• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23°C
Detail image

Маълумотларга кўра, мамлакатдаги жами автомобиль йўллари тармоғи узунлиги 209,5 минг километрдан зиёд. Шунингдек, автомобиль йўлларининг 9 фоизи халқаро, 33 фоизи давлат ҳамда 58 фоизи маҳаллий аҳамиятдаги йўллардир.

Шаҳар кўчаларида автомобиллар ва пиёдалар ҳаракати сезиларли даражада ошиб бормоқда. Кўчаларда пайдо бўлган чуқурлар нафақат автотранспортга, балки пиёдаларга ҳам азият етказиши ҳеч кимга сир эмас.

Хўш, бугун йўллардаги мавжуд муаммоларни баратараф этиш, янги йўллар қуриш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

Республикамиз ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, жумладан жойларда ички йўллар ҳолатини яхшилаш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълумотларига кўра, мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларнинг йиғма параметрлари тасдиқланди.

Тасдиқланган йиғма параметрларга асосан Автомобиль йўллари қўмитаси буюртмачилигида 3,3 триллион сўм маблағ ҳисобига жойлардаги 2 минг 548 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2 минг 696 та объектда жами 8 минг 209 км ички йўллар ва 63 та кўприк таъмирланиши режалаштирилган.

Хусусан, 8 минг 209 км узунликдаги ички йўлларни таъмирлаш доирасида 465,3 км ички йўлларга цементбетон, 4 941,7 км йўлларга асфальтбетон қопламаси ётқизилади. 2 минг 802 км йўллар шағаллаштирилади.

Бугунга келиб, таъмирланадиган ички йўллар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан сектор раҳбарларининг жойларда жамоатчилик фикри ва талабини инобатга олган ҳолда билдирилган таклифлари асосида шакллантирилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланган дастур доирасида барча 2 минг 696 та объект бўйича лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали аниқланган.

Жорий йил бошига ҳудудларда 26 минг 325 км тупроқ йўллари мавжуд бўлган бўлса, ушбу йўлларга цемент ва асфальтбетон қопламалари ётқизилган. Йўллар шағаллаштирилиши натижасида тупроқ йўллар 3 минг 822 кмга камайиб, бугунги кунда 22 минг 503 кмни ташкил этмоқда.

Дастур доирасида амалга оширилган ишлар натижасида қишлоқларда аҳолини қийнаб келаётган ички йўллар билан боғлиқ ҳолат яхшиланиб, аҳолининг турмуш тарзида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Шунингдек, йўл ва йўл иншоотлари ҳудудларини ободонлаштириш ишлари юзасидан 350 дан ортиқ бригадалар ташкил қилиниб, 10 минг 500 нафардан ортиқ ишчи жалб қилинган. Сел ва тошқинлар доимий равишда кузатиладиган ҳудудлардаги автомобиль йўлларида жойлашган кўприклар ва қувурлар сув ўтказувчанлигини яхшилаш мақсадида тозалаш ишлари амалга оширилган.

2023 йил давомида 517 км пиёдалар йўлагида таъмирлаш ишлари бажарилди. 26 минг 112 дона эскирган йўл белгилари янгисига алмаштирилган, 6 минг 405 дона қўшимча янги йўл белгилари ва йўл кўрсаткичлари ўрнатилган. 14 минг 493 км йўл ётиқ чизиқлари ва 1 минг 923 та пиёдалар ўтиш жойларида ётиқ чизиқлар чизилган.

Ўхшаш янгиликлар