• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image
ЖЧда офсайдни аниқловчи янги тизим жорий этилади. У қандай ишлайди?
2022 йилги жаҳон чемпионатида яримавтоматик офсайд тизими ишлайди – бу ҳақда ФИФА маълум қилди.

Бу тизим нимага керак?

Офсайдни аниқлаш ҳатто VAR ва чизиқлар билан ҳам мураккаблигича қолмоқда. Асосий эътирозлар иккита ҳолатга қаратилган:

1. Офсайд чизиқларининг аниқлиги (аниқроғи, уларни чизиш тамойиллари) ишонарли эмас.

2. «Ўйиндан ташқари ҳолат»ни текшириш жуда узоқ вақт талаб этади. Баъзида эса бу бемаъни кўринади: футболчи голни нишонлайди (ёки нишонлай олмай туради), ҳакам VAR қарорини кутади, кейин эса голни ҳисоблайди (ёки бекор қилади).

Янги технология атиги 3-5 сонияда қарор қабул қилишга, инсон аралашувисиз чизиқ тортишга ёрдам беради.

Ҳозир эса қарорлар субъектив: видеоҳакамлар футболчи танасининг дарвозага яқин бўлган қисмларини қўлда аниқлайди, ундан проекция чизишади (ва маълум бўлишича, футболчининг елкаси қаерда тугаши ҳақида ҳар кимнинг ўз фикри бор), кейин, тўп узатилган вазиятдаги стоп-кадрни танлашади. Катта тезликда ҳаракатланаётган футболчилар билан боғлиқ офсайд ҳолатида сониялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Автоматлаштирилган тизим бу субъективликни ўлдириши керак.

Тизим қандай ишлайди?

Янги технологияда 12 та кузатув камераси қўлланади, улар стадион томи остига ўрнатилади. Камераларнинг вазифаси тўпни ва ҳар бир футболчи танасидаги 29 та нуқтани кузатишдан иборат. Маълумотни қайта ишлаш тезлиги – секундига 50 та фиксация. Шу туфайли, футболчиларнинг барча ҳаракатлари технология эътиборидан четда қолмайди. Нуқталар – офсайдга алоқадор бўлган тана қисмларидир.

2022 йилги жаҳон чемпионатининг тўпи – «Ар-Риҳла» технология ишида муҳим рол ўйнайди. Офсайдни аниқлаш учун унга инерция ўлчов блоки датчиги ўрнатилади. У сезгир элементлар тўпламидан (гироскоп ва акселерометр) иборат. Тўпдан олинган маълумотлар секундига 500 марта VAR хонасига етказилади. Бу эса тўпни узатиш, қайтариш ва рикошет билан боғлиқ вазиятни яхшироқ аниқлаш имконини беради.

Тизим ушбу маълумотларни тўплайди ва сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади. Натижада, VAR тизими ҳакамлари футболчи офсайдда тўпни қабул қилиб олса, дарҳол хабардор бўлишади.

Нима учун офсайдлар автоматик эмас, яримавтоматик деб аталади?

Янги технология ишга тушса-да, VAR тизими бекор қилинмайди. Бу технология унинг ишини мукаммалаштиради. Бош ҳакамга офсайд ҳолати ҳақида хабар беришдан олдин видеоассистентлар технология тўп узатилган ҳолатни тўғри аниқлагани ва офсайд чизиғи тўғри чизилганини текширишади. Бу бир неча сония вақт олади.

Қарор тасдиқланганидан сўнг, тизим маълумотларга асосланиб вазиятнинг анимацион 3D моделини чизади. Лавҳа исбот тариқасида ТВ трансляцияси ва стадиондаги табло орқали мухлисларга намойиш этилади.

Технология 2021 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва 2021 йилги Араб Кубогида синовдан ўтган. Онлайн ва офлайн тестлар давомида тўпланган маълумотлар Массачусетс технология институти спорт лабораторияси томонидан таҳлил қилинди ва тасдиқланди. Кузатув технологияси эса Виктория университети томонидан илмий жиҳатдан исботланган. Бундай кўп камерали кузатув тизимининг технологик имкониятларини Цюрих тадқиқот гуруҳи ҳам тасдиқлаган.

Келгуси ойларда тизимни аниқроқ созлаш учун қўшимча тестлар ўтказилади, сўнгра тизимдан фойдаланиш стандартлари жорий қилинади.

«2018 йилги жаҳон чемпионатида VAR тизими муваффақиятли ишга туширилди, бу ФИФА томонидан ташланган дадил қадам бўлган эди. Яримавтоматик офсайд технологияси – VAR эволюциясидир. Ушбу технология уч йиллик тадқиқот ва синовларнинг натижаси ҳисобланади. Биз жаҳон чемпионатида бутун дунё яримавтоматик офсайд технологияси афзалликларини кўришини интиқлик билан кутамиз», дея ғурур билан тушунтирди ФИФА президенти Жанни Инфантино.

Аммо якуний қарорни барибир ҳакамлар қабул қилади, офсайд чизиқлари ва тана қисмлари бўйича баҳслар компютер зиммасига юклатилади. Видео ёрдамчи фақат иш натижасини текширади ва якуний қарорни қабул қилади.

ФИФА учун якуний қарор инсон зиммасида қолиши муҳим эди ва бу технология ушбу талабга жавоб бермоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар