олиш, замонавий технологияларни тадбиқ этган ҳолда қулайлик яратиш, –дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Бобир Мамедов. –Автоматлаштириш жараёнини сифатли жорий этиш амалда ўз натижаларини кўрсатиши учун нафақат газ таъминоти ходимлари, балки бевосита истеъмолчиларнинг ҳам эътибор ва саъй-ҳаракатлари зарурдир. Уларга биринчи маротаба бепул тақдим этилувчи ID карталардан эҳтиёткорлик билан, мақсадли фойдаланиши ва ушбу карталарни асло учинчи шахсга бермасликлари, шунингдек, фойдаланишда бўлган маиший газ баллонга бириктирилган махсус бар-кодли ёрлиқларни асраш чораларини кўриш талаб этилади. Бухорода бу борада тушунтиришлар давом этмоқда. Янги истеъмолчилар сони ортиб бораётганлиги сабаб уларга махсус карталар берилиб, тўловлар онлайн қабул қилинмоқда.

Вилоятда истиқомат қилувчи суюлтирилган газ истеъмолчиларига 173 минг 612 дона ID карта тарқатилган бўлиб, тўловлар онлайн амалга оширилмоқда. Газ баллонларининг 348 минг 120 донасида эса махсус стикерлар ёпиштирилган.

Юқорида келтирилган автоматлаштирилган тизим таъминотнинг хизмат кўрсатиш соҳасида илғор ахборот технологияларини жорий этади. Суюлтирилган газни аҳолига етказиб беришда шаффоф тўлов тизими ва ҳисобининг юритилиши орқали қўшимча қулайликлар яратади. Кўрсатилаётган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида, назорат остида амалга оширилиш имконини беради. Автоматлаштирилган тизим амалдаги қоғобозликка бўлган эҳтиёжни йўқ қилади. Энг асосийси, хизмат кўрсатиш шаффофлигига салбий таъсир этувчи инсон омилларининг олдини олиш каби қулайликларни ўз ичига олади.

Ўхшаш янгиликлар