• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15°C
Detail image

“Ташаббусли бюджет”: Ташкилотчи, иқтисодчи ва блогер баҳси

Ижтимоий тармоқ – қизиқ жой. У аввало омма учун мулоқот майдони бўлса, иккинчи ўринда жамиятнинг микро модели сифатида ижтимоий кайфият ойнаси, масъулларга, ҳукуматга муаммолар ҳақида гапирадиган майдон вазифасини ҳам ўтамоқда. Хусусан, Ўзбекистонда шундай бир тенденция шаклланиб улгурган.

Сўнгги кунларда мана шу майдоннинг ўзбек сегментида бир мавзу кенг муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлмоқдаки, Kun.uz мухбири айни мавзуни жамоатчилик фаоллари, масалага бевосита масъуллар иштирокида таҳлил қилди.

Ташаббусли бюджет – бу лойиҳа орқали одамлар сўнгги вақтларда чиндан ҳам ўз овозининг аҳамиятига ишона бошлагани, англаётгани, дахлдорликни сезаётгани, бир мақсад йўлида ўзаро уюшишни ўргангани рост. Аммо...

Интервью давомида ана шу “аммо” ҳақида, лойиҳанинг баҳсларга сабаб бўлаётган айрим қирралари ҳақида гаплашилди.

Интервью меҳмонлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов, иқтисодчи Отабек Бакиров ва блогер Умид Ғофуров бўлди.

— Умид ака, бугунги интервьюга сизни бежиз таклиф қилмадим. Юқорида айтганимдек, лойиҳанинг айрим жиҳатлари бўйича маълум бир қатлам инсонларда эътирозлар бор ва бу ҳақда сиз ҳам доимий тарзда фикр билдириб келасиз.

Хўш, лойиҳада сизни қониқтирмайдиган жиҳатлар айнан қайсилар? Жамоатчилик вакили сифатида ўша иккинчи томон нимани ўзгартиришни истаётганини бизга аниқ қилиб тушунтириб бероласизми?

Умид Ғофуров:

— Бу ҳақида ўтган йилдан бошлаб ёзаман мен. Бир томондан яхши бу лойиҳа. Лойиҳа сайти ташкил қилинганида мен унинг номидан келиб чиқиб, бошқача ўйлаган эдим. Яъни биздаги айрим муаммолар бюджетнинг очиқ эмаслигидан келиб чиқади, Open budget (очиқ бюджет) шунга ечим деб ўйлаган эдим. Менга ёқмаётган томони шуки, давлат пул етмаяпти, бор пулни ўзларинг ҳал қилиб олинглар, деётгандек бўляпти. Тўғри, ҳамма нарсага ҳам етмайди пул. Лекин бугунги кўриниши овоз йиғолсанг, бўлади, йўқса, ўзинг айбор бўласан, дегандек.

Эътирозим шуки, биз сабаблар билан курашмаяпмиз. Йил бошида бюджет маблағи тақсимланади соҳаларга. Биз шу маблағнинг сарфланишини назоратга олмаяпмиз. Асосий бюджет назорати кучайтирилса, ташаббусли бюджетга эҳтиёжимиз қолмайди. Бошқа давлатларда ташаббусли бюджет ортган маблағ эвазига бўлади. Бизда ҳам ортган пул ҳисобига бўляпти. Лекин ғалати: бирламчи эҳтиёж бўлган масалалар ортган пулдан қилинадиган нарсалар эмас, уларни қилиш шарт.

Лойиҳа формасига эътирозим бор яна. Ростдан Open budget бўлганда, дейлик, биз исталган пайтда қайсидир объектнинг ким томонидан, қанча маблағга қурганини очиқ маълумотларда кўришимиз мумкин бўлади ва мана шу очиқ бюджет бўлади.

Доимий эътирозлар эса ўқитувчилар ва бошқалар овоз йиғиб юришга мажбур бўлаётгани. Ҳар бир ўқитувчига 80 та овоз йиғиш мажбурияти ҳам юклатилган. Иккита мактаб бўлса, биттаси ютади, бир-бири билан курашга айланиб кетяпти. Энг кўп эътирозлар ҳам айнан шунда. Мажбурийга айланиб қолгандек.

