• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Шунчаки симптомларни йўқотиш ё заифлатиш билангина касалликни даволаб бўлмайди. Нега? Чунки муаммонинг илдизи билан курашилмайди бу жараёнда. Хасталикнинг сабаби қолиб, оқибати билан шуғулланиш эса кутилган натижани бермаслиги табиий.

Ўзбекистон тиббиётини трансформация қилишда худди шу омиллар ҳисобга олинган. Янаям аниқроғи, давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун муаммонинг туб илдизи — бирламчи бўғин фаолиятини ислоҳ қилишга алоҳида урғу бермоқда.

Хўш, бу нималарда акс этяпти? Қисқа муддатда мазкур йўналишда қандай янгиликларга қўл урилди? Дастлабки натижалар қониқарлими?

Малакали тиббий хизматнинг янги модели

Таҳлилларга кўра, агар бирламчи тиббий-санитария тизими самарали ишласа, жойларда касалликлардан ўлим даражаси, ногиронлик кўрсаткичлари, эрта ва кам вазнда туғилиш ҳолатлари, мураккаб операциялар учун ихтисослашган марказлар, марказий шифохоналарга мурожаатлар, сурункали хасталиклардан азият чекувчилар сони кескин камаяди. Уч йилдан буён янгича модел асосида иш юритиб келаётган тиббиёт бригадалари фаолияти айни шу устувор мақсад рўёбига қаратилган.

Бунинг учун тиббиёт бригадалари, аввало, тегишли кўрик ва скрининг текширувлари орқали ўзига бириктирилган аҳоли вакилларининг қайси бири соғлом, кимларда хавф омиллари бор, яна кимлар соғлом турмуш тарзига риоя қилмайди ёки хасталикка генетик мойиллиги мавжуд, шу сингари сабабларни ўрганиб, таҳлил қилиб, уларда касалликнинг олдини олиш учун керакли чора-тадбирларни амалга оширяпти.

Сурункали касаллиги бор беморлар саломатлигини тизимли назорат қилиниб, тиббий кўрсатма бўлганда, амбулатор ёки туман, вилоят, ҳатто республика даражасида даволанишини ташкиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Уйда ётиб қолган ногиронлар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, ҳомиладор ва ёш болали аёллар саломатлигидан хабардор бўлиб, уларнинг сифатли ҳаёт кечириши учун тиббий кўмак кўрсатиляпти.

Шифокор асосий вақтини беморга ажратяпти

Маълумки, авваллари ҳар икки минг аҳолига бир шифокор, икки ҳамшира тўғри келган. Охирги уч йилдан бери икки минг аҳолига бир оилавий шифокор, бир амалиёт ҳамшираси, икки патронаж ҳамшираси ва доя бириктирилди.

Шифокорнинг кўпроқ вақти беморга ажратилиши учун у бажараётган функцияларнинг катта қисми амалиёт ҳамширасига юклатилди. Бунинг учун ушбу ўрта тиббиёт ходими махсус курсларда ўқитилиб, улар шифокор ёрдамчиси даражасига етказилди.

Ҳозир беморни тиббий кўрик, бирламчи скрининглардан ўтказиш, қон босими ва пульсини ўлчаш, болаларнинг ўсиш ва ривожланишини баҳолаш каби функцияларни аввалгидек шифокорнинг ўзи эмас, амалиёт ҳамшираси бажаряпти. Шунинг ҳисобидан врачнинг асосий вақти бемор билан ишлашга ажратиляпти. Қолаверса, аввал ҳамма ёппасига чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилган бўлса, энди ҳар бир аҳоли вакилининг ёши, жинси, физиологик ҳолатига қараб, махсус профилактик текширувлар ва скрининг дастурлари жорий қилинган.

Патронаж ҳамшираси хонадонга мақсадли боради

Универсал-прогрессив патронаж тизими жорий қилингач, ёндашув тубдан ўзгарди. Патронаж ҳамширасининг хонадонларга мақсадли бориши йўлга қўйилди.

