

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров оғир хасталик ҳақидаги миш-мишлар ортидан янги видеони эълон қилди. У ўзининг Telegram каналида Москвада эканини ёзган.
“Москвага иш сафари доирасида фуқаро мудофааси, фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш вазири Александр Куренков билан учрашдим”, — дейилади хабарда.
Видео алоҳида қисмлардан иборат бўлиб, уларнинг овози аудио трек шаклида алоҳида жойлаштирилган. Куренков Қодировга Чеченистон ҳудудларини миналардан тозалаш суръати ҳақида гапирган.
Бундан аввалроқ Қодиров касаллиги ҳақидаги миш-мишлар фонида иккита видео эълон қилганди. Улардан бирида Чеченистон раҳбари ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмаганларга “тоза ҳавода сайр қилишни” тавсия қилган.
Иккинчи видеода эса соғлом экани, Москвадаги клиник шифохонага амакисининг ҳолидан хабар олишга келганини айтган.
Чеченистон раҳбарининг касаллиги ҳақидаги миш-мишлар
Қодировнинг соғлиғи кескин ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар 2023 йилнинг баҳорида пайдо бўлганди. Бунга Чеченистон раҳбарининг ўзгарган қиёфаси сабаб бўлган. Жумладан, у жуда кўп вазн олган, юзлари шишган ва носоғлом кўринишга эга бўлган. Шундан сўнг буйрак билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги версиялар пайдо бўлган. Муаммолар заҳарланиш натижасида юзага келгани ҳақида миш-мишлар тарқалган.
Манбаларнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Чеченистон раҳбари кўп вақтини хорижда ўтказиб, республикани бошқаришдан узоқлашмоқда. Ўз навбатида, Рамзан Қодиров бедаво дардга чалингани ҳақидаги миш-мишларни рад этиб келади.
У аввалгидек спорт билан шуғулланиши, тоғларга чиқиши, Чеченистонни ривожлантиришдаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш билан шуғулланаётганини таъкидлаганди. Бундан ташқари, у қўлида тиббий асбоб эмас, балки электрон тасбеҳ борлигини тушунтирган.