• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24.9°C
Detail image

19 апрель куни АҚШдаги Колумбия университетида Фаластинни қўллаб-қувватлаб намойишга чиққан талабалар полиция томонидан қўлгаолингани ортидан бошланган норозиликлар тўлқини бутун мамлакатни қамраб олди. The New York Times маълумотларига кўра, шу вақтга қадар 700 дан ортиқ талаба қўлга олинди.

Талабалар университетларнинг Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишини қўллаб-қувватловчи компанияларга молиявий сармоя киритишига қарши норозилик билдиришмоқда. Талабалар талаблари орасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш, АҚШнинг Исроил ишғолига ҳарбий ёрдамини тўхтатиш ва Исроил ишғол армиясига қурол етказиб берувчи компаниялардан университет сармояларини олиб қўйиш ҳам киради.

Аксарият университетларда талабалар полициянинг намойишчиларни тарқатиш, мусулмон талабаларнинг ибодатларига қаршилик кўрсатишга уринишларига тўсқинлик қилмоқда. Жумладан, Оҳаё университетида намоз ўқиётган мусулмон талабаларни ушбу университетда таҳсил олувчи бошқа талабалар полициядан ҳимоя қилиб турди (видео).

Бостондаги Шимоли-Шарқий университет талабалари Ғазони қўллаб-қувватлаб чодир тиккан талабаларни олиб кетаётган полиция машинасининг чиқиб кетишига тўсқинлик қилди.

Нью-Йоркдаги Колумбия университетида диндор яҳудийлар Ғазо ва Фаластинга ҳамдардлик сифатида чодирли оромгоҳ қурган талабаларни қўллаб-қувватлаш учун чиқишди.

Яна бир қизиқ ҳолат. Ғазолик болалар Америкада уларни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказаётган талабаларга ўзига хос тарзда миннатдорчилик билдирмоқда. Улар ўзлари яшаб турган чодирларга “Колумбия университети талабаларига раҳмат”, “Талабалар бизга умид бермоқда”, “Рафаҳдан. Биз сизга куч-қувват юборамиз”, “Ғазо болалари сизлар билан фаҳрланади” каби шиорларни ёзиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришмоқда.

Аввалроқ ҳибсга олишлар фонида бошқа таълим муассасаларида норозилик намойишларининг олдини олиш чоралари кўрилгани маълум бўлган эди. Жумладан, Ҳарвард университетида тарихий ҳудудга кириш чекланди, бир қатор университетлар масофавий таълимга ўтди. Айрим олийгоҳлар талабаларини Фаластинни қўллаб-қувватловчи ҳаракатларда қатнашгани учун ўқишдан четлаштирилди.

Ўхшаш янгиликлар