Мисол учун, бола ёки ҳомиладор аёлнинг тана ҳарорати кўтарилди ёки қон босими ошди. Патронаж ҳамшираси хонадонга бориб, ушбу муаммони аниқлагач, масалани тезкорлик билан ижобий ҳал қилишга киришиши керак. Бунинг учун, аввало, оила шифокорини вазиятдан хабардор қилади. Агар шифокор томонидан бу аёлни касалхонага ётқизиш учун оила томонидан монелик бўлса, “маҳалла еттилиги” ёрдамида ҳомиладорга тегишли зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.

Доя штати нима учун ташкил этилди?

Президентимиз томонидан мамлакатимиз бўйича бирламчи тиббиёт муассасалари тиббий бригадалари учун 8,5 мингта алоҳида доя ҳамшираси штати ажратиб берилгани ҳам катта янгилик бўлди.

Ҳозир ушбу ўрта тиббиёт ходимлари зиммасига иккита асосий вазифа юклатилган. Биринчиси — ҳомиладорларни эрта аниқлаш ва улар учун тиббий кўрикларни ташкил қилиш, шу аёлларнинг соғлом кўзи ёригунига қадар кузатиб бориш. Қолаверса, туғиш ёшидаги опа-сингилларимиз ўртасида скрининг текширувларини ўтказишга ёрдам беришга ҳам улар масъул.

Иккинчи асосий профилактик функцияларидан бири эса ўсмир қизлар билан ишлаш, уларни эрта ёшдан оилага ҳам жисмоний, ҳам руҳий, ҳам тиббий жиҳатдан тайёрлаш, маслаҳат бериш, гинекологик касалликларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар бериш ҳамда шахсий гигиена қоидаларини ўргатишдир.

Пойтахтда ҳар бир бемор соғлиги поликлиникалардаги штаблар орқали мониторинг қилиб борилмоқда

Бугунги кунда пойтахтдаги оилавий поликлиникалар иш фаолиятини янада яхшилаш, беморларнинг уйга чақириқларини таҳлил этиш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, амбулатор хизмат ҳамда шифохоналар ўртасида маълумот алмашинувини такомиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, 12 та кўп тармоқли марказий ва 71 та оилавий поликлиника ҳамда бош бошқарма тасарруфидаги шифохоналар қошида доимий фаолият юритувчи штаблар ташкил этилган.

Хўш, мазкур штабларнинг вазифаси нималардан иборат?

Марказий штабга Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиалига бўлган чақириқлар ҳамда пойтахтда жойлашган клиник шифохоналар ва туғуруқ комплексларига мурожаат қилган, бироқ амбулатор муолажа учун қайтарилган беморлар, шунингдек шифохонадан даволаниб чиққанлар тўғрисида кунлик маълумот юборилади. Сўнг улар туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва тегишлилиги бўйича оилавий поликлиникаларга етказилади.

Ушбу маълумотлар асосида ҳар бир кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникаларда битта мобил бригада ташкил этилган. Улар эрталаб соат 08:00 дан 14:00 гача ва 14:00 дан 20:00 гача беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиб, аҳолини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 18 февралдаги тегишли буйруғи билан тасдиқланган рўйхатдаги керакли дорилар билан таъминлайди.

Шунингдек, кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар негизида ташкил этилган штаб томонидан мобил тиббий бригада, онлайн ва оффлайн патронаж тизими орқали актив патронаж хизмати йўлга қўйилган бўлиб, беморларнинг доимий мониторинги олиб борилади.

Муҳими, гуруҳлар томонидан амалга оширилган ишлар таҳлили тиббий бригаданинг фаолиятида ўз аксини топади. Яъни, бунда беморлар соғломлаштириш даражасига қараб, ранглар орқали тоифаланади.

Хусусан: қизил тоифа – шифохонада, сариқ тоифа – амбулатор назоратда, яшил тоифа – соғайганлар сифатида белгиланади. Бу орқали бемор тўлиқ тузалгунга қадар оила шифокорининг доимий назоратида бўлади. Ўз навбатида, аҳолига кўрсатиладиган бирламчи тиббий хизмат сифати ошади.

Кундузги стационарлар: Шифохоналарга мурожаатлар сони 19,1 фоизга камайди

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан аҳолини бирламчи бўғинда стационар даволаш тизими такомиллаштирилди.

Аввалари бирламчи бўғин муассасаларидаги кундузги шифохоналардан етарлича фойдаланилмас эди. Баъзи оилавий поликлиникаларда кундузги стационар учун хона етишмаса, бошқаларида турли сабаблар билан шифо ўринлари ташкил этилмаганди.

Бугунги кунга келиб, республикамиздаги оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги кундузги стационарларда 19,3 мингта кундузги шифо ўрни ташкил этилган. Бунда имкониятлардан келиб чиққан ҳолда оилавий шифокор пунктларида 6 тагача, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 20 тагача кундузги шифо ўринлари яратилган. Уларда ишлайдиган тиббиёт ходимлари иш ҳақига қўшимча устама тўланиши йўлга қўйилди.

Кундузги стационарларда тиббий хизматлар кўрсатиш вақти 13:00 дан 20:00 гача узайтирилгани уларнинг иш фаолиятидаги асосий янгиликлардан бири бўлди. Қолаверса, худди шу янги тизим орқали 558 минг нафар беморга оиласидан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилди ва натижада шифохоналарга мурожаатлар 19,1 фоизга камайди.

Кундузги стационарда муолажа олаётганлар врач ва ҳамширанинг доимий назоратида бўлади. Беморларга кафолатланган пакет доирасида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, дори воситалари бепул тақдим этилади.

Тиббий хатлов: Беморлар қандай тоифаланди?

Тиббий хатлов тадбирлари қанчалик ишончли ва самарали ташкил этилса, аҳолини қийнаб келаётган кўплаб масалалар ҳал бўлиши билан бирга, бирламчи тизимда ишлаётган шифокорларнинг ҳам оғири енгил бўлади.

Кундузги стационарда муолажа олаётганлар врач ва ҳамширанинг доимий назоратида бўлади. Беморларга кафолатланган пакет доирасида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, дори воситалари бепул тақдим этилади.

Тиббий хатлов: Беморлар қандай тоифаланди?

Тиббий хатлов тадбирлари қанчалик ишончли ва самарали ташкил этилса, аҳолини қийнаб келаётган кўплаб масалалар ҳал бўлиши билан бирга, бирламчи тизимда ишлаётган шифокорларнинг ҳам оғири енгил бўлади.

Шу сабабдан юртимизда тиббиётнинг бирламчи тизими орқали аҳоли тиббий хатловдан ўтказиляпти. Натижада фуқаролар саломатлик кўрсаткичлари бўйича тўрт гуруҳга ажратиб олинмоқда.

Хусусан, 1-таянч гуруҳи — амалий соғлом шахслар, 2-паст хавф гуруҳи — тез-тез касал бўлувчилар, 3-ўрта хавф гуруҳи — сурункали касалликлари бор беморлар, 4-юқори хавф гуруҳи — ўзгалар парваришига муҳтож, ётиб қолган, ногирон беморлар.

Эътиборлиси, тибий хатлов ёрдамида оилавий поликлиника ва шифокор пунктлари ҳудудида қанча бемор бор, улар қайси хасталиклардан азият чекяпти, қанчаси соғлом, қанчаси даволанишга муҳтож, қанчаси ортиқча вазнга эга, қанчаси чекувчи, қанчаси спиртли ичимликлар истеъмол қилади, каби барчаси ҳақида аниқ маълумотга, электрон базага эга. Иш шу таҳлиллар асосида ташкил қилиняпти.

"Электрон поликлиника": Оворагарчиликларга чек қўйилади

Оилавий поликлиникаларда беморларни энг кўп қийнайдиган масала нима? Шифокор қабулига узундан узоқ навбат кутиш, албатта. Бу ҳолат, айниқса, ёш болали аёллар, ҳомиладорлар ва оғир беморларга янада қийинчилик туғдириши бор гап.

Бу муаммонинг ечими эса битта! У ҳам бўлса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этишдир.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугун юртимизда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан бирламчи бўғинда “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши соҳа ходимлари ва беморлар учун айни муддао бўлмоқда.

Яқинда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 7-сон оилавий поликлиникада “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг такомиллаштирилган янги талқини пилот тариқасида ишга туширилди. Кўп ўтмай бу янгилик бошқа манзилларда ҳам оммалаштирила бошлади.

