• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19°C
Detail image

Хабарингиз бор, Ҳиндистонда 19-апрел куни 44 кун давом этадиган парламент сайловлари бошланди, унда салкам 1 млрд сайловчи иштирок этади. Сўровлар бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси ғалаба қозонишини башорат қилмоқда, шундай бўлса, Моди кетма-кет учинчи муддатга қайта сайланиши мумкин. Хўш, амалдаги бош вазир Нарендра Моди халққа нималарни ваъда қилмоқда?

Ушбу сайловда Моди ўз олдига улкан мақсад қўйди — 400 ўрин билан кўпчиликнинг овозини қўлга киритиш, шундан 370 ўрин тўғридан-тўғри БЖП томонидан, қолганлари эса Миллий демократик альянс томонидан назорат қилинади.

БЖПнинг сайлов кампанияси иш ўринлари яратиш, қашшоқликни бартараф этиш ва ривожланиш дастурларига қаратилган бўлиб, аёллар, камбағаллар, ёшлар ва фермерлар манфаатларини илгари суради.

Моди Ҳиндистонни глобал ишлаб чиқариш марказига айлантирмоқчи, инфратузилмани кенг кўламли ўзгартиришни давом эттирмоқчи ва 2047 йилгача энергия мустақиллигига эришмоқчи, деб ёзмоқда CNN.

2023 йилда Ҳиндистон ялпи ички маҳсулоти 3,7 триллион долларни ташкил этган ҳолда дунёдаги бешинчи йирик иқтисодиётга айланди. Моди учинчи муддатга сайланиши билан Ҳиндистон дунёнинг учинчи йирик иқтисодиётига айланишига ваъда берди.

Моди, шунингдек, Ҳиндистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлишини, 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш бўйича танловда ғалаба қозонишини ва ҳинд астронавтлари Ойга қўнишини истайди.

БЖПнинг қўллаб-қувватлаш базасини ҳиндулар ташкил этади, улар мамлакатда кўпчиликни ташкил қилади — 1,42 миллиард аҳолининг 80 фоизи.

INDIA альянси, ўз навбатида, ҳукмрон партия устидан ғалаба Ҳиндистоннинг демократик ва дунёвий тизимини сақлаб қолиш, унинг маргиналлашган жамоалари турмуш шароитини яхшилаш, фермерлар учун нархлар кўтарилишини таъминлаш ва ёшлар учун иш ўринларини яратиш учун зарурлигини таъкидлайди.

Ўхшаш янгиликлар