• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +7°C
Detail image
Шомуродов Германия, Испания ва Франция клубларига қаерда ўйнашини айтди!
Қишки трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида Элдор Шомуродовни ўз сафида кўрмоқчи бўлаётган клублар сафи анча кенгайиб кетди.

Италиянинг бир неча клубларидан ташқари Германиядан “Байер”, Испаниядан “Вальядолид”, Франциядан “Лилль” ва “Ренн” жамоалари “Рома”да ўйин амалиёти тақдим этилмаётган ҳужумчи учун курашга қўшилган эди.

Sky Sport нашрининг маълум қилишича, Элдор Шомуродов фаолиятини Италия чемпионатида давом эттиришини яна бир карра таъкидлаганидан кейин юқори номи келтирилган хориж клублари ўзбек ҳужумчисидан умидини узди. Бу маълумотни машҳур инсайдер Николо Скира ҳам тасдиқлади.

- Элдор Шомуродов учта хорижий давлатдан тушган катта таклифларни рад этди. У А Серияда қолишни истайди. “Рома”дан кетишга тайёр. “Специя”, “Торино” ва “Кремонезе” футболчи билан шартнома имзолаш учун ўзаро рақобатлашмоқда, - деб ёзди Николо Скира.

Дарҳақиқат, “Рома” спорт директори Тьягу Пинто юқорида номи келтирилган жамоалар билан музокара олиб бораётгани ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда. Катта эҳтимол билан римликлар Шомуродовлар кейинчалик сотиб олиш мажбурияти ёки ҳуқуқи билан уни мавсум охиригача ижарага бериши кутилмоқда.

“Валенсия” трансфер масаласини ёзга қолдирди

“Рома” ҳужумкор футболчиси Жастин Клюйверт мавсум бошидан бери “Валенсия”да ижара асосида тўп тепмоқда.

Испан клуби бош мураббийи Женнаро Гаттузо нидерландиялик футболчининг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилиб, клуб мутасаддиларидан уни тўлиқ трансфер қилишни сўраган.

“Валенсия” раҳбарияти бу борада “Рома” спорт директори Тьягу Пинто билан музокарага киришган эди. Бошида пойтахтликлар ўзларига керак бўлмай қолган ўйинчи учун испанлардан 10 миллион евро бадал пули талаб қилди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, “Валенсия” охириги паллада трансферни амалга оширмасликка қарор қилган. Испанияликлар бу масалани мавсум якунлангач, ёзги трансферлар даврида хотиржам муҳокама қилмоқчи.

Жастин Клюверт жорий мавсумда Ла Лигада 13 та учрашувда майдонга тушиб, “Осасуна”, “Бетис” ва “Альмерия” жамоалари дарвозасига биттадан тўп киритган. Нидерландиялик ҳужумчи гол урган ўйинларда “Валенсия” иккита ғалаба ва битта дуранг қайд этган.

Фақат битта трансфер ўхшаши мумкин

“Рома” спорт директори Тьягу Пинто клуб футболчиларига оғиз солаётган жамоаларнинг ҳаммасига бир хил талаб қўймоқда. Унга кўра, харидор жамоалар ўзларига керак футболчи учун қишки трансферлар вақтида белгиланган бадал пулини тўлиқ тўлаши ёки аввалига мавсум охиригача ижарага олиб, ёзда тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш мажбуриятини бўйнига олишни сўрамоқда.

Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов, Рик Карсдорп ва кетишга чоғланган бошқа футболчиларнинг йўлини айнан мана шу талаб тўсиб турибди.

Ҳозирча, фақатгина Матиас Вина трансферида олдинга силжиш кузатилмоқда. Англиянинг “Борнмут” клуби уругвайлик ҳимоячини мавсум охиригача бир миллион евро эвазига ижарага олиб, кейин ўзаро келишилган лекин омма эътиборидан сир тутилаётган суммага унинг трансферини тўлиқ сотиб олишга кўнгани айтилмоқда.

Жаҳон чемпионатида иштирок этган Винанинг ўзи ҳам Рим клубида етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани боис, Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтишга тайёрлигини яширмаяпти. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар