• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +2.4°C
Detail image
Нур-Султон номини қайта Остонага ўзгартириш борасидаги петиция 80 мингдан ортиқ имзо тўплади
Фото: «Astana.gov.kz»
Қозоғистон пойтахти Нур-Султон номини қайта Остона деб номлаш борасидаги петиция 80 мингдан ортиқ имзо тўплади ва уларнинг сони соат сайин ортиб бормоқда, деб хабар беради «Fergana.ru». Ташаббусни Данияр Буркутбаев исмли фуқаро «Egov.press» сайтига 11 январь кечаси жойлаштирган.

«2019 йилнинг мартида Қозоғистон президентининг қарори билан мамлакатимиз пойтахти Остона Нур-Султонга ўзгартирилди. Мазкур қарор ижтимоий тармоқларда ва оддий одамлар ҳаётида салбий қабул қилинади, кундалик ҳаётда олдинги номи қўлланмоқда. Жамиятнинг кайфиятини инобатга олган ҳолда Қозоғистон президенти, ҳукумат ва парламентдан мамлакатга пойтахтнинг олдинги номи — Остонани қайтаришни сўраймиз. Бундан ташқари, барча шаҳарлардаги маҳаллий бошқарув органларидан Назарбоев номи қўйилган кўчаларга бизнинг давлатчилигимиз, бирдамлигимиз ҳамда мустақиллигимизни ифода эгадиган нейтрал ном беришларини сўраймиз. Масалан, Олмаота шаҳридаги Назарбоев кўчасини Республика катта кўчасига ўзгартириш мумкин», — дейилади петицияда.

Таъкидланишича, бу каби ташаббуслар сўнгги кунларда кўпайган. Хусусан «Avazz.org» сайтида ҳам худди шундай петиция пайдо бўлган. Айни вақтда уни 2 мингдан ортиқ одам имзолаган.

Маълумот учун, пойтахтни Олмаотадан Оқмолага кўчириш тўғрисидаги қарор Қозоғистон Республикаси олий кенгаши томонидан 1994 йил 6 июлда қабул қилинган. 1998 йил 6 майда Оқмола номи Остона дея ўзгартирилган. 2019 йилнинг мартида Қозоғистон президенти вазифасини бажаришга киришган Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат пойтахти Остона Нур-Султон номи билан аталиши кераклигини билдирганди. Ўша вақтда ҳам маҳаллий аҳоли пойтахтнинг номини ўзгартириш бўйича петиция уюштирганди. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар