• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15°C
Detail image

Россия 29 апрель куни Одессани ўққа тутиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етди, 32 киши яраланди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий администрация раҳбари Олег Кипер хабар берди.

“29 апрель соат 22:00 ҳолатига кўра, тўрт киши ҳалок бўлди, бир ит ҳам нобуд бўлди. Яна бир киши ҳужум оқибатида юзага келган инсульт сабабли вафот этди. 32 киши жароҳат олди, 25 киши касалхонада, жумладан, икки бола ва бир нафар ҳомиладор аёл. Йўқолган беш ёшли қиз оғир аҳволда, яна олти киши реанимацияда”, — дейилади хабарда.
“Афсуски, қурбонлар сони ортиб бормоқда, ёш аёл касалхонада вафот этди. Реанимациядаги эркакнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашилмоқда”, — дейди Одесса мэри Геннадий Труханов.

Кейинчалик, бир киши касалхонада вафот этгани маълум бўлди, аммо бу ўша одамми ёки йўқми номаълум, деб ёзади UNIAN.

Шаҳар раҳбарининг сўзларига кўра, қурбонларнинг аксарияти Қора денгиз соҳиллари яқинида шунчаки сайр қилган.

“Одесса, одамлар денгиз бўйида сайр қилади ва улар ўлдирилмоқда. Улар гўёки одамларни, болаларни ўлдириш орқали ўзларини ҳимоялаётганини даъво қилмоқда”, — дея таъкидлади Труханов.

“Россия ҳарбийлари шаҳарни баллистик ракета билан, дастлаб кассетали ўқ-дорилар билан ўққа тутган. Бундай ўқ-дорилар тирик кучни йўқ қилиш учун ишлатилади. Улар техника ва биноларга эмас, биринчи навбатда одамларга таҳдид солади”, — дейди Олег Кипер. Украина жанубий мудофаа кучлари вакили Дмитрий Плетенчук ҳам Одессани ўққа тутишда кассетали каллакли “Искандер-М” ракетаси ишлатилганини маълум қилди.

Ҳужум оқибатида Одесса юридик академияси университетининг саройида содир бўлган кенг кўламли ёнғин ўчирилган, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати. Ҳужумга учраган бино Одессадаги энг машҳур бинолардан бири бўлиб, маҳаллий аҳоли уни “Гарри Поттер қалъаси” ёки “Кивалов қалъаси” деб атайди.

Одессадаги ракета ҳужуми оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани муносабати билан бугун шаҳар ва вилоятда бир кунлик мотам эълон қилинди.

Ўхшаш янгиликлар