• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25.8°C
Detail image

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Экологик назорат инспекцияси томонидан Тошкент шаҳри, Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси бўйида навбатдаги рейд тадбирлари олиб борилди.

Рейд давомида дарёнинг муҳофаза минтақасида 1 дона экскаватор ва 2 дона юк машинаси ёрдамида қум-шағал қазиб олиниб, ўрнига қурилиш бетон қолдиқлари жойлаштирилаётганлиги аниқланди ва транспорт воситалари воқеа жойида тўхтатилди.

Ўрганиш давомида бу ишлар "ГРМ" МЧЖга (корхона номи қисқартирилган) тегишли техникалар ёрдамида ҳеч қандай рухсатномасиз амалга оширилаётганлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Сергели тумани ҳокимининг 2019-йил 26-августдаги фармойишига асосан Сергели тумани, Қурувчи даҳаси, 25-уйда жойлашган 2,26 гектар ер майдони ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида "ГРМ" МЧЖга бириктириб берилган. Фармойишнинг 3-бандида мазкур ҳудудда дарахт ва гул кўчатларини экиш белгиланиб, 4-бандида бириктирилган ҳудудда қурилиш ва бошқа чиқиндиларни жойлаштириш жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Фармойиш талабларига амал қилинмаганлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 22-моддаси ҳамда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддаси талаблари бузилган. Табиатга қум-шағал қазиб олиниши натижасида 21,4 миллиард, чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилиши натижасида эса 112,5 миллион сўмга яқин зарар етказилган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура хатига асосан Тошкент шаҳри, Сергели туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг бошқа бир қисмида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада дарёнинг муҳофаза зонаси ва қирғоқ бўйида тахминан 4 гектарга яқин майдонда қазиш ишлари амалга оширилганлиги маълум бўлди. Табиатга етказилган зарар миқдори эса қарийб 62,3 миллиард сўмни ташкил қилди.

Юқоридаги ҳар икки ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида барча ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.

Ўхшаш янгиликлар