• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17.2°C
Detail image

Шоҳжаҳон Эргашевга рақиб топилмайдиган кўринади

Хабарингиз бор, профессионал бокснинг IBF ташкилоти супер енгил вазн тоифасида (63,5 кг) элиминатор жангида иштирок этиш учун ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашевга рақиб изламоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ташкилот 13-ўриндаги Ричардсон Ҳитчинс вариантида тўхтагани айтилган эди.

Биз бу борадаги янгиликларни билиш учун машҳур хорижий бокс нашри - Boxingscene.com сайти журналисти Жейк Донован билан боғландик.

"Мен ушбу ҳафтада деярли ҳар куни IBFʼдан бу борада янгилик борлигини сўраб турдим. Менимча улар катта эҳтимол билан барча топ 15 ликни кўриб чиқишди ва жангни қабул қилувчи боксчини топа олишмаган кўринади", - дейди Жейк Донован.

Баъзи боксчилар бошқа жанглари борлиги, бошқалари эса жароҳат ёки турли сабабларга кўра жангни қабул қилмаяпти. Нима учун бундай ҳолат бўлаётганлигига эса журналист қуйидагича ўз фикрини билдирди.

"Кўп боксчилар IBF қоидалари бўйича жанг куни ҳам вазн меъёри текширувини ёқтиришмайди. Улар айниқса чемпионлик жангларида бу тўсиқ бўлади, деб ҳисоблайдилар ва қолаверса буни шунчаки элиминатор жанги учун ҳам қилишни ҳуш кўришмайди.

Шунингдек, Эргашев кучли, лекин кам эътиборга эга бўлган жангчи. Бу очиқ промоутерлик савдосигача борганда ҳам у қадар катта маблағ олиб келмайди", - дея қўшимча қилди Донован.

Маълумот учун, бошқа йўналишлардан фарқли ўлароқ, IBF ташкилоти жанг кунида ҳам боксчилар вазн тоифаси меъёридан 4.5 кгдан кўп ошиб кетмаслиги учун вазн текширувини ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, супер енгил вазн тоифасида IBF чемпионлик камари эгаси Пуэрто Рико вакили Сарбиель Матиасга тегишли.

“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар