• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image
“Яқин Шарқда янги уруш шарпаси кезмоқда” — сиёсатшунос Суҳроб Бўронов
Суриядаги Эрон элчихонаси
Фото: news.myseldon.com

Кеча, 1 апрель куни тунда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия пойтахти Дамашқ шаҳрида жойлашган Эрон элчихонаси ва консуллигига ракета зарбасини амалга оширди. Маълумотларга кўра, ҳужум натижасида 7 нафар эронлик ҳарбий, 3 нафар Сурия фуқароси ва 1 нафар ливанлик ҳалок бўлган. Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов “Дарё”га бу воқеалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сиёсатшуноснинг билдиришича, Дамашқдаги Эрон консуллигига Исроил томонидан уюштирилган ҳужум “Дипломатик ва консуллик муносабатлари тўғрисида”ги Вена конвенциясининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади. Конвенцияга кўра, дипломатик ва консуллик муассасалари меҳмон давлатнинг “ҳудуди” сифатида қаралади ва дахлсиздир. Шу жиҳатдан, Исроилнинг бундай зарбаси Эронга қарши уруш очиш билан баробар ҳодиса саналади.

“Тахминимизча, Исроилнинг бундай йўл тутишига 3 та туртки бўлган бўлиши мумкин:

Биринчидан, Сурия омили. Маълумки, Россия Украина билан, АҚШ Фаластин-Исроил низоси билан овора бўлаётган бир шароитда Сурияда ўзига хос “геосиёсий бўшлиқ” вужудга келган эди. Ушбу “бўшлиқ”ни тўлдиришга даъвогар асосий давлатлардан бири Эрон ҳисобланади.

Jusoor for studies’нинг таҳлилларига кўра, Сурияда жами 830 та хорижий ҳарбий тузилмалар мавжуд бўлиб, булар Америка бошчилигидаги халқаро коалициянинг 17 та ҳарбий нуқтаси, Туркиянинг 12 та ҳарбий тузилмаси, Россиянинг 20 та ҳарбий нуқтаси ҳамда Эроннинг 55 та ҳарбий тузилмаси ҳисобланади.

Бундан Сурия 4 та давлат томонидан бўлиб олингани ва улар орасида Эроннинг ҳарбий таъсири юқори ўринда турганлигини англаш мумкин. Эрон Сурия ва Ливанда жойлашган қуролли прокси гуруҳларини қўллаб-қувватлаш орқали Исроил манфаатларига дахл қила олади.

Иккинчидан, ҳусийларнинг Қизил денгизда амалга ошираётган ҳужумлари. Ушбу ҳужумлар Исроилнинг Бен Гурион канали лойиҳаси ёки Американинг денгиз ҳукмронлигига қарши ҳаракатлар ҳисобланади.

Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов
Фото: “Дарё”

Учинчидан, 26 март санасида ҲАМАСнинг Сиёсий бюроси раҳбари Теҳронга ташриф буюрган ва Эрон расмийлари (Олий раҳнамо, президент, ташқи ишлар вазири) билан музокаралар олиб борган эди. Бу ҳам Исроил томонини ташвишга солган бўлиши мумкин.

Эрон томони бу ҳодисага қарши кескин жавоб беради. Бу ҳақда Теҳрон расмийлари маълум қилишди”, — дейди Суҳроб Бўронов.

Сиёсатшуноснинг хулоса қилишича, Яқин Шарқда янги уруш шарпаси кезмоқда. Исроил эса минтақанинг қайтадан беқарорлашуви ва турли низолар эскалациясининг асосий сабабчиси бўлиб қолмоқда.

Маълумот ўрнида, ҳозирча Исроил ҳукумати Эрон элчихонасига амалга оширилган ҳужум борасида расмий муносабат билдиргани йўқ. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

arenda kvartira tashkent


Ўхшаш янгиликлар