Хўш, ушбу лойиҳанинг афзалликлари нимада? У беморлар, шифокор ва ҳамширалар учун қандай қулайиклар яратади?

Гап шундаки, аввалги тизимдан фарқли ўлароқ, мазкур дастурнинг патронаж хизмати рақамлаштирилиб, “Электрон рецепт” (реимбурсация) тизими жорий этилган. Шунингдек, унда реал вақт режимида статистик маълумотларни шакллантириш ва беморларга оид шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоялаш таъминланган ҳамда ахборот тизимлар ўзаро интеграция қилинган.

Такомиллаштирилган “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг жорий этилиши ҳисобига аввал бемор шифокор қабулида 40 дақиқа навбат кутган бўлса, энди мутахассис кўригига онлайн ёзилиш орқали бу вақт 10 дақиқагача қисқарди.

Қолаверса, автоматик ҳисобот шаклланиши орқали ойлик 28 турдаги бланк ва формалар бекор қилинди. Тиббий маълумотларни электрон шаклда сақлаш имкони яратилди. Тизим Давлат персоналлаштириш маркази, MIS-2 ва Электрон ҳукумат платформалари билан интеграция қилинди.

Мазкур янгиликнинг яна бир қулайлиги шундаки, оилавий поликлиникага келган беморнинг юзини аниқлаш дастурлари орқали дарҳол хизмат кўрсатиш режимига ўтилади. Яъни фуқародан шахсни тасдиқловчи хужжатлар сўраш билан ортиқча вақт йўқотилиши ва оворагарчиликларга чек қўйилади.

Шунингдек, унинг ёрдамида ягона тиббий рақам шакллантирилиб, бемор стационар даволанишлар ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиши ва ўзига тегишли тиббий маълумотномалар билан масофавий танишиш имконига эга бўлади.

Муҳими, янги лойиҳа оилавий поликлиниканинг ҳамшира ва шифокорлари учун янада қулайлик яратди.

Энг асосийси, янги тизим тиббиётни том маънода аҳолига яқинлаштириб, шифокор қабулига бўладиган узундан-узун навбатларга чек қўяди.

Вазиятлар маркази": Соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча ахборот тизимлари ягона мажмуа орқали назорат қилинади

Яқинда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида “Электрон поликлиника”, “Электрон стационар” ва “Электрон рецепт” тизимлари шу йил охиригача тўлиқ йўлга қўйилиши таъкидланган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон платформасининг “Вазиятлар маркази” очилиши ушбу тизимларни ўзаро интеграция қиладиган асосий платформа вазифасини бажаради.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 декабрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган Янги Ситуацион марказ — шулардан бири. Янги ишга туширилган ушбу тузилма тиббиёт ходимлари ва юртдошларимизга нима беради?

Энг аввало, марказнинг ташкил этилиши натижасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми йўлга қўйилади.

Марказ жойлардаги ахборот тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб, унда республикадаги 1700 дан ортиқ тиббиёт муассасаларининг маълумотлар базасини реал вақт режимида кўриш ва таҳлил қилиш имконияти мавжуд.

Маълумки, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 50 дан ортиқ ахборот тизимлари мавжуд бўлиб, улар ўртасида ўзаро интеграциялашув бўлмагани соҳадаги энг катта муаммолардан бири эди. Кўрилган чоралар натижасида ҳозир ўзаро интеграциялашув 30 фоизни ташкил қилмоқда. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 70 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Қолаверса, бирон-бир ахборот тизимида носозлик, техник узилиш юзага келса, уни шифокор ёки ҳамшираларни овора қилмасдан, марказ орқали тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, янги тизим беморлар тиббиёт муассасаларида узундан-узун навбат кутмасдан, шифокор қабулига онлайн ёзилиши, улар томонидан скрининг ва текширувларни ўтказиш жараёнларини ташкил этишда бош платформа бўлиб хизмат қилади. Бу, табиийки, тиббиётнинг бирламчи бўғини фаолиятини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш, малакали тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш ва пировардида халқни рози қилишда муҳим пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Ўхшаш янгиликлар