• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Ангор туманидаги Баҳор маҳалласида тери хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳасининг дастлабки босқичи иш бошлади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилаётир. Биринчи босқичида йилига 120 миллион кв.дм терини чуқур қайта ишлаш ва тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг учун корхона Италия ва Туркия давлатларининг қиймати 13,2 миллион долларлик замонавий асбоб-ускунаси билан жиҳозланиб, 450 та иш ўрни яратилди.

Янги корхонани қуриб, тўлиқ ишга тушириш учун тадбиркор ўз маблағи ва тижорат банкининг кредитидан фойдаланмоқда.

Жанубдаги вилоятда чорвачилик яхши ривожланган. Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда бир миллиондан ортиқ йирик шохли ва 2,5 миллиондан зиёд майда шохли чорва моллари парваришланмоқда. Воҳада йилига ўртача бир миллион донадан ортиқ майда шохли ва 500 мингга яқин йирик шохли мол териси хомашёси пайдо бўлади.

Ангор туманидаги “Top Quality Brand” масъулияти чекланган жамиятига қарашли корхона вилоятда тери хомашёсини сифатли қайта ишлаб, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Вилоятда бундан беш-олти йил муқаддам тадбиркорларда терини қайта ишлашга қизиқиш йўқлиги учун катта миқдордаги хомашё исроф бўлаётган эди. Кейинги йилларда сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани терини қайта ишлаш саноатини янги босқичда ривожлантираётир.

Жумладан, 2017 йил вилоятда атиги 100 миллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил тери хомашёсидан 210 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиши кутилмоқда. Ёки 2017 йил 35 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда 20 миллион долларлик чарм-атторлик маҳсулоти хорижга жўнатилади.

Хорижнинг энг сўнгги русумдаги ускуналари билан жиҳозланган замонавий корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 450 минг жуфт ҳар хил турдаги эркаклар, болалар ва спорт пойабзаллари, 250 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари, 5 минг тонна желатин ва коллаген ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, 860 та қўшимча иш ўрни барпо этилади. Озарбайжон, Туркия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Германия, Португалия каби давлатларга 45 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Бу ерда “ДЭУ”, “Мерседес-Бенс”, “Ауди” ва “Тойота” автомобиллари ўриндиқлари учун тайёр чарм етказиб бериш ҳам режалаштирилган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бир гуруҳ нуронийлар ва фаоллар билан янги корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини кузатди. Ишчилар учун яратилган шароитлар ва 20 ўринли дуал таълим ўқув маркази билан танишди.

Дуал таълим марказида Италия ва туркиялик тажрибали технолог, маркетолог ҳамда дизайнерлар корхонада таълим ва амалиёт жараёнларини уйғунлаштирган ҳолда амалга оширади.

Корхона “LWG” – “Чарм ишчи гуруҳи”нинг (атроф-муҳит ва инсониятга зарарсиз ишлаб чиқариш) “Голд” халқаро сертификатига эга. Бу корхонага ўз маҳсулотларини Европа бозорига тўғридан-тўғри экспорт қилиш ва хорижий бренд занжирларига қўшилиш имкониятини беради.

Корхонанинг иккинчи босқичи келгуси йил фойдаланишга топширилади.

Ўхшаш янгиликлар