• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

«Шум бола» барча даврларнинг энг яхши болалар китоблари рўйхатига киритилди

Фото: Кутубхона

Буюк Британиянинг BBC нашри барча даврларнинг 100 та энг яхши болалар китоби рўйхатини тузди. Рейтинг бутун дунё бўйлаб болалар ёзувчилари, иллюстраторлар, муҳаррирлар, нашриётлар, кутубхоначилар ва китобхонлар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида тузилган.

Биринчи ўринни америкалик ёзувчи Морис Сендакнинг 1963 йилда нашр қилинган «Махлуқлар яшайдиган манзил» (Where the Wild Things Are) эртаги эгаллади. Сўровда иштирок этганларнинг 7 фоизи уни «энг яхши китоб» деб ҳисоблади.

Иккинчи ўринда британиялик ёзувчи Люис Кэрроллнинг «Алиса мўъжизалар мамлакатида» (Alice's Adventures in Wonderland, 1865) китоби, учинчи ўринда швециялик ёзувчи Астрид Линдгреннинг «Пеппи – узун пайпоқча» (Pippi Longstocking, 1945) асари қайд этилди.

Рўйхатда ўзбекистонлик адиб Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» (1936) асари ҳам бор. У 73-ўриндан жой олган.

Шунингдек, 100 та энг яхши болалар китоблари рўйхатига «Кичкина Шаҳзода», «Ҳоббит», «Винни-Момиқ», «Ҳарри Поттер ва ҳикматлар тоши», «Чарли ва шоколад фабрикаси», «Пиноккио саргузаштлари», «Ака-ука Гримм эртаклари», «Узуклар ҳукмдори», «Хазиналар ороли», «Чиполлино саргузаштлари», «Паддингтон исмли айиқ», «Томда яшовчи Карлссон», «Шляпали мушук», «Оз мамлакатидан келган афсунгар» каби китоблар ҳам кирган.

Ғафур Ғулом – ўзбек шоири, публицист, 1903 йилда Тошкентда туғилиб, 1966 йилда вафот этган. «Қўқон-батрак», «Йўлдош» поэмалари, «Нетай», «Шум бола», «Ёдгор», «Тирилган мурда» қиссалари, кўплаб шеърий тўпламлари, дурдона асарларнинг таржималари билан машҳур. У ижодий ютуқлари учун бир қанча давлат мукофотларига сазовор бўлган.

“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар