• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +7°C
Detail image
Уч хайрли дўст
Дўст ким?
- Бизга ҳамиша яхшиликни раво кўрадиган, яхши кунимизда суюниб, мусибатимизга дилдан куюнадиган ҳамроҳ.
- Нуқсонларимизни ҳеч кимга айтмайдиган, биз билан ҳам бошқасини ғийбат қилмайдиган, дўстини гуноҳлардан тўсадиган йўлдош.
- Ўринсиз мақтовлар билан белимизни синдирмайдиган, айбимизни юзимизга айтибгина қолмай, уларни бартараф этишда ёрдамчи.
- Фақат бу дунёнинг эмас, охират яхшиликларини ҳам илинувчи, уларга ноил бўлишимизни сўраб ҳақимизга дуода бўлгувчи меҳрибон.
- Бергани, бермоқ истагани, дуо-ю тилаклари беминнат дилдош.

Санаб ўтганларимиз асло дўстдан бизнинг талабларимиз эмас, унда бор фазилатларнинг айримлари. «Бундай бебаҳо дўсти бўлишини ҳамма истайди-ю... осон эмас-да», дейсизми? Бу ҳам тўғри, лекин дунё муҳаббати билан ёнган қалбимиз, унга эришиш йўлида ҳорган танимизни бир зум тин олдириб, борлиққа теранроқ назар ташлайлик – қаршимиздан бир эмас, учта шундай хайрли дўст қучоқ очиб келмоқда.

Юқорида келтирилган, келтирилмаган жамики хайрли жиҳатларни ўзида жамлаган уч ҳамроҳ.

Бизни ҳар йили йўқлайдиган, йўқлаганда ҳам баҳосиз ҳадялар билан қалбимизга, хонадонларимизга ташриф буюргувчи уч йўлдош.

Ҳам дунё, ҳам охират яхшиликларини самимий илинган, бизни маъсиятдан тўсиб, эзгуликка тарғиб қилган уч меҳрибон.

Уч дўст, Раҳиму Раҳмон Зот бизга сон-саноқсиз неъматлар ичра ато этган неъмат – Ражаб, Шаъбон, Рамазон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши дўст, яхши ҳамроҳни мушк кўтариб юрувчига тенглаганлар. У бизга мушкидан беради ёки ўзимиз ундан сотиб оламиз. Ҳеч бўлмаганда хушбўй ҳидидан баҳраманд бўламиз. Бу уч муборак дўст ҳамроҳлигидан тақво либосимизга мушк ислари ўрнашса, қандай яхши!

Қандай яхши бу неъмат қадрига етиб, ўзлари ҳам уч ойга содиқ дўст бўла олганларга!

Ҳар йили бўлганидек, яна гўзал мавсум – уч муборак ой билан юзма-юзмиз. Дўстлик – неъмат, неъмат зиёдалигига эришиш унинг шукрини адо этиш билан бўлади. Шундай экан, биздан лозим амал – қаршимиздан қучоқ очиб келаётган уч дўстга пешвоз чиқмоқ. Покланиш мавсумига тилу дилимизда: «Аллоҳим, бизга Ражаб, Шаъбонни муборак қил ва бизни Рамазонга етказ», дуоси билан кириб бормоқ. Файзли кун ва кечаларни Аллоҳ таоло марҳаматидан умидвор бўлиб, ибодат, истиғфор ва хайрли амаллар билан ўтказмоқ...

Зотан, олдинда ўзимизни ислоҳ қилиш, амалларимизга теранроқ назар ташлаш палласи. Ҳар дамгидан ҳам самимий, меҳр-оқибатли бўлиб, қариндошлик, дўст-биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаш, жаннатга яқинлашиб, дўзахдан нажот топиш вақти. Аллоҳ таолодан бу муборак мавсум файзидан баҳраманд бўлиш саодатини барчамизга насиб этишини сўраб дуо қиламиз.

Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар