• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23.9°C
Detail image
Фото: Рамзон Қодировнинг телеграм каналидан
Ўтган ҳафта охирларидан буён интернетда Рамзон Қодировнинг саломатлиги кескин ёмонлашгани, у комага тушиб қолгани, ҳаттоки ўлгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Чеченистон раҳбарининг «оғир аҳволда» экани ҳақида Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Андрий Юсов ҳам хабар берди.

Рамзон Қодировга тегишли бизнес-жет сентябр ойи бошидан буён уч марта Москва томон парвоз қилган. Бу миш-мишлар фонида 17 сентябр куни Рамзон Қодиров юритадиган Телеграм-каналда унинг ўзи чиққан видео эълон қилинди. Ўз чиқишида у «ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмайдиганлар»га тоза ҳавода сайр қилишни тавсия қилган. Бироқ Чеченистон раҳбари ўз саломатлиги ҳақида ҳеч нарса демаган.

Хўш, бу хабарлар қандай пайдо бўлди ва уларда асос борми?

Рамзон Қодировнинг сломатлиги кескин ёмонлашгани ҳақидаги дастлабки хабар 15 сентябрга ўтар кечаси пайдо бўлди. Чеченистоннинг мухолифатдаги NIYSO телеграм канали Қодиров гўёки комага тушиб қолганини ёзиб чиқди. Шунда Украинанинг «Обозревател» нашри чечен диаспорасидаги манбаларига таяниб, Чеченистон раҳбари бир неча кундан бери комада эканини ёзди. Нашрнинг таъкидлашича, Қодировни самолётда Москвага элтишган, бироқ пойтахтлик врачлар унга ёрдам бера олишмаган, энди уни хорижда даволаш учун олиб бориш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Кейинроқ Украина бош разведка бошқармаси вакили Андрий Юсов нашрга Чеченистон раҳбари «критик аҳволда» эканини тасдиқлаган. Юсовнинг сўзларига кўра, бундай маълумотлар тиббий ва сиёсий доиралардаги турли манбалардан келган. Тез орада чеченистонлик ҳуқуқбон ва мухолифатчи Абубакар Янгулбаев Рамзон Қодиров ўлганини эълон қилди. Бироқ, ҳеч қандай исбот келтиргани йўқ.

Шундан сўнг Қодиров ва унинг ёрдамчиси Умар Даудовнинг ижтимоий тармоқларида қисқа видео эълон қилинди. Унда Чеченистон раҳбари ўз яқинлари даврасида орқа томондан кўрсатилган. Бу кадрлар қачон ва қаерда олингани очиқланмаган, бу эса саволларни янада кўпайтирган.

17 сентябр куни Чеченистон раҳбарининг телеграм каналида унинг паркда сайр қилаётгани тасвирланган янги видео эълон қилинди. Қодиров асфалтланган йўлак бўйлаб, яхши кайфиятда одимлаб бораётгани кўринган ва у Қуръон тинглаётганини айтган. ОАВдагилар видео Қодировнинг Грозний шаҳридаги қароргоҳида олинганини тахмин қилишди, лекин у қачон олингани номаълум.

«Интернетда ўтирган ва ҳақиқат ва ёлғонни ажрата олмайдиган барчага тоза ҳавода сайёр қилиб, хаёлларини бир жойга келтириб олишни маслаҳат бераман. Ёмғир жуда тетиклаштиради», — дейилади видеога шарҳда.

Қодиров иштирок этган ва санасини аниқлаш мумкин бўлган сўнгги видео 1 сентябр куни тасвирга олинган. Ўшанда Чеченистон раҳбари мактаб линейкасида иштирок этган. Сентябр ойида эълон қилинган қолган видеоларда Қодиров бирор сўз айтмаган, улар туширилган санани ҳам аниқлаб бўлмайди.

Қодировнинг саломатлиги тўғрисидаги миш-мишларни унга тегишли безнес-жет якшанба куни кечқурун Грознийдан Москвага келгани тўғрисидаги маълумот янада кучайтирди. Сентябр ойи бошидан буён бу самолёт уч марта — 6, 9, 15 сентябр кунлари Грознийдан Москва томон учган. Ўз навбатида, ВЧК-ОГПУ телеграм канали ўз манбасига таяниб, 17 сентябр куни эрталабдан Москвадаги президент ишлари бошқармаси тасарруфидаги Марказий клиник шифохонага Чеченистон авторақамига эга машиналар кириб-чиқаётганини хабар қилди. «Бир соат ичида МКШга қуйидаги «чечен» машиналари кириб кетди: иккита қўриқчилар машинаси қуршовидаги Майбах, Порш Кайен, тўртта Гелендваген, иккита BMW ва ҳ.к.», — деб ёзди телеграм-канал.

Журналист Алексей Венедиктов душанба куни Рамзон Қодировда «типик буйрак етишмовчилиги борлиги, шу сабабли тез-тез гемодиализ олиши кераклиги, МКШда айнан шу нарса рўй бераётгани»ни ёзди.

2023 йил ёзида ҳам интернетда Рамзон Қодиров оғир бетоблиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Бу ҳақда жумладан, чечен мухолифатчиси Тумсо Абдураҳмонов ёзганди. У Қодиров диализ билан тириклигини таъкидлаганди. Буни Рамзон Қодиров тезда рад этиб чиққанди. Бунгача март ойида Германиянинг Bild нашри Қодировнинг саломатлик билан боғлиқ муаммоларга дучор бўлганини хабар қилган эди. Нашр сўнгги ойлар ичида у кескин вазн тўплагани, «семириб кетгандек» кўринаётгани, ўз видеоларида ҳаттоки кўзини очишга ҳам қийналаётганини таъкидлаган. Газетанинг қайд этишича, Қодиров даволаниш учун БААдан врач чақирган, чунки у Москвадаги врачларга ишонмайди. Bild нашри Қодиров вақти-вақти билан «стимуляторлар сабаб» серғайрат ва ҳаракатчан кўринишга эга бўлиши ва гўёки у «стимуляторлар ва бошқа таблеткаларга боғланиб қолган»ини ҳам қўшимча қилган.

“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар