• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image
Марказий банкнинг 2023 йилдаги илк анжуманида нималар айтилди?
2023 йил ҳисобидан регулятор ўтказган илк анжуманда аномал совуқнинг нархларга таъсири, геосиёсий вазият туфайли эришилмаган инфляция мақсади, олтиндан даромадлар, Uzсard ва Humo банкоматларининг интеграцияси ва Марказий банкнинг криптоактивларга муносабати каби қизиқ масалалар ҳақида сўз борди. Kun.uz анжуманда айтилган муҳим гапларни бир мақолага жамлади.

Тугаётган ҳафтада Марказий банк бошқаруви йиллик асосий ставкани 15 фоиз даражасида ўзгаришиз қолдириш тўғрисида қарор қабулқилди. Регулятор нега бу қарорга келгани, инфляцион хатарлар ва кутилмалар ҳамда режалар ҳақида матбуот анжуманида маълумот берилди.

Асосий маълумотлар:
- 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5–5 фоизга ўсиши ва йиллик инфляция 8,5–9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда;
- I чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиш эҳтимоли юқори;
- Uzcard ва Humo банкоматлари май ойигача интеграция қилиниши мумкин. Кейин Humo банкоматларидан Uzcard карталари орқали, Uzcard банкоматларидан Humo карталари орқали нақд пул ечиш мумкин бўлади;
- 2022 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банкнинг октябр ойидаги прогнозларига мос бўлиб, 5,7 фоизни ташкил этди;
- 2022 йилда пул ўтказмалари 2 баробарга ўсди. Бунинг икки сабаби келтирилмоқда: Россиядаги доллар ва рубл ўртасидаги кескин фарқ туфайли экспортёрлар пул ўтказмаларидан фойдаланган. Яна бир сабаб – Қозоғистон ва Қирғизистонда нақд долларга қўйилган чеклов ортидан қўшни давлат фуқаролари Ўзбекистонга пул ўтказмалари орқали доллар олган;
- Марказий банк 2024 йилда 5 фоизлик инфляцияга эришмоқчи.

Матбуот анжумани давомида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- Марказий банк 2022 йилда 8-9 фоизлик инфляцияга эриша олмади, 2023 йилда эриша оладими?
- 2022 йилда 8-9 фоизлик инфляцияни кутган эдик ва бутун хатти-ҳаракатимиз шунга қаратилганди. Лекин геосиёсий ўзгаришлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда инфляция юқори даражада шаклланишига олиб келди. Европада, ривожланган давлатларда 2 хонали инфляция кузатилди. Ривожланган давлатларда 10 фоиздан юқори даражада шаклланди. Бунақа шароитда биз очилдик, ўзимизда нархни паст ушлаб турамиз, инфляцияни пасайтирамиз, деган хатти-ҳаракат қилишимиз нотўғри. Фақат монетар инструментларимиз билан инфляция ўсишига маълум жиҳатдан таъсир кўрсатишимиз мумкин.

Рақамларга қарасак, йил якуни бўйича [инфляция] Қозоғизтонда 19,6 фоизга яқин шаклланди. Бошқа қўшни давлатлар – Қирғизистон, Тожикистонда ҳам маълум жиҳатдан юқори бўлди. Ушбу шароитда хоҳлаймизми, йўқми инфляция бир давлатдан иккинчи давлатга оқиб ўтади. Шу сабабли биз бу йил 8-9 фоизлик инфляция даражасига эриша олмадик.

2023 йилдаги 8,5-9,5 фоизга эришиш учун ҳам қаттиқ пул-кредит сиёсатини олиб бориш керак бўлади, чунки геосиёсий хатарлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Жаҳон иқтисодиёти глобал ўсишнинг пасайиш прогнози ҳам бизга таъсир қилади. Нархларни ушлаб туриш мумкинми деган масала жуда нозик – бу иқтисодий ўсишни тўхтатиб қўяди. Мақсадимиз – иқтисодий барқарорликни сақлаб қолган ҳолда максимал даражада монетар ва номонетар омиллар таъсирини камайтириб бориш ва инфляцияни пасайтиришга эришиш. 2024 йилда 5 фоизлик инфляцияга эришмоқчимиз.

– Аномал совуқ келгусида нархлар ошишига таъсир қиладими?
– Аномал совуқ узоқ таъсир қиладиган омил эмас. Биздаги ўрганишлар январ ойидаги нархларнинг ўсиши кейинги ойлардан барқарорлашишини кўрсатяпти. Марказий банк ўзининг инструментлари орқали нархларга таъсир қила оладими, деган масалага келсак, бизда аномал совуқ туфайли бевосита нархларнинг ўзгаришига таъсир қиладиган дастакларимиз йўқ.

– Марказий банк олтин қуймаларидан фойда оладими?
– Марказий банкда турган олтин қуймалардан биз даромад олмаймиз. Айрим операцияларимиз бор: олтинни четга олиб, депозитга қўйиб даромад олишимиз мумкин. У операцияларни маълум даврда амалга оширамиз. Агар биз олтин нархи кўтарилишини кутаётган бўлсак, сотиш учун мўлжалланган олтинимизни четга олиб сотишимиз мумкин. Асосий олтин бўйича даромадларимизни нарх ўзгариши ҳисобидан оламиз. Масалан, биз олтинни ҳар ойда ўртача шаклланган нарх бўйича сотиб оламиз. Сотиб олган нархимиздан юқори нархда сотишимиз бизга қўшимча даромад беради. 2022 йилни якунлаганимиз йўқ. Олтинни сотиш ва сотиб олишдан 2021 йилда Марказий банк 300 миллион доллар эквивалентида даромад олди.

- Марказий банкнинг криптоактивларга муносабати қандай?
- Марказий банк криптоактивлар масаласига бутун дунё каби жуда консерватив ёндашади. Биз криптовалютани қиммат актив деб ҳисобламаймиз ва унга муносабатимиз салбий.

- Мир карталарини қабул қилиш қачон тикланади?
- Мир карталари тикланиши ёки тикланмаслиги тижорат банкларининг маълум хатарлари билан боғлиқ. Хабарингиз бор, биз буни ўрганяпмиз. Қозоғистон Америка санкцияларига тушмаслик учун тўхтатиб турибди. Бу масалани тижорат банклари ташлаб қўйгани йўқ. Қозоғистонда рухсат берилди деган маънода хабар эшитдик. Банклар имкон қадар шароит яратиб беришга ҳаракат қилишяпти. Россиядан келадиган туристлар ва вақтинча яшайдиган фуқароларга шароит яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз.

Маълумот учун, 23 сентябрдан бошлаб Uzcard ягона республика процессинг маркази техник сабабларга кўра Россиянинг Мир тўлов тизими карталарини Ўзбекистонда, шу жумладан, кобейжинг карталарини хорижда қабул қилишни тўхтатди.

АҚШ Молия вазирлиги Мир тўлов тизими билан ишлагани учун санкциялар қўллашга тайёрлигини эълон қилганидан сўнг, Туркия, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон каби кўплаб мамлакатларда Россия карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган эди.

– Марказий банк 2024 йилда 5 фоизлик инфляцияга эришмоқчи. Аммо таҳлилчилар бу имконсизлигини айтмоқда.
– Бутун фаолиятимиз 2024 йилнинг иккинчи ярмига бориб 5 фоизлик инфляцияга эришишга қаратилган. 2021 йилда 8-9 фоизлик инфляция даражасига эриша олмаганимизни ҳам айтдим. Форс-мажор ҳолатлари, геосиёсий вазиятлар бўлиши мумкин, аммо бизнинг асосий стратегиямиз ва ўрта муддатдаги мақсадимиз – 2024 йилда 5 фоизлик инфляцияга эришиш. Олдиндан “ҳа, аниқ шу бўлади” дейиш қийин, чунки бугунги таҳлил эртага тўғри келмаяпти. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар