• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +13°C
Detail image

Бугун Жаҳон банкиниг ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 143 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағлар мамлакат ҳукумати томонидан жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳасини молиялаштириш ва қурилиш секторида “яшил” энергияга инвестицияларни жалб қилиш бўйича институционал ва норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш учун сарфланади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Жаҳон банкининг матбуот хизмати маълум қилди.

Имтиёзли молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассотсиатсияси (ХТА) томонидан паст фоиз ставкаси бўйича 30 йил муддатга, шу жумладан беш йиллик имтиёзли давр билан тақдим этилади.

Ўзбекистонда якуний энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади, иккинчи ўринда саноат (22 фоиз) ва транспорт (20 фоиз) соҳалари туради. Туман шифохоналарида истеъмол қилинадиган умумий энергиянинг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ врачлик пунктларида 88 фоизи ва мактабларда 97 фоизи биноларни иситиш учун сарфланади.

Жамоат биноларининг аксарияти 1970 ва 1980-йилларда қурилган ва уларда энергия самарадорлигига катта эътибор қаратилмаган. Ушбу иншоотларнинг иссиқлик изоляцияси қониқарсиз даражада ва улар ҳарорат қулайлиги стандартларига жавоб бермайди. Бу биноларда энергия истеъмоли юқори даражада бўлган эски қозонхоналар ва сув иситиш тизимларидан фойдаланилади.

Жаҳон банкининг 2021 йилги тадқиқоти аниқлашича, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали йилига 7000 гигаватт-соатдан (ГВт/соат) ортиқ энергия тежалиши мумкин, шундан тахминан 6810 ГВт/соати иссиқлик ва 240 ГВт/соатдан  кўпроғи электр энергияси кўринишида.

«Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган ушбу янги лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Лойиҳа бинолар секторининг ўзгарувчан иқлим шароитларига тайёргарлигини ошириш, энергия сарфини камайтириш ва атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиришга ёрдам беради, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. Бу яқинда қабул қилинган Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022-2026-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалардан биридир. Унинг устувор йўналишлари орасида миллий иқтисодиётнинг экологик барқарор ўсишга ўтишида Ўзбекистонга кўмаклашиш ҳам бор».

Лойиҳа Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва унинг бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси (ТЭЖ) томонидан амалга оширилади. Жамғарма 2020 йилда иқтисодий, ижтимоий ва турар-жой соҳаларида инвестицияларни жалб қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган.

Лойиҳа доирасида ТЭЖ мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарларда жойлашган мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш вазирликлари муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича тадбирларни молиялаштиради

ТЭЖ биноларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, зарур ишларни харид қилиш ва молиялаштириш, шунингдек биноларнинг энергия тежашини ўлчаш ва текшириш бўйича хизматларни тақдим этади.

Юқорида қайд этилган жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар уларнинг иссиқлик изолятсияси ва иситиш, вентилятсия, ҳаво алмашиши ва ёритиш тизимларини такомиллаштиришни ўз ичига олади. Шунингдек, тегишли муассасалардаги кўмир қозонлари қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган иситиш ва сув иситиш тизимларига алмаштирилади. Масалан, иссиқлик насослари ва қуёш коллекторлари билан бирлаштирилган қуёш панеллари ўрнатилиши мумкин

Лойиҳа доирасида қамраб олинадиган жамоат бинолари етарли даражада иситолмаслик ёки қизиб кетишнинг олдини олиш учун миллий ҳарорат қулайлиги стандартларига мос келадиган тарзда модернизатсия қилинади. Лойиҳа чора-тадбирлари энергия сарфини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, тегишли муассасаларнинг, айниқса, қиш ойларида энергия таъминоти ишончлилигини ошириш, мактабгача таълим ва мактаб муассасалари ўқувчилари, шифохона беморлари, шунингдек, ушбу муассасалар ходимлари учун ҳарорат қулайлигини ошириш орқали давлат хизматлари сифатини яхшилайди.

Қўшимча тарзда, лойиҳа ТЭЖнинг турли соҳаларда “яшил” энергияни жорий қилиш чораларига инвестиция қилиш имкониятларини яхшилайди. Лойиҳа “Ижтимоий, тижорат ва маъмурий-маиший бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш” миллий дастурини ишга тушириш ва “яшил” энергияга инвестиция бозорини тартибга солиш бўйича қонунчиликни ишлаб чиқишда ёрдам беради. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида фуқароларнинг энергия самарадорлиги масалалари бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги энг йирик дастурлардан биридир. У 5,4 миллиард долларлик молиявий мажбуриятларга эга 29 та лойиҳадан иборат. Лойиҳалар турли соҳаларда давлат режаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. Масалан, муҳим макроиқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш, сув таъминоти ва канализация, энергия самарадорлиги, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, инновациялар, солиқ ва статистика тизимларини ислоҳ қилиш йўналишларида. Шунингдек, Жаҳон банки расмийларга COVID-19 пандемиясининг иқтисодиёт, аҳоли саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини юмшатишда ёрдам бермоқда.

Ўхшаш янгиликлар