• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.6°C
Detail image
Қозоғистон иқтисодиёти энди нима бўлади?
Қозоғистондаги воқеалар мамлакат тараққиётида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Бу ҳақида «Дарё» танишиб чиққан «Ренессанс Капитал» ҳисоботида айтилади.

Бу босқич иқтисодиётнинг жадал ўсишига, уй-жой қурилиши ва молия сектори ривожланишига олиб келиши мумкин.

Омонатчилар қочиб кетиши ва жамғармалар хорижий валютага конвертация қилинишининг олдини олиш мақсадида банклар ва бошқа молия институтлари иши тўхтатилган эди.

Валюта савдоси тўхтатилиши муносабати билан миллий валюта курси барқарорлигича қолди, бироқ Қозоғистон валютаси уч фоизга (бир доллар учун 435–440 тенгегача) заифлашиши прогноз қилинмоқда.

Банк сектори беқарорлашуви бўйича жиддий хавф кўрмаяпмиз, бироқ чакана кредитлашда динамик ўсиш имкониятини кутяпмиз, — дейилади ҳисоботда.

Таҳлилчилар бюджет кўрсаткичлари бўйича сезиларли хавфни кўрмаяпти ва ўрта истиқболда харажатларни молиялаштириш учун солиқ юки оширилишини кутмоқдалар.

Қозоғистоннинг давлат қарзи минтақадаги бошқа нефть экспортчилариники каби,нисбатан кичик (ЯИМнинг, тахминан, 30 фоизи).

Халқаро захиралар 11 ойлик импорт ҳажмини қоплайди ва пул бозори ҳамда тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш учун барча воситалар мавжуд.

Бизнес мамлакат бўйлаб аста-секин ўз фаолиятини тикламоқда. Миллий валютадаги тўловлар тизими фаолияти, умуман, нормал ҳолатга қайтди, хорижий валютада савдо ишлари кеча тикланди.

Қозоғистон тадбиркорлари миллий палатаси ўтган ҳафтада кўрилган зарарни 94 млрд тенгега (тахминан, 215 млн долларга) баҳолаган. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳаси, жумладан, кичик ва ўрта бизнес, шунингдек, транспорт соҳаси зарар кўрди. Президент аллақачон бу зарарни қисман қоплашга ваъда берган.

«Ренессанс Капитал», умуман олганда, бизнес муҳити ва маҳаллий валюта нуқтаи назаридан баъзи ён тасирлар бўлади, деб ҳисоблайди, аммо бу иқтисодий ўсиш ва барқарорликка таъсир қилмаслиги керак.

Бюджет сиёсатининг юмшатилиши, ҳатто (ёқилғи ва бошқа бир қатор ижтимоий аҳамиятга эга товарлар учун) нархлар қўшимча тартибга солинишига қарамай, инфляция янада барқарор бўлишига олиб келади.

Мутахассислар пандемия оқибатларини ижобий бартараф қилган Миллий банк молиявий барқарорликни сақлаб қола олишидан умид қилмоқда.

Умуман олганда, Қозоғистон учун 2022 йилга мўлжалланган иқтисодий ўсиш прогнози деярли ўзгармади — ЯИМ 5,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Фоиз ставкаларининг ошиши молия тизимига оғир таъсир қилиши мумкин, лекин ўрта истиқболда банк сектори фақат иқтисодиётни фискал рағбатлантиришдан фойда кўради.

Савдо баланси, бюджет ва халқаро захиралар кўрсаткичи ҳали ҳам барқарор.

Бошқа таҳлилчилар ҳам шунга ўхшаш фикрда — S&P агентлиги норозилик намойишлари ва ҳукумат алмашинуви мамлакатдаги кредит рейтингига салбий таъсир кўрсатмаслиги кераклигини қайд этган.

Ўзбекистонга қандай таъсир ўтказиши борасида «Ренессанс Капитал» Ўзбекистон иқтисодиёти учун жиддий иқтисодий оқибатлар бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Лекин айрим маҳсулотларни транзит қилишда кечикишлар бўлиши мумкин. Импорт қилинган гўштни етказиб беришда шундай бўлди ҳам, бироқ яқин келажакда вазият нормаллашиши кутилмоқда. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар