• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +21°C
Detail image

Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл"да содир этилган теракт иштирокчиларининг ҳеч бири адолатли жазодан қутулиб қолмаслиги керак. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Хавфсизлик масалалари бўйича юқори вакилларнинг 12-халқаро йиғилиши иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши шафелигида Санкт-Петербургда Хавфсизлик масалалари бўйича юқори вакилларнинг 12-халқаро йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Россия махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу теракт иштирокчилари, жумладан буюртмачилар, ҳомийлар ва ташкилотчиларни аниқламоқда.

"Уларнинг ҳеч бири адолатли жазодан қочиб қутула олмайди", — деб таъкидлади Путин.

Унинг сўзларига кўра, террорчиларнинг усуллари тобора мураккаб ва ваҳший бўлиб бормоқда.

"Жиноятчиларнинг усуллари тобора мураккаб ва ваҳший бўлиб бормоқда, буни 22 март куни Москва вилоятида содир бўлган қонли теракт яна бир бор кўрсатди", — дея қўшимча қилди у.

Россия президенти анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлаш ва ҳимоя қилишни давлатлар суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим шарти деб атади.

“Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, ўз халқларининг миллий ва ўзига хослигини ҳимоя қиладиган, аждодлари хотирасини эъзозлайдиган, шу билан бирга бошқа маданият ва анъаналарни ҳурмат қиладиган давлатлар изчил ва мустақил ривожланмоқда”, — деди у.

Унинг фикрича, бу ёндашув кўп қутбли дунё тартиби шаклланаётган ва глобал кучлар мувозанати жаҳон кўпчилик фойдасига босқичма-босқич ўзгариб бораётган, янги тараққиёт марказлари фаол мустаҳкамланиб бораётган бугунги кунда айниқса муҳимдир.

ХХI асрнинг энг жиддий таҳдидларидан бири халқаро терроризм бўлиб қолмоқда, уни нафақат радикал гуруҳлар, балки айрим давлатларнинг разведка хизматлари ҳам қўллаб-қувватламоқда, дея қўшимча қилди Путин.

Ахборот соҳасини таҳдидлардан ҳимоя қилиш барча мамлакатлар учун долзарб бўлиб, миллий хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун ниҳоятда муҳим, деди Владимир Путин.

“Учрашувингизда ахборот маконини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш масалаларига устувор эътибор қаратишини биламан. Мавзу барча давлатлар учун долзарб, миллий хавфсизлик, ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун жуда муҳим”, — деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, Россия глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлашда барча манфаатдор шериклар билан яқин ҳамкорликка тайёр.

“Яна бир бор таъкидламоқчиман: Россия глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, кўпчилик мамлакатлар манфаатларига жавоб берадиган янги кўп қутбли дунё тартибини шакллантиришда барча манфаатдор шериклар билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр”.

Россия етакчиси тадбир мамлакатлар ва халқлар фаровонлиги, сайёрада тинчлик ва барқарорлик манфаатлари йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишонч билдирди.

Ўхшаш янгиликлар