— Азимжон ака, интервью давомида Умид ака билдирган танқидларга бирма-бири яна қайтамиз. Сиз вазирлик масъули сифатида нафақат Умид ака, балки жамоатчиликнинг маълум бир қисмидан бўлаётган танқидларни қандай кузатяпсиз ва уларга умумий бир фикрингизни билдирсангиз?

Азимжон Ҳасанов:

— Тўғри, ташаббусли бюджет лойиҳаси ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти. Айнан ўқитувчилар ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларининг овоз йиғишга мажбурланиши каби хабарлар янграяпти. Фуқаролар томонидан давлат ўзи қилиши керак бўлган нарсалар учун нега овоз йиғяпти, деган саволлар ҳам қўйиляпти.

Ҳар йили давлат бюджетидан ижтимоий соҳа учун инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади. Ташаббусли бюджет лойиҳаси эса шуларга қўшимча тарзда фуқароларга имконият бериб, кўпроқ муаммоларни ҳал этиш учун бўляпти. Бошқа давлатларда шаклланган давлат бюджетининг маълум бир маблағини овозга қўйган ҳолда нимага йўналтиришни белгилаб беради. Бизда эса фарқли: давлат бюджетининг аниқ бир қисмини эмас, қўшимча тарзда ажратилган маблағ бўлади. Давлат ўз функциясини бажариб келмоқда, қўшимча имконият тарзида ташаббусли бюджет жорий қилинган.

— Отабек ака, ҳозир мана шу столда пайдо бўлган бир баҳсли вазият жамиятда бўлаётган баҳснинг бир кўриниши экани ҳақида юқорида айтдим. Хўш, сиз бир иқтисодчи, шу жамият вакили сифатида бу баҳс ҳақида қандай фикрдасиз?

Отабек Бакиров:

— 36 млн аҳолимиз, 20 млндан ортиқ овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларимиз бор ва 30 млрд доллардан ортиқ бюджетимиз бор. Онгли равишда масалага ёндашсак, 36 млн аҳолининг ҳар бирининг хоҳишини бир жойга жамлаш учун жуда қийин йўллардан бориш (яъни ҳамма бюджет жараёнида иштирок этиши) ёки вакиллик йўлидан (депутатлар) бориш мумкин, бутун дунёда энг камхаржли, қулай йўл шу ҳисобланади. Бунда бизнинг вакиллар бизнинг номдан шаклланган давлат бюджети маблағларини тақсимлайди. Бизда ҳали бюджет тақсимотида вакиллигимиз орқали ёки эркин сайлов орқали дахлдорлигимиз минимумда экан, ташаббусли бюджет жараёнида лойиҳаларни танлаш, молиялатиришдаги иштирокимиз бизга берилган қанақадир имконият.

Бу йилги ташаббусли бюджет учун 8 трлн маблағ ажратилиши керак. Баҳордаги босқич учун эса 1,7 трлн маблағ ажратилган. Энди биз нега ўз ихтиёримизга берилган 1,7 трлн маблағдан воз кечишимиз керак? Шунинг учун ҳам ташаббусли бюджет лойиҳасига нисбатан давлатнинг ўзи қилсин деган нарсани қабул қилолмайман.

Ўтган йили биринчи ва иккинчи мавсумда жамият, иқтисодиётимиздаги жуда кўп муаммоларни очиб берди. Ўқитувчиларнинг, шифокор-ҳамшираларнинг мажбурий овоз йиғишга жалб қилинаётгани ташаббусли бюджет муаммосими ёки мажбурий меҳнат муаммосими — шуни ҳал қилиб олиш керак. Бундан ташқари, мактаблар ва шифохоналардаги моддий-техник база муаммолари ташаббусли бюджетникими ё иқтисодиётимизникими? Мактаблар тизимида қолдиқ молиялаштириш муаммоси бор экан, яъни ортган маблағ берилади. Ўқитувчиларни, шифокорларни ким мажбур қиляпти овоз тўплашга, деган очиқ савол ҳам бор. Мана шундай муаммоларни очиб беряпти. Таълим ва тиббиёт тизимларидаги вертикал бошқарувни маҳаллий ҳокимликларга топшириб қўйдик. Ҳеч қайси ўқитувчи мактаб бўйича ташаббус бермайди. У маҳалласи бўйича, ичимлик суви, йўл бўйича ташаббусни ёритиши мумкин. Айнан ташаббусли бюджет бошқа муаммоларимиз борлигини ҳам кўрсатиб беряпти.

1993 йилда Қирғизистондаги парламент сайловларида номзодлар аҳолидан овоз йиғишнинг турли усулларини қўллаган. Ўша пайтдаги совет тузумидан чиққан одамлар учун ёввойи ҳолат кўринган бу, овоз сотиб олишга уриниш деб қабул қилинган. Бора-бора умумий қабул қилинган меъёрларга кирди бу нарса. Сайловчиларга ўз қарашлари, позицияларни етказиш учун маблағ сарфланади. Хоҳлаймизми, йўқми, қайсидир ғояни, лойиҳани илгари суриш учун электоратга мурожаат қилишга мажбурмиз. Мурождат қилишнинг эса ҳар хил шакллари бор: бир литр ёғ бериш, кола бериш... Ҳар хил. Одамлар овозининг қадри ошяпти. Фақат биз ҳали буни қабул қилолганимиз йўқ. Кейинги йилга бориб яна ҳам қадри ошади овознинг. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, бугунгача 12,2 млн одам овоз берган, Ўзбекистон аҳолисининг 1/3 қисми. Фарғонада 1,5 млн бўлибди, аҳолининг 50 фоизи дегани. Сўнгги 30 йил ичида аҳолини бу даражада қамраб олган ижтимоий воқелик бўлгани йўқ.

— Бугун тармоқ фойдаланувчилари лойиҳага оид бир масалада икки томонга бўлинганки, бир томон лойиҳадан ижтимоий соҳа объектлари: мактаб, шифохона ва спорт мактаблари қурилиши, таъмири учун овоз йиғиш чиқариб ташланиши керак, дейди. Яъни ижтимоий объектларни қуриш ва таъмирлаш – давлатнинг вазифаси. Бу ишларни унинг ўзи қилсин, қўпол қилиб айтганда, одамларни сарсон қилмасин. Айримлар эса аксинча, буни лойиҳанинг бу қисми сифатида маъқуллайди.

Хўш, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ижтимоий объектлар учун овоз йиғишни тўхтатиш керакми?

Умид Ғофуров:

— Агар ижтимоий соҳа объектларини лойиҳадан олиб ташласа, ажратилган 8 трлн маблағ ҳам камайтириладими ёки жойида қоладими? Мана шундан келиб чиқиш керак, яъни олдин режасини билишимиз лозим.

Умуман, лойиҳага қарши эмасман, лекин айтганимдек, ҳозирги кўриниши ғалати. Танлов турибди одамларда: биттаси сув керак дейди, иккинчиси электр керак деяпти. Иккисидан бирини танлашга мажбурмиз. Худдики, кўп чўкаётган одамлар орасида биттасига ёрдам бериш мумкиндек. Ижтимоий соҳа объектларини давлатнинг ўзи қилиши керак, лекин назорат қилиб туриш тизими ҳам керак. Ташаббусли бюджетнинг яхши томони ютилган лойиҳани одамлар назорат қилиши мумкин. Аслида, бутун Ўзбекистонда хоҳ ташаббусли бўлсин, хоҳ ташаббуссиз, одамлар текшириши керак.

Яъни юқорида айтганимдек, очиқ тизимда текшириш, маълумотларни кўриш имкони бўлиши керак одамларда. Демоқчиманки, ижтимоий соҳа объектларини олиб ташласа ҳам, жамоатчилик назоратини қолдириш керак. Яъни одамларда ҳам бюджет пулларини назорат қилиш тушунчаси бўлса, олиб ташлаш мумкин бўлади. Ҳозир қўйилаётган лойиҳаларнинг муҳимлик даражалари ҳам ҳар хил. Бир лойиҳа қуёш панели ўрнатиш бўлса, иккинчиси сув олиб келиш, бу ерда сув бирламчи бўлади. Шу нарсани ҳам қандайдир тартибга солиш керак, менимча.

Отабек Бакиров:

— Биз туғилганимиздан бошлаб танлашга мажбурмиз. Овқатланишдан тортиб транспортдан фойдаланишгача имкониятлардан келиб чиқиб танлашга мажбурмиз. Ўзбекистоннинг ҳозирги имкониятларида ҳам биз танлашга мажбурмиз. Идеал шаклда Умид Ғофуров айтгандай бўлиши керак. Бундай идеал қачонки сиёсий ислоҳотлар юз берса бўлади. Яъни парламентни эркин сайловлар асосида Ўзбекистон фуқаролари шакллантирса, ўшанда жамоатчилик назорати бўлади. Ҳозир биз 96 фоиз бюджет пулига дахлдорлигимизни ҳис қилмаяпмиз, атиги 4 фоиз ёки ундан камроғига дахлдорлик бўляпти.

Ташаббусли бюджетдан ижтимоий соҳа объектларини чиқариб ташлайлик, деган чақириқлар кўп янграяпти. Ўқитувчи ва шифокорлар жуда катта овоз берувчилар ҳисобланади. Агар биз бу соҳаларни чиқариб ташласак, ҳозирги тизим билан маҳаллий ва Олий Мажлис депутатлари орқали муаммоларни ҳал қилолмаймиз, чунки вертикал шаклланмаган. Ўзаро назорат тизими йўқ, улар бизнинг вакиллар эмас, қўпол қилиб айтганда. Шунинг учун ҳам чиқариб ташлаш хато бўлади.

Ҳозир туман вилоят бюджетларининг 30 фоизи ташаббусли бюджетга ажратиляпти. Агар биз шуни 50 фоизга чиқаролсак, янаям кўпроқ аҳолини ва муаммоларни қамраб олади. «Davletovuz» каналида тиббиёт ва мактаб муассасаларида қуёш панелларини ўрнатиш бўйича лойиҳалар ҳам илгари сурилаётгани ҳақида хабар жойланди. Бу нарса фуқаролардан чиқмаяпти, маъмурий илдизлари бор бунинг. Лекин қайсидир фуқаро шуни истаб қолиши мумкин-ку қачондир. Камчилик бўлиши мумкин, лекин истисно қилмаслик керак. Эркин сайловларга ўтмайдиган ҳолатда менинг идеалим шуки, ташаббусли бюджетга ажратилаётган маблағларни доимий ошириб бориш йўлидан юриш. Яъни тўхташ ва чегаралаш тарафдори эмасман.

Азимжон Ҳасанов:

— Бу масалани ҳам ўрганиб чиқяпмиз. Халқаро доирада Россия тажрибасида мактаблар учун алоҳида ташаббусли бюджет доирасида йўналиш бор. Яъни мактаблар учун алоҳида маблағ ажратилади лойиҳа ичида. Бу каби лойиҳалар ҳам бир қанча. Биз ҳам бир қанча таклифларни ишлаб чиқдик ва ўрганилмоқда.

Ижтимоий соҳа объектларини олиб ташласак, худди оғриқли жойни шунчаки кесиб ташлагандек бўламиз. Муаммо ҳал бўлиб қолмайди чеклаш билан, муаммо илдизи бу ерда эмас. Ишониб айтоламанки, ўқитувчи ва шифокорларга мажбурий овоз йиғдириш ҳолати шунга ўхшаш бошқа ижтимоий соҳада ҳам бўлар эди. Биз фуқароларнинг ижтимоий онгини оширишимиз керак. Ҳар бир фуқаро ихтиёрий овоз бериш ҳуқуқи борлигини билиши лозим. Шундагина мажбурий овоз йиғиш, маъмурий аралашувлар олди олинади. Жорий йил учун тасдиқланган давлат дастурида ҳам ташаббусли бюджет жараёнларини холис овоз бериш маъмурий аралашувларсиз ташкил этиш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигига топшириқ берилган. Бу бўйича таклифлар ишлаб чиқяпмиз. Юқорида айтилган ижтимоий соҳани чеклаш каби таклифлар ҳам бор улар орасида.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар